Бош саҳифа / Блогинг / Варламов бўлишни истайсизми?

Варламов бўлишни истайсизми?

Россиялик машҳур блогер Илья Варламовни биласиз а? Шунга ўхшаган машҳур блогер бўлиб кетишни истайсизми?

Бугун унинг блогидаги “Как вести ЖЖ” (“Жонли журнал”ни қандай юритиш керак) мақоласига кўзим тушиб қолди. Демак, агар Варламовга ўхшаган блогер бўлмоқчи бўлсангиз:

  • Кунига етти соат вақтингизни блогингизга сарфлашингиз керак. Бу фақат тайёр нарсани таҳрирлаб, блогга жойлаштириш учун кетадиган вақт.
  • Кунига блогингизда камида 3 та янги мақола чоп этишингиз керак. Варламовда мақолаларнинг чоп этилиш оралиғидаги вақт 4 соатни ташкил этади. Юқорида мен айтган мақолада 15 июлдан 25 июлгача чоп этилиши режалаштирилган 30 та мақола рўйхати берилган.
  • Бундай темпни ушлаб туриш учун таксида, овқат устида ва ҳаттоки ваннада ҳам ишлашни ўрганишингизга тўғри келади.

Агар бундан менга нима фойда, деган савол пайдо бўлган бўлса, давомини эшитинг:

  • Бир ойда бир ярим миллион уникал фойдаланувчи (бу кўрсаткични кўрилган саҳифалар сони билан адаштирманг!) блогингизга ташриф буюради.
  • Бир ойда шунча одам блогингизга кирганидан сўнг, табиийки, блогингизда реклама қўйиб, пул ишлашингиз мумкин. Варламовнинг блогидаги битта реклама-мақоланинг нархи – 165 000 рубль.

Мен блогпост бошида ўзим беган саволга нима деб жавоб беришни, тўғриси, билмайман. Оддий мисол, мен бир кунда учта эмас, ҳафтасига учта блогпост ёзсам ҳам, ўша ҳафтани жуда самарадор деб биламан. Қолаверса, ўн кунга эмас, ёзаётган блогпостимга етарли материални ҳам зўрға тўплайман.

Яна бир тарафи ҳақида. Мен блогимга кўпроқ хобби сифатида қарайман. Баъзан, юрагим сиқилганида, умуман бошқалар учун қизиқ бўлмаган нарсалар ҳақида ҳам ёзишим, шу билан асабларимни анча тинчлантиришим мумкин. Варламовга ўхшашни истаган блогер буни ўзига эп кўра оладими, бунисини ҳам билмайман.

Агар сизнинг қўлингиздан келса, ҳаракат қилиб кўринг. Менимча, бунинг учун қаттиқ меҳнат қилиш, қолаверса, меҳнати самарасини кутишга етарли сабр бўлиши керак. Ўзбек блогерлари орасида ҳам блогига ойига миллионлаб одам кирадиган, блоги орқасидан пул топадиганлари чиқса, менимча, бундан ҳамма хурсанд бўлади.

Омадингизни берсин!

Тавсия этамиз

Наталя (Таля). Хотима

Таля билан боғлиқ батафсил интим тафсилотларни кутаётганларнинг ҳафсаласини пир қиламан. Бу томони энди ўта шахсий …

Добавить комментарий