Бош саҳифа / Сиёсат / Афғонистонда ўзбек тили ва адабиёти ривожланмоқда

Афғонистонда ўзбек тили ва адабиёти ривожланмоқда

Афғонистонда сўнгги 15 йил мобайнида ўзбек адабиёти анча ривожланди. Бу жараёнда Ўзбекистон илм аҳлининг ҳиссаси бор. Бир қанча асарлар араб алифбосига ўгирилиб афғон-ўзбекларга етказиб берилди. Улар учун изоҳли луғат яратилди. Олийгоҳлар ва ўрта таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти бўлимлари очилди.

Жузжон университетидан Нажибулло Исматий “Америка Овози” билан суҳбатда дейдики, Ўзбекистондан келаётган адабиёт катта рол ўйнади. Университетлар ва айниқса, муаллим тайёрловчи масканлардаги дарсликлар Ўзбекистонда ёзилган асарларга таянган ҳолда ишлаб чиқилади. Бунинг ўзи ўзбек тилини илмий равишда ўргатиш ва ўрганишда ёрдам беради.

“Биз ўзбек тилини ўрганишда Ўзбекистонда яратилган адабиётга таяндик. Ўзбекистондан келаётган адабиёт Афғонистонда ўзбек тили ривожланишига, шу жараённинг тезлашишига туртки бўлди. Чунки ўзбек тили Афғонистондан йўқ даражасида, оила тили даржасида эди. Демократия даври деб номланган, Афғонистонда ғарб етакчилигида янги ҳукумат вужудга келди. Шундан кейин ўзбек адабиёти ҳам анча ривожланди ”,- дейди Исматий.

Мутахассис сўнгги 15 йилни ўзбеклар учун “ўзликни англаш даври” деб атайди. Чунки ўзбекларнинг тилга бўлган қизиқиши ва интилиши сезиларни даражада ўсди. Интернетда, хусусан ижтимоий тармоқларда ҳам бунга гувоҳ бўлдик. Одамлар она тилида фикр билдиргиси келади, дейди суҳбатдош.

Афғонистонда ўзбек тили оғир кунларни бошдан кечирган. Ўзбек тилида ижод қилиш ва ҳатто ўзбек бўлишнинг ўзи ҳам хавф саналган пайтлар бўлди. Одамлар ҳаётини ўйлаб ўзбеклигини инкор этган ўтмишда, дейди Нажибулло Исматий.

“Афғонистон бош қонунида ўзбек тили учинчи расмий тил деб қабул қилинди. Шунинг ўзи, ўзбек тилида ёзиш ва ўқиш муаммо чиқармаслиги, энди ҳеч ким ўзбекларни ҳақорат қила олмайди деган ҳисни ўйғотди. Шимолий вилоятларда муаллим тарбияловчи ўрта таълим муассасалари ҳамда университетларда ўзбек тилида ўқиш жараёни бошланди. Бу эса ўзбек тилини халққа қайтариб беришда улкан рол ўйнади”,- дейди Жузжон университетидан Нажибулло Исматий.

Афғонистонда ўзбек адабий тилини ривожлантириш керак ва бунда бадиий адабиётга талаб кучли. Тил, грамматика, тарих, журналистика соҳалари учун китоблар чоп этилиши зарур. Ўзбекистонда чиққанкитобнинг Афғонистон ўзбеклари томонидан ўқилиши муаммо, чунки алифбо бошқача. Иккинчи томондан имловий терминлар, байналмилал сўзлар, жаҳон адабиётидаги шахслар ва жойлар номи русча талаффуз билан қабул қилингани ҳам Афғонситондаги ўзбеклар учун қийинчиликлар туғдиради.

“Ўзбекистон ўзбек тилига рус тили таъсир қилган, Афғонситон ўзбек тилига дари ва пашту тиллари таъсир қилиб, икки ҳудуддаги тиллар фарқли бўлишига замин яратади. Ҳамма жойлардаги ўзбеклар тушуна оладиган адабий тил ташкил этилиши керак, шунда Ўзбекистон, Афғонистон, Украина, Туркманистон, Қозоғистон, Туркия, Саудия Арабистони ва бошқа жойлардаги ўзбеклар ҳам тушунади. Бу нарса ўзбекларни бирлаштиришга ёрдам беради”,- дейди Нажибулло Исматий.

Афғонистонда ўзбек тили ривожи учун ўзбекистонлик олимларнинг асарларидан бир нечтаси араб алифбосига ўгирилиб, мослаштирилиб, чоп этилган. Бу фақат одамларнинг шахсий имконийтига чекланиб қолган. Ўзбек тилини ривожлантириш мақсадида маданий ташкилотлар мавжуд эмас. Бўлганида ҳам фаолият жуда суст.

“Ўзбекистонлик олимлар, ёзувчилар, шоирларнинг асарларини лотин ва кирилл ҳарфидан араб ҳарфига ўгириб чоп этишга тайёрлаб қўйганмиз, жумладан, Абдулло Қаҳҳорнинг ҳикоялар тўплами, “Юлдузли тунлар” романи, Чингиз Айтматовнинг ҳикоялари, Тоғаймуроднинг романи, Абдулҳамид Чўлпонинг шеърлари, Абдулрауф Фитратнинг шеърлари ва бошқа бир неча асарлар нашрга тайёр, лекин чоп қиладиган манба йўқ. Молиявий ёрдам берадиган кишилар йўқ”,- дейди Исматий.

Жузжон университетидаги ўзбек тили бўлими талабалари интернет орқали ўзбекистонлик олимларнинг асарларидан фойдаланади. Ўзбек адабиётига доир бебаҳо имлий манбалар бор, дейди улар.

“Афғонситон ўзбеклари учун Ўзбекистон китоблари асосий манба. Бизнинг ўлкамиз бошқа бўлса ҳам маънавий томондан Ўзбекистонга таянамиз”,- Абдулмалик Эркин, талаба.

“Афғонситонда ўзбек ёзувчилари жуда оз. Ўзбекистонга бориб ўқиб келган устозларимиз бор. Биз уларнинг билим хазинасидан фойдаланамиз. Улар Нурулло Олтой, Шафиқа Ёрқин, Ҳалим Ёрқин, Олим Лабиб, Азизулло Орол, Тошқин Баҳоий ва яна бир неча ёзувчилариниз, олимларимиз, шоирларимиз…”,- дейди Ойша деган ўзбек талаба.

«Америка Овози» сайтидан олинди.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий