Бош саҳифа / Сиёсат / 19 август 1991 йил

19 август 1991 йил

Тўқсон биринчи йилда 12 яшар бола эдим. Ўша пайтдаги ҳолатим ва дунёқарашимни бугунги 12 ёшли болаларга солиштираман. Бугунги болалар сиёсатга қизиқмайди, сиёсатни тушунмайди, сиёсатдан жудаям узоқ, менимча бу яхшиликка, бола болалик дунёсида яшаши керак. Мен эса шу ёшдаёқ сиёсат жинниси эдим. Бунга сабабчи дадам эди. Ўша пайтларда мен ҳамма нарсада — юришда, туришда, ўқишда, гаплашиш оҳангида дадамга тақлид қилардим. Дадам Москвадан келадиган «Огонек», «Литературная газета», «Коммунист»ни ўқирди, русчани ўша пайтда унчалик тушунмасам ҳам бошдан оёқ бу газет-журналларни ҳижжалаб чиқардим. Дадам жума кечқурун соат 1 гача ўтириб, «Взгляд» кўрса, мен ҳам ёнидан жилмасдим. Билағонлик қилиб мактабда тенгдошларим тугул, ўқитувчиларга ҳам сиёсатдан гўёки дарс ўтардим. Ҳозир СССР ҳақида гап кетса, бу тўғрида уларга зид фикрларимни айтсам, катта ёшдаги суҳбатдошларим сен қаёқдан биласан, у пайтда ёш бола бўлган бўлсанг дейишади. Ёш бола эмасдим, ҳаммасини ўз кўзим билан кўрганман, сезганман, ҳис қилганман десам ишонишмайди. Оп қочма дейишади.

1991 йилнинг 19 августи ҳам бир неча сабаблар туфайли хотирамда муҳрланиб қолган. 18 август тунда қаттиқ шамол бўлган эди, шу сабаб маҳалламиздаги трансформатор устига дарахт ағдарилиб свет ўчиб қолган. Ва айни шу тунда сигиримиз туққан. Зимистон қоронғусида нимжон бузоқни эмизишга роса қийналганмиз.

Эрталабдан бирон зарур ишим бўлмаса соат ўн биргача ухлаш одатим бўлган, ҳозир ҳам шундай. Ёз кунлари ташқарида, ҳовлида сўрида ётар эдим. Эрталабдан уйимизга кимдир келишини ёқтирмасдим. Чунки уйқудан туришимга тўғри келарди. 19 август куни дадамнинг амакисининг аёли Момохон аянинг овози мени уйғотган. Кечга яқин аямнинг шанбалиги бор эди (Тошкентлик аёллар гап ейишса, анжанликлар шанбалик ейишарди). Шунга ёрдамлашгани чиққан экан. Турмадим, ётавердим. Момохон аянинг «Янги пошшо бўпти, Калгарбач кетипти, Янаев пошшо бўпти», деган гапларидан кейин уйғониб кетдим. Тура солиб, бетимни ювиб-ювмай, телевизорни қўймоқчи бўлдим, қарасам ҳалиям свет йўқ. Момохон аядан бу гапни кимдан эшитдингиз деб сўрасам, эрим машинасидаги радиодан эшитипти, деди.

Яна бир деталь. Ўша кунларда ҳовлимизда отёғи шафтоли роса пишган эди. Давленияси бор Момохон аяга бир лаган шафтоли териб берганим ҳам эсимда.

Дадам тушдан кейин бир тўплам газета билан уйга келган. Кайфияти йўқ эди. Кайфияти йўқ пайтда эса деярли гапирмасди. Ўша 1991 йилдаги 19 август ҳам бугунгидек душанбага тўғри келган. Дадам олиб келган газеталар 17 август куни чиққан экан, шу сабаб Янаев тўғрисида ҳам, Горбачев тўғрисида ҳам ҳеч қанақа гап-сўз йўқ эди. Фақат Ўзбекистон газеталаридан Президент Каримовнинг Ҳиндистонга илк давлат сафари амалга ошаётгани тўғрисида билиш мумкин эди.

Тушдан кейин соат 4 ларда маҳалланинг аёллари гапга/шанбаликка кела бошлаган. Уларнинг гап-гаштагида мен чой-нон ташиб турганман. Хотинлар Калгарбачни қарғаб, янги пошшо Янаев ҳақига дуо қилишган.

Кечки 6 ларга яқин свет ёнган. Маҳалланинг монтери — доим ширакайф юрадиган, Тбилисининг «Динамо»сига мухлислик қиладиган ва лақаби Шенгелия бўлган Ҳалим ака трансформаторни тузатган. Ҳалим ака светни ёндирганидан мақтаниб уйимизга келган, бу ишни янги пошшо учун «шессекунддда қипташаганини» ҳар икки гапининг бирида такрорлагани ҳам эсимда қолган, дадам уни дарвозадан бери киритмагани ҳам ёдимда.

Телевизорда соат 7-8 ларгача Ўзтв1 каналидан одатий кўрсатувлар, Москва каналларидан эса опера-балет кўрсатишган. Саккиз яримда ўзбекча «Ахборот», тўққизда Москвадан «Время» бериларди. Ахборотда ГКЧПнинг қарори ўқиб эшиттирилган, шунчаки хабар тариқасида, ҳеч қанақа изоҳ ва қўшимчаларсиз. ГКЧП қарори ўқилгач, иккита-учта ишчи деҳқон номидан партия атрофида жипслашишга, огоҳликка чақиргани сюжети кўрсатилган, кейин Президент Каримовнинг Ҳиндистон ташрифидан қайтгани тўғрисида хабар берилган. «Ахборот»дан биз ГКЧП тарафдами ёки унга қаршими тушуниб бўлмасди, ижобий ҳам, салбий ҳам фикр айтилмаган. «Время»да эса асосан ГКЧП аъзоларининг ўша машҳур пресс-конференцияси олиб кўрсатилган. Кейин яна концерт берилган.

Ўша пайтда Ўзтв1 кўрсатувларини иш кунлари соат 23 га қолмай якунларди. 19 августда кўрсатувлар кеч 22 дан ўтиб-ўтмаёқ тугалланган. Биз ҳам эрта ухлаганмиз. Меҳмонларни кузатиб ҳамма чарчаганди. Ётар олдидан дадамга ГКЧП тўғрисида савол бериб қўйиб, балога қолганман, сўкиш эшитганман. Ҳар қандай вазиятда ўзини фикрини айта оладиган дадам ҳам сукут сақлашни лозим топган, НОМАЪЛУМ НОАНИҚЛИК ҲУКМРОН ЭДИ.

Бу воқеалардан 12 кун ўтиб Мустақиллик эълон қилинади. Лекин ўша куни гапга келган аёллар ҳам, монтер Ҳалим ака ҳам, ўзини ҳурфикрли ҳисобловчи дадам ҳам, «Ахборот» ҳам мустақиллик тўғрисида лом-лим дейишмаган. Балки қўрқишгандир, балки ҳаёлига ҳам келмагандир.

19 август 2013 йил
Архивдан. Муаллиф номаълум.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий