Бош саҳифа / Жамият / «Twitter» орқали бошқарилувчи шаҳар

«Twitter» орқали бошқарилувчи шаҳар

Испания жанубида жойлашган Хун шаҳрида уч ярим мингга яқин одам истиқомат қилади. 2011 йили шаҳар ҳокими ўзига хос тажрибага қўл урди. У барча шаҳарликларни Твиттерга “ўтқазишга” ва бу усул билан шаҳарни бошқариш самарадорлигини текшириб кўришга қарор қилди. Хосе Антонио Родриго Салас нафақат шаҳарликларни Твиттерда рўйхатдан ўтишга, балки ўз тви-аккаунтларини ҳокимиятда тасдиқлатишга ҳам кўндира олди. Твиттер аккаунтларининг ҳокимиятда тасдиқланиши, ҳоким чиндан ҳам ўз бошқаруви остидаги шаҳар фуқаролари билан мулоқот қилаётганига ишонч ҳосил қилиши учун керак эди. Шундай қилиб, Хун шаҳрида полициячи ҳам, электрик уста ҳам, фаррош ҳам, мактаб ошпази ҳам, хуллас, ёппасига ҳамма твиттерчига айланди.

Шаҳарликларнинг ҳокимият билан алоқаси тахминан қуйидагича кўринишга эга. Кечқурун бирор фуқаро ҳокимга шаҳар кўчаларининг бирида ишламай қолган чироқ ҳақида хабар юборади. Ҳоким: “Маълумот учун раҳмат. Эртага тўғрилаймиз” – деб ёзилган жавоб твитига шаҳар электрик устасини ҳам қўшади, Твиттер тили билан айтганда, меншн (mention) қилади. Эртаси куни электрик уста тузатилган чироқ фотосуратини Твиттерга қўяди.

1-rgtG20ehuvpLSopm928tiQ

Шаҳарликлар ва ҳокимият ўртасидаги бундай “ўзаро шаффофлик” ҳар икки тарафга бирдек фойдали. Бир тарафдан, агар ҳокимият ўз вазифасини бажармаётган бўлса, шаҳарликлар буни дарров билишади. Иккинчи тарафдан эса, амалдорлар ва коммунал хизмат ходимлари ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришаётганини кўз-кўз қилиш, бунинг ортидан ҳаттоки шаҳарликлар мақтовига сазовор бўлиш имкониятига ҳам эгалар. Мисол учун, тузатилган чироқ сурати чоп этилган твит бир қанча ретвит олган бўлса, кўча тозалайдиган машина ҳайдовчиси ўз твитлари билан аллақачон маҳаллий юлдузга айланиб улгурган.

Шаҳар ҳокимининг айтишича, Твиттер шаҳар бюджетини тежашга ёрдам бермоқда. Мисол учун, шаҳардаги уч полициячи ишдан бўшатилиб, фақат битта полициячи қолдирилган. Шаҳарнинг ягона полициячиси сўзларига кўра, у кунига элликта атрофида твит олади. Бу твитларда йўл-транспорт ходисаси каби жиддий маълумотлар ҳам, “қўшним ҳамма ёқни бошига кўтариб қўшиқ айтиб тинмаяпти, нима қилай?” қабилидаги оддий шикоятлар ҳам учраб туради. Тунда полициячи телефонини ўчириб қўяди. Агар шаҳарда шошилинч бирор нарса юз берса, уни барибир топиб олишади: ҳамма унинг қаерда яшашини билади.

Хун шаҳри аҳолисининг аксари Твиттер шаҳар учун фойдали эканини айтади. Зеро, уларда ҳокимият билан бевосита алоқа қилиш имконияти пайдо бўлди. Лекин норозилар ҳам йўқ эмас. Бир фуқаро барча ишчилар шаҳар ҳокимининг буйруқларини сўзсиз бажараётганидан ғазабда. Қолаверса, унинг айтишича, одамлар нафақат иш, балки ўзининг кундалик ҳаёти ҳақидаги твитлар билан ҳам безор қилишган (“Менга кечки овқатга ким нима егани мутлақо қизиқ эмас”).

2011 йили шаҳар ҳокимлиги учун ўтган сўнгги сайловларда Родригез Саласнинг рақиби “Виртуал эмас, ҳақиқий ҳоким учун овоз беринг!” шиори билан сайловчиларни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилиб кўрган. Гап шундаки, Саласни маҳаллий газеталар, Твиттер билан ўтказилган тажрибадан аввал ҳам, “рақамли ҳоким” деб аташар эди.

Келаси сайловлар 2015 йилнинг май ойида бўлиб ўтади. Ҳозирча Хун шаҳрининг амалдаги ҳокими Твиттерда 350 минг ўқувчига эга ва бу борада, барча рақибларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам, олдинда. Бу борада у ҳаттоки Нью Йорк шаҳри ҳокимидан ҳам машҳурроқ.

Катта шаҳарларда ҳоким кимгадир Твиттерда жавоб берса, бу шов-шувга айланиши аниқ. Испания жанубидаги Хун шаҳарчасида эса бу аллақачон одатий ҳолга айланиб улгурган. Аксинча, агар ҳоким жавоб бермаса, эртаси куни газеталар бу ҳақида албатта ёзиб чиқади.

Манба: Невероятный Хун. История про мэра, который управляет городом при помощи твиттера (Meduza.io)

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий