Жамият

Давлат ва давлат хизматчилари ҳақида

Давлат хизматлари - фуқароларнинг сифатли ҳаётини таъминлашга қаратилган хизматлардир, камбағаллар ноиложликдан фойдаланадиган хизматлар эмас.

Кечаги блогпостга Facebook’да Шерзод Давлатов деган дўстимиз қуйидагича фикр билдирилибди.

Qiziq, ha deb davlat amaldorlariga osilaverish, ularni avtobuzda yurishga qaysidir ma’noda majburlash nechog’lik to’g’ri ekan-a? Ular amaldor bo’lganliklari uchun ham, yaxshi o’qib shu darajaga yetganliklari uchun ajralib turishlari uchun ham shu BMW’larda yurib malakali tibbiy xizmat olishi kerakmasmikan?! Hamma birdek bo’lsa — davlatda tenglik avj olsa tirishqoqlik, havas, o’rnak olish dek odamni aqliy va jismoniy mehnatga undab turuvchi omillar yo’qolib qolmasmikan?! O’n yillab o’qib professor, hokim, vazir darajasiga yetganlar; biznesning qiyinchiliglariga dosh berib millioner va milliarder darajasiga yetganlar dangasa, piyonistalar bilan bir o’rindiqda yonmayon o’tirib ketganda atrofdagi o’sha dangasalarda «O’qib kim bo’lardim? Mana yillab o’qigan, sochini to’kib, burniga ikkita g’ildirakchani qo’ndirib olgan ham men bilan yonmayon ketayaptiku?! Nima qilaman o’zimni qiynab? Undan ko’ra kayfimni surib yuraman.», degan tuban hayollar uyg’onmasmikan?! Keyin jamiyatni dangasalar bosib ketganda davlatni boshqaradigan avlodlarimiz tenglikka o’rganib qolgan, dangasalar qo’lida qolib ketmasmikan?! Hozirgi zamonda insonni o’qishga, mehnat qilishga undab turuvchi asosiy omillardan biri — bu havas. O’zidan yuqori turmush tarziga erisha olgan insonlar darajasiga yetish yo’lidagi harakat insonni komillikka yetaklaydi. Bu masalani oddiy qabul qilish kerak va shu darajga inrilish kerak. Mehnat qilib cho’qqiga chiqib sara giyohlardan tatib ko’rayotgan echkiga ko’rolmaslik nazari bilan qarab, dangasalik qilib cho’qqiga chiqa olmay pasdan turib yuqoridagi echkini ham pasdagi giyohlardan yeyishga majbur qiluvchi nolishlar bilan jar solish oqil fikr emas, nazarimda. Bu masalaning davlat tuzumi faravonligi ya’ni siz aytgandek «yaxshi shahar» bo’lishga a’loqasi yo’q. Har bir gigant davlatlarda ham turmush darajalari mavjud. Bu o’zgarmas, davomli, tabir joiz bo’lsa kerakli sistema. Qo’lingizdagi smartfon yokida kompyuterdan foydalanishga erishshingizga sabab ham shu sistema mahsuli, aslida.

Бундай фикр нафақат Шерзод Давлатовга, балки бошқаларда ҳам борлигини ҳисобга олиб жавоб блогпости ёзишга қарор қилдим.

Гапни бошлашдан аввал давлат нима деган саволга аниқлик киритиб олсак. Чунки давлат ва давлат хизматчиси нимага кераклигини англамай туриб кечаги мавзуга тушуниш бироз мушкул. Гап шундаки, инсоният барча Товар ва хизматларни бозор механизмлари орқали ярата олмайди. Қатор товар ва хизматлар борки, буларни яратишни бозордан ташқари яна бир институт – давлатга топширамиз. Транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, мудофаа, хавфсизлик шулар жумласидан. Бу хизматларга ҳақни биз солиқлар орқали тўлаймиз. Уларни яратиш учун эса маълум муддатга давлат хизматчисини ёллаймиз. Технологиялар ривожи ортидан инсоният юқорида саналган ижтимоий товарларнинг айримларини бозорда яратишга киришмоқда ва келажакда бу яна давом этади. Таълим ва тиббиётда айниқса. Яъни давлат ва унинг хизматчиларига бўлган талаб камайиб бораверади. Бориб-бориб биз давлатни умуман ҳис қилмайдиган даражага етамиз. У мавжуд, хизмати аъло даражада, лекин ўзи кўринмайди. Бу йўналишда илғорлардан бири ҳудди сиз ва биз каби 1991-йили мустақил бўлган Эстония.

Энди сиз айтган гапларга ўтсак. Энг аввал бойлар ва давлат хизматчиларини бир-биридан ажратиб олсак. Бизнес орқали бой бўлган инсонларнинг бу мавзуга деярли алоқаси йўқ. Биз давлат хизматчилари ва улар таклиф қилаётган хизматлар ҳақида гаплашяпмиз. Давлат хизматчилари – фуқаролар тўлаётган солиқлар ҳисобидан ойлик олиб ишлайдиган оддий ишчи экани ҳақида юқорида гаплашдик. Нормал, кечаги блогпост тили билан айтганда яхши давлатда шундай бўлиши керак. Шундай экан, кеча сиз айтган пиёниста ҳам ундан ҳисобот сўрашга, сифатли давлат хизматлари талаб қилишга ҳақли. Шу ўринда давлат учун ҳар бир фуқаро бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятга эга эканини яна бир бор эслаб кетиш ортиқчалик қилмаса керак.

Иккинчидан, бу ерда гап ҳаммани бир хиллаштириш ҳақида ҳам эмас. Гап давлат хизматчилари аҳолига ўзлари таклиф қилаётган хизматларни ўзларига раво кўрмаслиги ҳақида. Қўпол қилиб айтганда, ўзи пиширган ошни ўзи кўнгли тортмайдиган ошпазлар ҳақида. Хўш, ошпаз ўзига раво кўрмаган ошни нега мен эйишга мажбур бўлишим керак? Айниқса, ошпазни мен ёллаган бўлсам?!

Нима учун яхши давлатларнинг вазири ёки ҳокими ишга бемалол метрода ёки автобусда келаверади? Чунки сифатли жамоат транспорти бор. У қулай ва хавфсиз. Чунки яхши давлатда вазир ёки ҳоким ўзини бошқалардан баландга чиқиб олган эчки, така ёки бошқа ҳайвон деб ҳисобламайди, балки, шу одамлар овоз бергани учун сайланган, шу одамлар тўлаётган солиқлардан ойлик олаётган ва шу одамлар билан билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятга эга бир фуқаро деб билади.

Энди кимгадир ҳавас қилиб юқорига интилиш ҳақида. Бирор манзил томон интилаётган одамда доим мотив бўлади. Яхши давлатда амалдор бўлишдан мақсад моддий бойликка эришиш бўлмайди. Бой бўлмоқчи бўлган одам бизнес билан шуғулланиши керак. Билл Гейтс, Илон Маск, Марк Цукерберг каби одамлар миллиардер бўлишининг компютерлар, дастурлар, ракеталар яратаётганининг асосий омили уларнинг кимгадир ҳавас қилиб, камбағалликдан қутулиш учун қилган ҳаракати эмас. Бу улар яшаётган юртда сифатли таълим тизими мавжудлиги, ўз бизнесини ташкил қилиш ва уни ривожлантириш учун шароит яратилганининг натижасидир.

Тэглар

Шу мавзуда