Бош саҳифа / Сиёсат / Жорж Вашингтон ва сиёсий ирода ҳақида

Жорж Вашингтон ва сиёсий ирода ҳақида

Владимир Познернинг «Прощание с иллюзиями» деган китобида шундай сатрлар бор:

Франклин Рузвельт ўз номзодини учинчи бор президентликка кўрсатганида, у тарихи АҚШнинг илк президенти Жорж Вашингтонга бориб тақаладиган энг катта принципларидан бирини бузди. Жорж Вашингтон илк бор 1789 йили Сайловчилар Колледжи томонидан бир овоздан АҚШ президентлигига сайланади, 1792 йили у иккинчи бор президентликка сайланади. Учинчи муддат вақти келганида эса: «Биз Британия қироллиги таркибидан ўз монархиямизни қуриш учун чиққан эмасмиз», — дея, қайта сайланиш таклифини қатъий рад этади. Бу воқеа 1796 йили юз берган. Шундан кейин Франклин Рузвельтгача ҳеч ким Вашингтон асос солган ушбу анъанани бузишга жазм этмайди. Франклин Рузвельт 1940 йили учинчи бор президентликка ўз номзодини қўяр экан, ўз қарорини Иккинчи Жаҳон уруши бошланиши билан оқлайди. 1944 йили тўртинчи бор президентликка сайланган Рузвельт яна урушни баҳона қилади. 1947 йили АҚШ Конституциясига бир одам икки муддатдан ортиқ президент бўла олмаслигини кўзда тутувчи ўзгартириш киритиш таклиф этилади. 1951 йили бу ўзгартириш қабул қилинади.

Шуниси эътиборга моликки, деярли бир юз эллик йил давомида АҚШ президентлари ўзларининг ҳокимият теппасида туриш муддатини ўзлари чеклашган. Тўнғич президент Жорж Вашингтон асос солган принципга қарши иш тутишга жазм этишмаган.

Марказий Осиё давлатлари ҳам, ўзларининг бир неча минг йиллик тарихга эканини тинимсиз такрорласа ҳам, республика сифатида ёш давлатлардир. Илк президентлари ҳали ҳамон ҳокимият теппасида қолаётган давлатлар ҳам бор. Бизнинг тўнғич президентлар давлатчилик асосига қандай тамал тошларини қўйишмоқда? Тинимсиз ўзгартирилаётган конституциялар, у ёки бу шахснинг ҳокимият теппасида қолишига хизмат қилувчи референдумлар, президентларнинг қонли инқилоблар ёрдамида ўзгартирилиши бу борада бизнинг тўнғич президентларимиз Жорж Вашингтон бўла олмаганликларидан далолат бераётгандек…

Собиқ Иттифоқни ёмонлаймиз, мустабид тузумга қайтмаслик ҳақидаги гапларни эшитамизу, амалда Собиқ Иттифоқ раҳбарларининг ё ўлгунича, ё қувғин бўлгинуча ҳокимият теппасида қолиш анъанаси ҳалиям давом этаётгандек. Конституция ва аллақандай қонунлар асосида абадий ҳокимликни асослашга уринамиз. Аслида демократик жамият қуриш учун бир дунё ишламайдиган ёки зарурият туғилса бир зумда ўзгарадиган қонунлар эмас, давлат бошлиқларининг сиёсий иродаси кифоя эканлигини эса тан олгимиз келмайди.

Омон бўлинг.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий