Бош саҳифа / Сиёсат / Британ партиялари ТВ дебатда «олишишди»

Британ партиялари ТВ дебатда «олишишди»

Британияда умумхалқ сайловлари 7 майда бўлиб ўтиши кутилар экан, қизиб бораётган сайловолди жараёнининг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланган «лидерлар дебати» телевидение орқали жонли намойиш қилинди.

Унда охирги 5 йил ичида ҳукуматдаги коалицияни ташкил қилиб келган Консерваторлар ва Либерал-демократлар билан бир қаторда яна бешта партия: асосий мухолифатчи Лейбористлар, Яшиллар, Шотландия Миллий партияси, Британия Мустақил партияси ва Уэльснинг Плайд Кумру партиялари иштирок этишди.

Ўтмишда ТВ дебатлар ҳукуматдаги партия ва асосий мухолифатчилар ўртасида бўлиб ўтган бўлса, бу сафар унга кичикроқ партиялар ҳам жалб қилинди.

Кўп демократик мамлакатларида бўлгани каби, ТВ дебатлар ҳали кимга овоз бериш бўйича қарор қилмаган оддий фуқаролар учун ўз номзодини танлашдек ажойиб имкониятни яратади.

Оддий фуқаролар дебат чоғида студиядан номзодларга савол беришлари ҳам мумкин, бироқ бу саволлар аввалдан телепродюсерлар томонидан сараланади.

«Ғалаба бизники!»

Пайшанба оқшомида намойиш қилинган дебат ортидан ҳам Консерваторлар ва ҳам Лейбористлар ғалаба қозонганларини даъво қилишди.

Бош Вазир Дейвид Камерон дебат ортидан зудлик билан ўтказилган оммавий фикр сўровларида «энг юқори ўрин»ни эгаллаганидан жуда мамнун эканини айтса, унинг асосий рақиби Лейборист Эд Милибанд ўзи ва Камерон ўртасида «аниқ танлов»ни намойиш қилганини қистириб ўтди.

Британияда кўпларга яхши таниш бўлмаган ва Шотландиянинг мустақиллиги учун курашиб келувчи Шотландия Миллий партияси раҳбари Никола Стуржен ўзининг «таъсирчан» чиқиши билан кўпларни ўзига ром қилди.

ITV канали орқали намойиш қилинган баҳсни 7 миллион одам томоша қилган.

Етти партия раҳбарлари қатор муҳим масалалар, хусусан соғлиқни сақлаш хизмати, иммиграция ва мамлакат қарзлари каби масалаларда бир-бири билан баҳслашдилар.

Мухолифатчи Лейбористлар раҳбари Эд Милибанд бош вазирни охирги беш йил ичида иқтисодни яхши бошқара олмаслик, керагидан ортиқ иш жойларини ва молиялашни кесиш, ҳамда соғлиқни сақлаш хизматини хусусий компаниялар қўлига топширишда айблади.

Бироқ, баъзи таҳлилчиларга кўра, бош вазирнинг энг йирик рақиби Милибанд, танқиддан нариги ўтолмади ва ўзи келгуси 5 йил ичида қандай сиёсатни амалга оширишини томошабинларга етказишга муваффақ бўлмади.

«Ҳамма муаммо келгиндиларда»?

Баҳснинг энг мубоҳасали иштирокчиси UKIP, яъни Британия Мустақил партиясининг раҳбари Найжл Фараж бўлди. У Британиянинг Оврўпо Иттифоқи таркибидан чиқиши ва бошқа мамлакатларга берадиган ёрдам пулини тўхтатиши йўлида жон куйдирмоқда.

Бироқ, чўрткесарлиги билан танилган жаноб Фараж Британияда ҳар йили рўйхатдан ўтадиган ВИЧ хасталарининг 60 фоизи чет эллик эканини айтиши билан кўпларнинг танқидига учради.

Қолган раҳбарлар уни ноинсонийликда айблаб, хаста одамнинг қаердан экани эмас, балки инсон экани муҳим эканини айтишди.

Дебат ортидан зудлик билан ўтказилган оммавий фикр сўровлари аниқ ғолиб йўқлигини намоён қилди.

Баъзи сўровлар Камеронни илғор дея кўрсатса, қолганлари Милибандни, яна бошқаси эса шотландиялик Стуржен хонимни ғолиб дея тақдим қилди. Албатта, бу сўровларни ким ўтказгани ва кимлар орасида ўтказгани ҳам уларнинг натижасига таъсир қилади.

Манба: BBC Ўзбек хизмати

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

2 комментария

  1. Partiyalar dasturini kim tasdiqlaydi?
    1950 yilgadi Konservatorlar partiyasi go’yasi hozirgi 2010/15 yilgi Konservatorlar g’oyasiga qanchalik mos keladi?

    Har xil partiya nomi bilan BIR XIL MAQSADNI olg’a surish mumkinmi demokratik davlatlarda?

    • Партияларнинг дастури партия қурултойида тасдиқланади. Консерваторлар партиясининг 1950 йилги ва 2015 йилги дастури бир-биридан анчагина фарқ қилиши аниқ. Чунки замон ўзгармоқда. Шунга яраша партия ҳам замонга мослашиб боради, сайловчиларнинг бугунги муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастур яратишга ҳаракат қилади.

Добавить комментарий