Бош саҳифа / Сиёсат / Нега Россия АҚШга мағлуб бўлади?
varlamov.ru

Нега Россия АҚШга мағлуб бўлади?

Кеча ўқиганим Илья Варламовнинг навбатдаги блогпости менга ёқиб қолди ва уни таржима қилишга қарор қилдим.

***

Авваллари урушлар ҳудудлар учун бўлар эди. ХХ асрда урушлар асосан ресурслар учун бўлди. Йигирма биринчи асрда эса уруш ақл учун бўлмоқда. Очиғи: Қрим қайтгани умуман аҳамиятсиз. Путин Курил оролларини қайтариб берадими, йўқми, аҳамиятсиз. Ҳатто Аляскани қайтариб олганимизда ҳам, глобал ҳеч нарса ўзгармайди. Сўнгги инқироз кўрсатдики, нефть ва бошқа ресурслар ҳам аҳамиятсиз экан. Мана бизда ресурслар бисёр. Ҳўш уларни нима қиламиз? Нонга нефть суртиб еймизми? Нефть нархи тушиб кетди, тамом, бюджет қийналади, ҳамманинг кайфияти тушкун…

Дунёда Сингапур деган давлат бор, катталиги Москвача. Иқтисодиёти дунёдаги энг очиқ ва коррупциядан ҳоли мамлакат. Доимо иқтисодий эркинлик рейтингларида етакчи ўринларда. Нархлар барқарор, ЯИМ эса жон бошига дунёдаги энг юқориларидан бири. Сингарурда ер ва ресурс умуман йўқ. Ҳатто сувни ҳам Малайзиядан сотиб олишади. Лекин, маҳаллий аҳоли турмуш даражаси юқори. Қолаверса, дунёнинг турли чеккаларидан одамлар у ерга ишлаш учун боришади. Ёки Япония. Ҳудуди ҳам катта эмас, ресурсларга ҳам бой эмас. Лекин дунёдаги энг кучли иқтисодиётлардан бири. Яқингача АҚШдан кейин иккинчи ўринда эди. Энг зўр техника, энг зўр автомобиллар… Айтмасам ҳам биласиз.

Замонавий дунёда муҳими ақл. Ишлаш ва яшаш учун қулай шароит яратган давлат ғолиб чиқади. Замонавий одамлар мобил ва билимли. Маданий тўсиқлар деярли йўқ. XIX ёки XX асрда бошқа давлатга кўчиб ўтиш жиддий қадам ва оғир ҳаётий синов эди. Бугун кўчиш кичик стресс, ёшлар учун эса умуман оддий иш. Замонавий технологиялар сизга дунёнинг исталган нуқтасида ўзингизни уйдагидек ҳис қилиш имконини беради. Атрофингиздаги одамлар билан алоқа узилмайди. Москвада ҳам ва Нью Йоркда ҳам битта илова орқали такси чақирасиз, севимли кофеингизни ўша таниш “Старбакс”да ичасиз. Аввал янги жойда яшаш янги ҳаёт бошлаш дегани эди. Ҳозир бир-икки «клик» орқали иш топиш, икки «қлик» орқали билет олиш, яна икки «клик» билан квартира топиб душанба куни Лондонда ишга чиқиш мумкин. Ёшлар учун чегаралар мавжуд эмас. Ёшлар учун Лондонга бориш Омскка боришдан осонроқ. Ёшлар қайси жой яхши ва қулай бўлса, ўша жойни танлайди.

Мен синфдошларим билан доимий алоқада эмасман. Яқинда уларнинг ҳаёти қандай кечаётгани билан қизиқиб кўрдим. Ижтимоий тармоқлар орқали уларни изладим. Барча иқтидорли ва истеъдодлилари кўчиб кетишган. Кимдир АҚШ, кимдир Европа, яна кимдир Исроилга. Бу – муаммо. Улар Россияда қолишлари мумкин эди, лекин, улар кетишди.

Ҳар йили Кремний водийсига боришга ҳаракат қиламан ва у ердаги бизнинг ёшлар билан кўришаман. Кетишган, чунки у ерда имконият кўп. Чунки у ерда бизнесингни тортиб олишмайди. Чунки у ердаги суд кимнингдир қўнғироғи орқали қарор чиқармайди. Бунақа катта ва кичик мисоллар кўп. Кимдир, бу ерда ҳеч кимга кераги йўқлигини билиб, АҚШ тоғ чанғичиларига мураббийлик қиляпти, кимдир дунёнинг етакчи компанияларида биз ҳар куни ишлатаётган иловалар устида ишлашмоқда. Бу – Россиянинг мағлубияти.

Бизнеси тортиб олингани сабаб четга кетган Дуров – Россиянинг мағлубияти. АҚШда яшаб, ўша ерда шуғулланадиган Россия ифтихори Мария Шарапова – Россиянинг мағлубияти. Ҳа, у расман Россия фуқароси. Лекин у АҚШ иқтисоди учун ишлаяпти. Ўз мураббийлик мактабини АҚШда қурмоқда. Бу рўйхатни менинг ёрдамимсиз ҳам бемалол ўзингиз узоқ давом эттира олишингизга ишончим комил.

Бундай мағлубиятлар, масалан, бирор ҳудудни бой берганимизчалик, яққол кўринмайди. Ҳудудни харитада кўрсатиш мумкин. Бой берилган ақлларни эса харитадан кўрсатиб бўлмайди. Лекин бундай мағлубиятлар давлат учун сиз ўйлагандан кўра оғриқлироқ.

Бугун одамлар Америка ва Европа самолетларида учишяпти, япон ва олмон автомобилларида юришибди. Биз эса ҳаттоки оддий станок ҳам чиқара олмаймиз. Ҳа, ишонмаслигингиз мумкин, лекин, исталган замонавий корхонага боринг, у ерда бирорта Россияда ишлаб чиқарилган дастгоҳ кўрмайсиз. Яқинда мудофаа вазирлиги тасарруфидаги санкцияга тушган заводларимиздан биринг замдиректори билан суҳбатлашдим. Айтишича, чет эл банкларидан кредит олиш имконияти йўқолгани унча қўрқинчли эмас, пул топиш мумкин, ёмон тарафи – юқори аниқликда ишловчи станоклар сотиб олишга улгуришмагани. Чунки бу станокларсиз замонавий қурол ишлаб чиқариш имконсиз.

“Булава” ва “Искандер”лар билан кўкрагимизга қанчалик урмайлик, одамларни бой беряпмиз. Космосга учиши мумкин бўлган, шаҳарларимизни бошқарадиган одам йўқ.

Думада ўтирган “ақллилар” эса ким кўпроқ ахмоқона қонун ўйлаб топиш бўйича мусобақалашишмоқда. “Халқ кўчиб кетяпти? Келинг, чиқиш визаларини жорий этамиз! Четдаги ҳисоб рақамларга тақиқ қўямиз. Икки фуқаролик олишни ҳам чеклаймиз!” Ҳар бир шунга ўхшаш тушаббус ортидан яна бир гуруҳ юкларини йиғиштириб, бир томонга билет олади ва Россияни тарк этади.

Кеча қайсидир журналист телефон қилиб яна бир шундай ташаббус бўйича фикримни сўради. Ҳар бир мэссенджерга, ҳеч ким ёзишмаларида қонунни бузмаслиги учун, фойдаланувчиларни идентификация қилиш мажбуриятини юклашмоқчи экан. Бу ташаббус мақолаларга фикр билдириш функцияси бор сайтларга ҳам таалуқли. Бу ҳақида нима ҳам деб ўйлашим мумкин?! Ҳеч нарса. Ўйлашимча, яна бир гуруҳ Россияни севувчи, шу ерда яшаш ва ишлашни истаган истеъдодли ва тадбиркор ёшлар АҚШ ёки Европага ишлаш учун равона бўлишади. Чунки ҳеч ким эртага ФСБ ёки Роскомнадзордан келган бирор “ақлли” бизнесини бир сонияда ёпиб қўйишини истамайди. Чунки Россияда Википедиядаги бир безарар мақола учун кунига миллионлаб одам кирадиган сайтни ёпиш ҳақида ҳукм чиқарадиган судлар, бу ҳукмни ижро этишга тайёр Роскомнадзор бор. Қаердадир эса бўлажак Стив Жобс ва Илон Маск “Россияда янги лойиҳа бошлашдан маъно борми ўзи?” деб ўйланиб қолади.

Ҳар бир бир томонга олинган билет – Россиянинг мағлубияти.

Эртага ФСБ ҳамманинг загранпаспортини тўплаб олиб, Россия чиқиш визаларини жорий қилиб, чегараларни ёпиб қўйганида ҳам, амалда деярли ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки замонавий давлат учун фақатгина ўз фуқароларининг ўз-ўзини реализация қилиш имконияти борлиги эмас, янги қон келиши ҳам жуда муҳим. Ким дунёнинг энг зўрларини жамлай олса, ўша энг зўрлар келиб, ўша ерда ишлашни хоҳлайдиган шароит ярата олса, ўша ғолиб бўлади. АҚШ, Европа ва Хитойдаги исталган муваффақиятли лойиҳа – бу ўша соҳанинг энг зўрларидан иборат, турли жойдан келган мутахассислар гуруҳидир. Бу IT-стартап бўладими ёки катта адрон коллайдер. Ва бу борада Россия ҳеч нарса таклиф қила олмайди.

Барча ривожланган давлатлар ҳозир ким кўпроқ ақлларни ўзига жалб қилиш учун курашмоқда. Бу курашга Хитой ҳам қўшилган. Авваллари улар ҳамма нарсанинг нусхасини яратиш билан шуғулланар эди, эндиликда Хитой шунчаки фабрика ролини бажаришга рози эмас. Ва бунинг учун шароит яратилмоқда. Натижада ишлаш ва бизнес юритиш учун Хитойда келишмоқда.

Ғамгин нуқтада якунлашни истамаган эдим. Лекин ҳозирча Россия ақлли, истеъдодли одамлар бу ерга келиб ишлашни исташи учун шароит яратаётганини кўрмаяпман. Гап пул учун ҳаттоки Сомали фуқаролигини олишга тайёр қария актёр ва қўшиқчилар ҳақида эмас. Мен ақллар ҳақида гапиряпман. Янги маҳсулот яратадиган, бизнесларни ривожлантирадиган, коинотга ракета учирадиган, шаҳарларимизни бошқарадиган одамлар ҳақида. Улар эса йўқ.

Учинчи жаҳон уруши – ядро қуроллари, роботлар, лазерлар билан бўладиган жанг эмас. Бу ақллар учун кечадиган жанг. Бу жанг аллақачон бошланган. Ва ҳозирча Россия мағлубиятга учрамоқда.

***

Нега айнан бу мақолани таржима қилишга қарор қилдим? Чунки, биз учун Россия ҳар нарсада намуна бўлишига ўрганиб қолганмиз. Россияга интиламиз. Россия бошқа ривожланган давлатлардан қанчалик ортда қолганини билсак, балки бизнинг ҳозирги аҳволимиз қай даражада эканини ҳис қилармиз?! Бизнинг аҳволимиз — Россияга бориб кўча тозалаш, теплицада ишлаш ва ҳоказо қора ишлар. Бизнинг аҳволимиз – ҳеч қандай шарт-шароит яратилмаган жойда ҳам ишлашга ва оқибатда тириклайин ёниб кетишга тайёр ва мажбур вояга етмаган қизлар. Одамлар уйдан кўра, ўлим ҳавфи остида бўлса ҳам, Россияни афзал билишаётгани аҳволимиз нақадар ҳароблигининг исботидир. Шу қадар ҳаробки, биз нафақат ақллилар учун курашда (бундай маҳсулот яратмай қўйганмиз), балки оддий меҳнат кучи курашида ҳам мағлуб бўлмоқдамиз.

Оригинал мақолага ҳавола: Варламов.ру — Почему Россия проиграет войну США

Тавсия этамиз

Ельцин, демократия ва ушалмаган умидлар

— Борис Николаевич, сиз демократмисиз? — Йўқ. Мен қандай қилиб демократ бўлишим мумкин? Сиз мени …

5 комментариев

  1. Nurmukhammad

    Bitta yangi bo‘lim ochib, o‘zingizga yoqqan Varlamovni maqolalarining tarjimasini joylab borsangiz bo‘larkan. Menga bu tarjimangiz yoqdi. Oldin hech Varlamovni maqolasini o‘qimagandim, chunki til muammo.

    Maqoladan ko‘p narsani bildim, juda ko‘p. Mengayam Rossiya ideal davlat EDI. Rusga borib ishlab kelganlar, shu fikrni uyg’otoshgandi.

  2. Tarjima ajoyib chiqibdi. Rahmat katta

  3. Сизга катта рахмат. Бундай фикр яхши лекин биз хали билимга чанкок болларни Энди етиштиряпмиз, 10 йил олдини хамма дарди пулда эди эндичи болларни спортга, билимга олишга , бирор нарсани узлари ишлаб чикишга кизикишяпди.Худо хохласа биз хам Европа ва Осиега етиб оламиз факатгина фарзандларимизга укишдан чалгитмасдан кучли билим олишга ургатишимиз лозимлигини унитмаслигимиз керакми.

  4. Bu Varlamov deganlari juda aqlli va qachon qayerda nima yozishni biladigan blogger. Tarjima esa super ish bòlipdi. Raxmat! Avvallari ham Varlamovni «kashfiyot maqolalari» ni òqiganimda lol qolgandim. Shermuhammad aka sizga ham raxmat!!!

Добавить комментарий