Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Муҳаббат ва ҳожатхона

Муҳаббат ва ҳожатхона

Ҳафта бошидан бери польшалик бир меҳмон билан йил бўйи давом этган лойиҳа якунлари бўйича қишлоқма-қишлоқ мактаб кезиб юрибмиз. Деярли ҳар бир мактабда: “Бир пиёла чой ичиб кетмасангиз, хафа бўламиз” – деган гап эшитамиз. Кеча навбатдаги “бир пиёла чой”дан сўнг меҳмон ҳожатхона қаердалигини сўраб қолди. Бориб келгач, ҳожатхона мактаб биносидан олислиги, қолаверса, совуқлигидан шикоят қилди. “Қишлоқларда шунақа. Одамлар ҳам ўрганиб кетган.” – деб қутулдим. Кейин машинада кетаётиб бундан бир неча йил олдин бир танишим айтиб берган воқеа эсимга тушиб кетди.

“Америкада юрганимда бир йигит билан танишиб қолдим. Кейин бир-биримизга кўнгил қўйдик. Қўлимни сўраб, Қирғизистонга бориб менинг оила аъзоларим билан танишмоқчи эканини айтди. Қирғизистонга йўл олдик. Ота-онам билан келишиб, унда яхши таассурот қолдириш учун, учрашувни Бишкекдаги уйимизда эмас, қишлоқда – биз учун улкан муҳаббат ва садоқат рамзи бўлган – бобом ва бувим яшайдиган уйда ташкил қилишга қарор қилдик. Қиш кунларининг бирида Қирғизистонга – қишлоқдаги “катта эшикка” йўл олдик. Йўл бўйи бўлажак турмуш ўртоғимга бобом бувимни қанчалар яхши кўриши ҳақида гапириб келдим. Олтмиш йилдан зиёд бирга яшаб, тўққиз фарзандни вояга етказган бобом ва бувим, ростдан ҳам, биз учун намуна эди. Хуллас, уйга етиб келдик. Қирғизча меҳмон кутиш қоидалари ўрнига қўйилди. Дастурхон нозу-неъматга тўла. Бобом ва бувимнинг уйнинг тўрида. Сал ўтгач у ҳожатхонага бормоқчи эканини айтиб қолди. Қишлоқдаги ҳамма қатори ҳожатхона ҳовлининг нариги чеккасида. Бориб келди.

— Сен йўлда бобом бувимни жуда яхши кўради, деган эдинг. Менимча, бобонг бувингни жуда ёмон кўради, ҳатто, кўргани кўзи йўқ.

— Нима деётганингни биласанми? Нега ундай дейсан?

— Бобонг бувингни севганида, қишнинг қаҳратон совуғида шунча йил бунақа совуқ ҳожатхонага қатнашига йўл қўймаган бўларди.

Нима дейишимни билмай қолдим. Бизда ҳамма жойда шунақа, деган маънода бир нималар дедим. Негадир, кўз олдимга бувимнинг қишнинг изғиринида қийналиб юргани келаверди. Қолаверса, америкалик бир одамнинг севги ва муҳаббатни ўлчаш учун топганидан мезонидан ҳайратда эдим. У ерда узоқ ўтиролмадим. Ёлғон баҳона топиб, шаҳарга йўл олдик.”

Бу ҳикояни эшитгач, бир куни уй қурсам, албатта, шу нарсани ҳисобга олишни дилимга тугиб қўйган эдим. Кечаги воқеа баҳона яна бир бор эсимга тушди.

Яқинларингизни, севган одамларингизни эҳтиёт қилинг!

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий