Бош саҳифа / Блогинг / Блогни қандай юритиш керак?!

Блогни қандай юритиш керак?!

Ҳафта бошида блогимни янги хостинг ва доменга ўтказдим. Ундан олдин блогнинг келажаги ҳақида бироз бош қотирдим. Аниқроғи, уни жонлантириш, блогпостлар сони ва сифатини яхшилаш, эплай олсам, кўпроқ ўқувчи жалб қилишга ҳаракат қилишга қарор қилдим. Ҳозир бунинг учун имконият ва вақт бемалолроқ.

Кеча кечқурун икки-уч рус блогерининг блог юритиш бўйича тажриба ва маслаҳатларини ўқиб чиқдим. Кўп нарсалар ҳақида фойдали гаплар ёзилган. Уларнинг учтаси айниқса эътиборимни тортди. Ўзим учун шу уччаласи долзарб кўринди. Балки бошқа блогерлар, айниқса энди блог очмоқчи бўлиб юрганларга фойдаси тегиб қолар.

Демак, биринчиси. Блог тематикасини танлаб олиш, яъни айнан нима ҳақида ёзишни аниқлаб олиш. 2012 йили илк блогимни очаётганда ҳам, кейинроқ алоҳида доменга ўтаётган пайтимда ҳам, тўғриси айтсам, бу ҳақида ортиқча бош қотириб ўтирмаганман. Тренддаги мавзуларда ўзимнинг фикримни айтиб туришни мақсад қилганман, холос. Нима ҳақида ёзмаслик ҳақида эса аниқ қарорга келганман – футбол. Сабаби оддий. Нон йўқ. Футболни мендан яхши тушунадиган ва ёзадиган одамлар кўп. Ҳозир ҳам блогим аниқ бир йўналишга эга деб айтиш қийин. Ўзим доимий ўқийдиган 5-6 та блогни “варақлаб” кўриб, уларда ҳам аниқ бир тематика, йўналиш кўрмадим. Балки, ўзи бордир, мен кўрмагандирман. Ягона истисно асосан Англия ҳақида ҳикоя қилувчи “Шамоллар юртидан хабарлар” блоги.

Иккинчиси. Ким учун ёзиш. Табиийки, маълум бир аудитория учун мўлжаллаб ёзилган блогпост ўз ўқувчисини осонроқ топади. Бу жараён аслида қандай бўлиши керак билмадиму, назаримда, менда тескари бўлган. Яъни, блогга кимлар кўпроқ кираётганига қараб ёзганман/ёзаман. Ўқувчиларнинг кимлигидан ташқари, қаердан экани ҳам муҳим. Статистикага кўра, блог ўқувчиларининг асосий қисмини Ўзбекистон, Россия ва АҚШ ҳудудидан кирадиганлар ташкил этади. Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон каби ўзбекча ўқиши мумкин аудиторияси бор давлатлардан кирувчилар мутлақ камчилик. Блогпост ёзаётганда, албатта, бу нарса эътиборга олинади. Ўзим қирғизистонлик эканимни ҳисобга олсак, балки, Қирғизистон ҳақида ёзишим ва ўқувчиларимнинг аксарияти ҳам шу ерлик бўлиши керакдир… Билмадим.

Учинчиси. Блогпостлар даврийлигини сақлаш. Бошқача қилиб айтганда, мунтазам равишда янги блогпостлар қўйиб бориш. Ўқиганларим ичида, масалан, Варламов кунига, Екатерина Безимянная эса ҳафтасига 3-4 блогпост ёзар экан. Бундай юқорини темпда ишлаш осон эмас, албатта. Варламовда блог устида бутун бошли жамоа ишлашини ҳам унутмаслик керак. Шундай бўлса ҳам, маслаҳат шуки, блог бирор бир натижага эришиши учун, ҳеч бўлмаса бир ҳафтада битта янги блогпост бериб борилиши керак. Мен ўз олдимга бошланишига ана шундай марра белгиладим. Шу темпни ушлай олсам, кейинроқ планкани кўтариш ҳақида ўйлаб кўрса бўлади. Мунтазамлик, аниқроғи унинг йўқлиги ўзблогингдаги энг кенг тарқалган касаллик. Битта блогпостдан кейин 2-3 ҳафта, баъзан ҳатто 2-3 ой йўқ бўлиб кетиш одатий ҳол. Ўзим бунга яққол мисолман. Ўқиш, иш, турмуш, тирикчилик. Ҳаммасини тўғри тушуниш керак. Лекин, алоҳида домен олиб, блогини чиройли кўринишга келтирган блогерлар ҳеч бўлмаса ўн кунда бир, боринг ана бир ойда иккита янги блогпост бериб бориши мақсадга мувофиқ (булса керак).

Хуллас, шунақа гаплар. Марра аниқ, марра сари ҳаракатни бошладик. Айтганча, юқоридаги уч масала юзасидан фикр-мулоҳаза ёки маслаҳатингиз бўлса, тортиниб ўтирмай улар билан ўртоқлашинг. Илтимос. Раҳмат!

Тавсия этамиз

Наталя (Таля). Хотима

Таля билан боғлиқ батафсил интим тафсилотларни кутаётганларнинг ҳафсаласини пир қиламан. Бу томони энди ўта шахсий …

5 комментариев

  1. Фойдали маьлумотлар!

  2. Маслаҳатларингизга риоя қилиб блогни доимий даромад манбаига айлантириб олишимиз мумкин. Шунда иш севимли машғулотга айланади 🙂

    • Шермуҳаммад

      2-3 йил қаттиқ меҳнат орқали бунга эришиш мумкин бўлса керак. Қачон бошламоқчисиз? 🙂

      • Ҳар куни блогимга ўртача минг киши киради. Деярли янгиламайман, янги хабар қўймайман. Лекин олдингилари учун Гугл амаки аллақачон поисковикларда блогимни юқорида кўрсатиши натижасида ҳар куни «клиент» бор 🙂

        Айтмоқчиманки, кейинчалик ҳам қидирса чиқадиган, долзарблигини йўқотмайдиган, исталган вақтда ўқиш мумкин бўлган блогпостларни ҳам ёзиб туриш керак. Бу муваффақият калити.

        1 ой қаттиқ ҳаракат қилсам, моддий даромад келиши мумкин. Лекин вақт йўқ. Хоҳиш йўқ эмас. Имкон йўқ холос ))

        • Шермуҳаммад

          Сиз машҳур одамсиз. Шу Хушнуднинг сайти деса, ҳеч қандай материал бўлмаса ҳам, бир кириб чиқишни истовчилар топилади. 🙂

Добавить комментарий