Жамият

Яхши давлат ҳақида

Бугун Қирғизистон парламентининг бир депутати ҳамкасб депутатлари ёки уларнинг ёрдамчилари оддий одамлар қатори жамоат транспортидан фойдаланишидан уялишини айтиб, депутатлар ва уларнинг маслаҳатчи ва ёдамчиларининг хизмат автомобильлардан фойдаланиш масаласини ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилишни таклиф этибди. Унинг айтишича, баъзи депутатларга берилган машиналардан бегона одамлар фойдаланиб юрган экан.

Сўнгги парламент сайловлари олдидан баъзи номзодлар, агар депутатликка сайланишса, хизмат автомобильи ва турар-жойдан воз кечишини айтишган эди. Ваъдасининг устидан чиққан баъзи депутатлар ростдан ҳам ишга ўзининг шахсий автомобильида, таксида ёки жамоат транспортида қатнашмоқда.

Бишкек шаҳрида, тўғриси, жамоат транспортини яхши дейиш қийин. Автобус ва троллейбуслар керагидан оз. Сўнгги 5-10 йил ичида ижобий томонга ўзгариш оз-моз сезилгани билан ҳалиям Бишкек кўчалари маршруткаларга тўлиб ётибди. Депутатлар ва оддий одамлар бошқа-бошқа транспорт воситаларидан фойдаланиши керак, деб ҳисоблайдиганлар бор экан, яқин орада вазият яхшиланишини кутмаса ҳам бўлади, шекилли.

Яхши (хоҳланг ривожланган денг, хоҳланг бошқа сўз топинг) давлатдаги шаҳарларнинг баъзи умумий белгилари бўлади. Масалан, текис ва равон йўллар, кўчаларнинг ёритилиши, тротуарлар ва ҳоказо. Бу рўйхатда жамоат транспорти алоҳида ўрин тутади. Яхши шаҳарда жамоат транспортида юриш шахсий автомобильда юришдан нафақат арзон, балки анча қулай ҳам бўлади. Яхши давлатнинг яна бир муҳим белгиси – депутатлар ва бошқа амалдорлар ўз давлати таклиф этаётган хизматлардан уялмайди.

Бизда жамоат транспортидан ким фойдаланади? Бошқа транспорт воситасидан фойдаланишга пули етмаган ноилож сайёдлар. Бизда давлат таклиф қилаётган тиббий хизматдан ким фойдаланади? Хусусий тиббиётга ёки чет элга чиқиб даволанишга пули етмайдиган «оддий» касаллар. Бизда давлат мактабида ким ўқийди? Яна ўша боласини хусусий мактабга беришга, чет элда ўқитишга қурби етмайдиган камбағалнинг болалари.

Бойлар ўз йўлига, юқори давлат лавозимида ишлайдиган одам жамоат транспортида юрганини, маҳаллий поликлиника хизматларидан фойдаланганини, боласи эл қатори умумий ўрта мактабга борганини кўрганмисиз? Санаш учун қўлдаги бармоқларнинг энг узуни кифоя қилди, тўғрими? Ойнаги қорайтирилган қиммат машиналарда юрадиган «халқ хизматчи ва вакиллари» касал бўлса чет элда даволанади, хотини, қизи, келини чет элда туғади, боласи катта бўлса Лондонда ўқийди ва ҳоказо… Хуллас, қолоқ (хоҳласангиз ёмон давлат деб атанг) давлатларга хос ҳамма белгилар мужассам.

Қачон бизда ҳам бош вазир ишга метрода ёки троллейбусда, шаҳар ҳокими автобус ёки велосипедда келишдан уялмайдиган, касал бўлса ўзимиздаги докторга боришдан қўрқмайдиган, боласининг келажагини ўзи яшаётган жойда кўрадиган замон келса, билингки, бизда ҳам яхши давлат белгилари пайдо бўла бошлабди. Унгача носоз автобусларда яхши ҳаёт, замон ва макон излашда давом этаверамиз.

Тэглар

Шу мавзуда