Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Керакмас ўзбек тили ҳақида

Керакмас ўзбек тили ҳақида

Ҳозир ўз-ўзидан Максим Галкиннинг қайсидир концертида айтган ҳазили эсимга тушиб кетди. Мазмуни қуйидагича: Галкин Лешченкога: “Нақадар бахтли инсонсиз! Сиз “Ғалаба куни” қўшиғини айтгансиз. Ҳамма сизни яхши кўради. 9 май куни қўшиғингизни юз марталаб қўйишади” – дейди. Лешченкога унга жавобан: “Тўғри айтасан, 9 май куни талашман, лекин 10 май куни итга ҳам керагим йўқ” – дейди.

Ҳар йили 21 октябрь куни ўзбек тили билан ҳам тахминан шу ҳол рўй беради. Ҳамма тилга кўпроқ эътибор бериш, унинг софлигини сақлаш, саводхонликни ошириш ва ҳоказолар ҳақида кўп гапиришади. Бу йил лотин алифбосини ислоҳ қилиш масаласи ҳам қўшилибди. Мана бугун 25 октябрь. Ўзбек тили учун “10 май”. Давлат тилига фақат шу куни эътибор берилишини танқид қилиб, у ҳақида ҳар куни ўйлаш кераклиги ҳақида кўп ва хўп ёзишган.

Бундан 5-6 йил аввал ўзбек тили ҳақида гап кетганида ўзим ҳам жуда мутаассиб эдим. Ўша юқоридаги гаплар… Соф тил, қулай алифбо ва ҳоказо…

Ҳозир бу борада фикрим анча ўзгарган. Масалан, қирғизистонлик ўзбекларга ўзбек тилини ўрганишнинг умуман кераги йўқ, деган узил-кесил хулосага келиб бўлганман. Шу боис ҳозир кимдир, фалон ерда ўзбек мактаби ёпилиб, ўрнига рус синфлар очилибди, деса аввалгичалик хафа бўлмайман. Тўғрисиям, ўзбек тилида таълим олишдан нима наф? Мактабни тамомлаб ўқишга бормоқчи бўлса, имтиҳон ёки қирғизча, ёки русча. Ишга кираман деса ҳам шу. Чет элга кетмоқчи бўлса ҳам ўзбек тилини билишининг, унда бехато ёза олишнинг умуман фойдаси йўқ. Шундай экан, кераксиз тилда таълим олишга 11 йил умр сарфлашдан нима наф? Ундан кўра рус мактабида ўқисин, ўша ерда инглизчани ҳам ўзлаштирсин. Эртага кўпроқ фойдаси тегади.

Ўзбекистон ҳам, менимча, ўзбек тилини ислоҳ қилиш бўйича бирор қарор қабул қилишдан олдин, ўзбек тилининг ўзи нимага кераклиги борасида аниқ бир қарорга келиб олиши керак. Балки, у ёқдаги ўзбекларга ҳам ўзбек тилининг унча кераги йўқдир?! Балки ўзбек тилини ривожлантириш ва ислоҳ қилишга сарфланаётган пулни бошқа фойдалироқ, кераклироқ соҳага йўналтирган маъқулдир?!

Ўзбек тилини қўя турайлик. Умуман, тил одамлар учун нимага керак? Тил – одамлар орасидаги мулоқот воситаси. Энг қулай мулоқот воситаси ҳеч кимнинг эътиборисиз ҳам ривожланаверади. Масалан, бирор жойда инглиз, француз ёки рус тилини ривожлантириш ёки оммалаштириш бўйича махсус дастур ёки қонун-қоида борлиги ҳақида эшитмаганман. Лекин, шу бизнинг кичкина Жалолободда ҳам ҳар икки қадамда инглиз тили курслари рекламасига кўзингиз тушади. Мактаб ёшидаги боласи бор одамнинг аксари фарзандини рус тилида ўқитиладиган мактабга бериш илинжида. Бозор. Талабга яраша таклиф.

Дунё глобаллашиб борар экан, фақат ўз она тилига ўралашиб қолган миллат ютқазиши аниқ. Глобал тилларни (бизнинг ҳолатда бу – рус, инглиз ва хитой тиллари) билганлар эса олдинга қадам ташлашда давом этаверади. Умуман олганда, ҳар доим шундай бўлган. Нега совет авлоди ҳозирги авлоддан саводлироқ, ўқимишлироқ?! Чунки уларнинг аксари рус тилини билишган. Рус тилидаги ахборот манбаларидан фойдаланиш имконига эга бўлишган. Рус тилидаги ахборот ўзбек тилидагисидан кўра кўпроқ, бойроқ ва сифатлироқ эканини эса мен айтмасам ҳам биласиз. Қизиғи шуки, ўзбек адабиёти ҳам айнан ўша ўзбек тили мақомга эга эмас замонда ривожланган. Адабиёт ривожланишида бошқа жиҳатлар ҳам муҳим, лекин, Абдулла Қаҳҳорнинг буюк ёзувчи бўлишида Пушкин, Достоевский ва Чеховни оригиналида ўқий олиши катта аҳамиятга эга бўлса керак. Рус тилида таълим олган Солижон Шарипов яқин орада ўзбекдан чиққан ягона космонавтлигича қолиши ҳам ҳақиқатга яқинроқ.

Жанубий-шарқий Осиёдаги “йўлбарслар”нинг иқтисодий ривож топишида инглиз тилини ўрганишга давлат томонидан катта эътибор берганининг ўзига яраша салмоқли ўрни бор. Хусусан, Сингапур мўъжизаси муаллифи Ли Куан Ю “Ҳамма инглиз тилини билиши шарт, она тили эса иккинчи тил бўлиши керак” деган эди.

Миллат тили билан миллат, деган гап XXI аср учун эскирган гап. Бугун миллат бўлиш учун ҳамма бир тилда гапириши шарт эмас. Бугун ўзбек бўлиш учун, одам ўзини ўзбек дея идентификациялаши учун ўзбек тилини билиши ҳам шарт эмас. Ҳаммани бир хил гапиртириш ва ўйлашга мажбур қилмоқчи бўлган миллат эса таназзулга юз тутади. Шуниси аниқ.

Тавсия этамиз

Шам ёнар эди…

Қўнғироқ Андрей Петрович бутунлай умидсизликка тушган бир маҳалда жиринглади. — Салом, мен эълон бўйича қўнғироқ …

Добавить комментарий