Бош саҳифа / Блогинг / Сайтга айланган блоглар

Сайтга айланган блоглар

Бугун тонгда яхши хушхабар эшитдим. Гулрухсора Худойбердиеванинг шахсий блоги WordPress платформасига кўчирилиб, шахсий сайт кўринишида фаолиятини давом эттирадиган бўлибди. Gulruxsora.Uz манзили бўйича кирсангиз, дарҳақиқат, Гулрухсора ва Тўлқин Юсупов анча меҳнат қилишганига амин бўласиз.

Шу баҳона сўнгги йилларда аввал бепул блог платформаларида бошланиб, сўнг шахсий доменда, кейинроқ эса умуман мустақил шахсий сайт кўринишини олган 3-4 та ўзим доим кузатиб борадиган блоглар ҳақида икки-уч оғиз айтиб ўтсам.

Бу ишни ким биринчи бошлагани, тўғриси, эсимда йўқ. Эсимда бори, Хушнуд аввалига ўз блогини Xushnudbek.Uz доменига ўтказган эди. Кейинроқ Muloqot.Uz билан тил бириктириб шахсий сайтга айлантирди. Ҳозир яхшигина юридик маслаҳатхонага айланиб қолди, адашмасам.

Яна бир эсимда қолган шундай «ҳижрат» Аброр Қодировга тегишли. «Локомотив»даги иши, янги оила бошлиғи эканига қарамай «клавиатуранинг шиқирлаши ёққани учун» ҳар замонда «Баландпарвоз гаплар» ёзиб турибди.

Google’нинг Blogger’ига «Буюк Хитой веб деворидан» ошиб тушишдан чарчаган Шерзод Ғайбуллаев ҳам Nimadir.Uz доменига кўчиб ўтди. Имловий хатоларига чидасангиз, яхшигина блог. Хостинг бекор ётмасин, деб Xinhua агентлигидаги хабарларни ҳам ўзбекчага таржима қилиб қўйяпти. Нимадир қиляпти, хуллас.

Ўтган йили blogi.uz деган платформа ёпилгани Санжар Ризаев ва Акмал Юлдашевни sanjarrizayev.uz ва kamanoir.uz деган манзилларга кўчишга мажбур қилди. Акмал ака сайлов билан овора бўлиб сайтини эсдан чиқардими, ҳар қалай kamanoir.uz айни кунларда ишламаяпти.

Тўлқин Юсупов, Ҳамза Фозилжонов, Рашид Усмонов каби блоггерларнинг блоглари аввал бошдан шахсий доменда шахсий сайт кўринишида эди.

Ўзим ҳақида айтсам, блогим бу йил ҳам тажрибаларим сабаб анча азият чекди. Икки марта бошидан қайта тикладим. Хостингга пул етмай, ҳафсала совиб, ёпиб ҳам қўйгандим. Декабрда камтарроқ бўлса ҳам хостинг олиб, сайтни яна қайта тиклашга ҳаракат қиляпман. Буёғи нима бўлади, билмадим. Кайфият одамиман.

Хуллас, блоглар ҳам, блоггерлар ҳам аста-секин олдинга қараб кетяпти. Янги йил яхши бошланди. Йил давомида яна янги яхши блоглар пайдо бўлса, ажаб эмас. Ҳеч бўлмаса хостинг бекор ётмасин, деб бирор нарса ёзишар, ахир! 🙂

Тавсия этамиз

Варламов бўлишни истайсизми?

Россиялик машҳур блогер Илья Варламовни биласиз а? Шунга ўхшаган машҳур блогер бўлиб кетишни истайсизми? Бугун …

Добавить комментарий