Бош саҳифа / Сиёсат / Яманда нима бўлмоқда?
AppleMark

Яманда нима бўлмоқда?

Яман президенти Абд Раббу Мансур Ҳодий мамлакатни тарк этгани ҳақида хабар берилди, энг муҳим шаҳарлар қуролланган агрессив озчилик вакиллари томонидан ишғол этилди, қўшни Саудия Арабистони эса Ямандаги ҳарбий объектларни ҳаводан ўққа тутишни бошлаб юборди. Ҳўш, Яманда нима бўлмоқда? Шу ҳақида қисқача.

Ибтидо.
Яман давлати – анча ёш мамлакат. У 1990 йили жанубий ва шимолий Яманнинг бирикиши натижасида ташкил топган. Аҳолининг учдан икки қисми суннийлар, қолган учдан бир қисмини эса шиалар иборат. Асосан мамлакат шимолида истиқомат қилувчи шиалар бир неча бор ажралиб чиқиш, ҳеч бўлмаса, кўпроқ мустақилликка эришиш учун уриниб кўришган. Шу жумладан бир неча бор фуқаролик урушлари орқали ҳам. “Араб баҳори” даврида Яманда ҳам ҳукумат ўзгарди. Янги ҳукумат аввалига шиалар (шиаларнинг энг фаол қисми “ҳусийлар” деб аталувчи гуруҳдир. Гуруҳ номи 2004 йилги қуролли тўқнашувлар чоғида ўлган имом Ал-Ҳусий билан боғлиқ) томонидан қўллаб-қувватланган бўлса ҳам, тез орада янги президент Абд Раббу Мансур Ҳодий ҳам уларга ёқмай қолди.

Ҳусийлар террорчими?
Яманда “Ал-Қоида”нинг “Араб яриморолидаги Ал-Қоида” номли энг ҳавфли бўлинмаси жойлашган. Террорчи ташкилотнинг бу бўлинмаси ҳусийларни нафақат қўллаб-қувватламайди, балки, уларга қарши курашади ҳам. Сўнгги энг катта террорчилик ҳужумига жавобгарликни эса “Ал-Қоида”нинг бир тарафдан иттифоқчиси, бошқа тарафдан рақобатчиси саналувчи ИШИД ўз зиммасига олди. “Ал-Қоида” ва ИШИД – сунний гуруҳлар. Уларнинг ҳусийлар тарафида жанг қилишини, ҳатто назарий жиҳатдан ҳам, ақлга сиғдириш мушкул.

Ҳусийлар ҳужумда.
Сунний ҳукумат ва террорчи ташкилотларнинг қаршилик кўрсатишига қарамай, ҳусийлар Яман жанубидаги муҳим шаҳарларни қўлга киритишга эришдилар. Аввалига улар давлат тўнтарилиши қилиш ва президентни ҳокимиятдан кетказиш ниятлари йўқлиги, шунчаки шиа озчилигига кўпроқ мустақиллик берилишини талаб қилишларини эълон қилишди. Шундай бўлса ҳам, ҳусийлар президент Ҳодийни уй қамоғида ушлаб туришди. Президент аввалига истеъфо сўраб ариза ёзди, кейинроқ аризасини қайтариб олди. 2015 йилнинг февралида эса пойтахтдан қочиб жанубий порт шаҳар – Аданга жойлашди. Мартда Адан ҳам ҳусийлар назорати остига ўтди. Ҳодий денгиз орқали мамлакатдан чиқиб кетгани ҳақида хабар берилди.

Ташқи аралашув.
Ҳусийларни Эрон, амалдаги президентни эса Саудия Арабистони қўлламоқда. Умуман олганда, бу янгилик эмас. Саудия 2004 йили ҳам суннийларни ҳимоя қилиш учун Яманга қўшин киритган эди. АҚШ узоқ муддат бу минтақада тийиб турувчи куч бўлиб турган эди. Лекин сўнгги ойларда Америка барча қўшинларини олиб чиқиб кетди. Норасмий тарзда АҚШ Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчиларини қўллаб-қувватламоқда. 26 мартга ўтар кечаси ҳусийларнинг Санадаги объектларига қарши ҳаво ҳужуми уюштирган Саудия Арабистони, эндиликда Яманга қуруқлик орқали ҳам қўшин киритишга ҳозирланмоқда. Яман президенти эса БМТга ҳарбий қўшин киритишни сўраб мурожаат қилди. Ҳусийлар ташқи ҳарбий аралашув минтақада кенг қамровли урушга сабаб бўлишини таъкидлашган.

Яманнинг халқаро сиёсатга таъсири.
Форс кўрфазидаги янги можаро минтақадаги икки етакчи давлат — Саудия Арабистони ва Эрон муносабатларини янада совуқлашишига хизмат қилиши мумкин. Қолаверса, вазиятнинг беқарорлашиши бу ерда ўзига хос режаларга эга террорчи ташкилотларга ҳам қўл келиши мумкин. Сўнгги воқеалар таъсирида, кутилганидек, нефть нархи кўтарила бошлади.

Meduza.io интернет саҳифасида чоп этилган “Война всех со всеми Что происходит в Йемене и почему? Очень коротко” мақоласи асосида тайёрланди.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Битта фикр

  1. ИШИД ҳам, Ал-Қоида ҳам сунний эмас, бузғунчи ваҳҳобий-салафий оқим. Уларнинг шиага қарши эканлиги уларни сунний қилиб қўймайди. Фақатгина 4 мазҳаб сунний ҳисобланади.

Добавить комментарий