Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Туркий бирдамлик: ҳақиқат ёки ҳомхаёл

Туркий бирдамлик: ҳақиқат ёки ҳомхаёл

Тарих бўйича билимларимнинг озлигиданми ёки яна бошқа сабаб биланми, хуллас, барча туркий миллат вакиллари бир давлат таркибида, бир байроқ остида яшаганини ҳеч эслай олмадим. Бир давлат ва иттифоқ тугул, барча туркий халқларни бирлаштирувчи обрўлироқ бирор бир уюшма ва ёки ташкилотнинг номини ҳам эслай олмадим.

Шундай бўлсада, туркий бирдамлик мавзуси тез-тез кўтариладиган мавзулардан бири ҳисобланади. Туркий бирдамлик ҳақида гап кетганида, кўпчилик дарҳол Туркия, пантуркизм ва панисломизм деган сўзларни эслайди. Албатта, Туркиянинг барча туркий давлатлар раҳнамосига айланиш истаги йўқ, деб айтиб бўлмайди. Бугунги кунда бу мавзуни энг кўп кўтарадиган ва тарғиб қиладиган ҳам айнан Туркия ёки туркияликлардир. Лекин ҳозиргача бу йўлда бирор сезиларли натижага эришилгани йўқ. Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистонни ўз ичига олган ташкилотдан ҳам бирор натижа чиқишига ишониш қийин.

Шахсий фикримча, туркий бирдамлик айни кунларда амалга ошиши ниҳоятда қийин ва мураккаб бўлган ишдир. Бунинг бир нечта сабаблари мавжуд.

Биринчи сабаб – бу туркий давлатлардаги бугунги сиёсий ҳолат ва ҳокимият тепасида турган шахслар. Бугунги кунда мен билган олти мустақил туркий давлат бор – Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон. Бу давлатларнинг бугунги кундаги сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожланиш йўналишлари ва даражалари бир-биридан анча фарқ қилади. Бундай вазиятда бир ёқадан бош чиқаришнинг имкони йўқ. Бунинг амалий натижасини бугунги куннинг ўзи ҳам кўрсатиб турибди. Ҳаттоки, бир қарашда бу ғоянинг асосий ташаббускори деб кўриладиган Туркия ҳам асосан Яқин Шарқ минтақасидаги етакчилик, Европа ва АҚШ билан ҳамкорликни биринчи ўринга қўяди.

Иккинчидан, одамларимиздаги туркий бирдамликка бўлган эҳтиёжнинг кучли эмаслиги ёки унинг умуман мавжуд эмаслиги. Назаримда, бугун туркий давлатлардаги одамларни бир миллат вакили, деб аташ жуда ва жуда қийин. Қолаверса, Собиқ Иттифоқ давридаги (бу сиёсат Марказий Осиё давлатларида ҳамон давом этмоқда) миллий сиёсат натижаси ҳам таъсир қилади. Яъни, мен туркийман дейишдан, мен ўзбекман, қирғизман ёки қозоқман дейиш одамларимизга кўпроқ ёқади. Мустақилликдан кейин бошланган тарихни қайта ёзиш жараёни эса халқларимизни бир-биридан янада узоқлаштирди, назаримда. Тарих китобларимизда фақат ўз миллатимизнинг қандай буюк эканлиги, қандай бой тарихга эга эканлигимиз, қандай буюк инсонларнинг фарзанди эканлигимиз ёзилди. Натижада барча миллат вакилларида олийлик ҳисси уйғонди, қолганларга, айниқса қардош миллатларга паст назар билан қараш кучайди. Минтақада миллатчилик кайфияти кучайиб бораётгани бунга мисол.

Учинчи ва менинг назаримда энг катта сабаб – дунёнинг энг қудратли давлатлари туркий давлатлар иттифоқидан умуман манфаатдор эмас. АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи бундай иттифоқ бу давлатлар устидан назорат ўрнатиш қийинлашиши сабаблигина қарши бўлса, Россия ва Хитой ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш учун ҳам қарши бўлади. Тасаввур қилинг, барча мустақил туркий давлатлар иттифоқ тузиб, ривожлана бошлади; ташқи ва ички таҳдидларга биргаликда ечим топа бошлашди; хуллас, иттифоқ ўз самарасини бера бошлади. Бундай ҳолат, табиийки, бошқа давлатлар таркибидаги туркий давлатларда ҳам бу иттифоққа кириш ниятини уйғотади. Яна ҳам аниқроқ айтсам, Россияда татарлар ва бошқирдлар, Хитойда уйғурлар бу давлатлар таркибидан чиқиш истагини билдириши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ўзи шундоқ ҳам муаммоли саналган бу мавзунинг яна авж олишини Россия ва Хитой хоҳламаслиги аниқ, албатта. Эрон ва Афғонистонда ҳам кўп сонли туркий миллат вакиллари яшашини ҳисобга олсак, бу давлатлар ҳам туркий бирдамликдан хурсанд бўлмаса керак. Кўриб турибмизки, деярли ҳеч ким бизнинг бирлашишимиздан манфаатдор эмас. Бу эса бирлашиш йўлига олиб келувчи ҳаракатлар бошланиб улгурмасиданоқ уларни йўқ қилишга қаратилган дастурлар ҳам пайдо бўлади деганидир.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий