Бош саҳифа / Жамият / Дўппи ва ватанпарварлик ҳақида

Дўппи ва ватанпарварлик ҳақида

Ватанпарварлик – ўзини эркин одам сифатида ҳис қилиш ўрнига ўзини юрт ўғли, ҳукумат қули деб тан олиш ва ўз ақли ва виждонига қарши боришдир. Ватанпарварлик – қулликдир.

Лев Толстой.

Дўппи флэшмобида қатнашаётганларнинг суратлари билан тўлиб-тошган Фейсбукдаги ҳавола орқали Ўзбекистонлик эксперт депутатларга миллий либос кийиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги мақолани ўқиб улгурмасимдан Қирғизистон парламентидаги “Республика – Ата-журт” партияси депутати “Миллий бош кийим оқ қалпоққа миллий белги статусини бериш тўғрисида” қонун лойиҳасини тақдим этгани ҳақидаги хабар чиқиб қолди. Унга ҚР президенти, бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар, депутатлар расмий қабуллар ва чет эл сафарлари вақтида қирғиз оқ қалпоғини кийиб юриши шарт бўлади.

Йўқ, дўппи флэшмоби ёки ҳар йили 5 март куни нишонланадиган Оқ қалпоқ кунининг, менимча, ёмон жойи йўқ. Одамлар устидан совуқ сув қуйиб ҳам флэшмоб ўтказиб юришибди-ю. Лекин қонунан дўппи ёки қалпоқ кийишга мажбурлашни тушуниш қийин. Бунақа қонунлардан мақсад нима? Муаллифларга кўра ташаббуслардан миллий рамзларимиз қадр-қимматини ошириш, миллийлигимизни асраш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби “дежурний” мақсадлар кўзланган.

Қизиқ-да, қандай қилиб мажбурлаб дўппи ёки қалпоқ кийдириш орқали миллий рамзларимизни қадр-қимматини ошириш мумкину, буни кўрган ёшлар қандай қилиб ватанпарвар бўлиб қолади? Қандай қилиб мажбурлаш орқали ватан ёки миллатга нисбатан муҳаббат уйғотиш мумкин?

Энг аввал, келинг, аниқлик киритиб олайлик, ватанпарварлик ўзи нима? Ватанни севиш ҳар бир одамнинг шахсий иши, шахсий туйғулари. Ватанпарварлик – ўзи туғилиб ўсган ватанини севиш. Ватанни. Давлат ёки ҳукуматни эмас! Шундай экан, давлат мажбурлаб ватанпарликни ўргатмоқчими, демак, давлат одамларни тобеликка, ватанни севишни эмас ҳукуматга буйсунишга ўргатмоқчи, деб қабул қилиш керак. Чунки ватанга бўлган муҳаббат вақти келса одамни давлатга, ҳукуматга қарши чиқишга мажбур қилиши мумкин.

Агар бизнинг мақсадимиз эркин одамлар яшайдиган, инсон ҳақ-ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланадиган ватан қуриш бўлса советча ватанпарварлик тарбиясидан таг-томири билан воз кечишимиз керак. Одамларни бир хил кийинтириш каби шахсдаги ўзликни ўлдиришга қаратилган тадбирлар шулар жумласидандир.

Агар ватанпарварлик қайсидир кўринишда мавжуд бўлса бу – ўзгача фикрлашдан ва солиқ тўлашдан иборат. Ватан – мен солиқ тўлашни истаган ва шунга яраша эркин яшашни истаган макон.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий