Бош саҳифа / Сиёсат / Туркия сайловлари ҳақида

Туркия сайловлари ҳақида

Якшанба куни Туркияда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Дастлабки натижаларга кўра, президент Ражаб Тойип Эрдоғаннинг “Адолат ва тараққиёт” партияси нафақат конституцион, балки, оддий кўпчиликни ташкил этиш учун керакли овозни ҳам тўплай олмаган. “Адолат ва тарққиёт” 40 фоиз, Халқ-республикачилар партияси 25 фоиз, “Миллий ҳаракат” партияси 16,5 фоиз ва Халқ демократик партияси 13 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган. Шундай қилиб, “АК партия”нинг 13 йилдан буён давом этаётган якка ҳокимлиги ўз ниҳоясига етган кўринади.

Бу сайловлар, сайловолди кампанияси даврида мухолиф партиялар томонидан бир неча бор таъкидланганидек, Туркия учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. Зеро, “Адолат ва тараққиёт” керакли натижани қўлга киритган тақдирда, партия мамлакат конституциясига ўзгартиришни мўлжаллаётган эди. Бу ўзгаришлар кўра президент ваколатлари анча кенгайиши ва Туркия президентлик бошқарувидаги давлатга айланиши керак эди. Оддий қилиб айтганда, бу ўзгаришлар давлат тизгинини расман яна Эрдоғанга қайтариши керак эди. Туркия эса бунга рози бўлмади.

Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгач, ҳам миллий, ҳам диний ўхшашликлар сабаб, Туркия минтақа давлатлари учун ривожланиш модели сифатида кўрила бошлаган эди. Лекин, сўнгги йилларда Ражаб Тойип Эрдоған олиб бораётган сиёсат, аксинча, Туркия Марказий Осиё давлатларидан андоза олаётган таассурот уйғонаётган эди.

Ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйилиши, бу тўсиқни ноқонуний деб топган судга нисбатан босим ўтказилиши, коррупцион можаролар, либерал қарашдаги нашрларга тазйиқ ўтказиш ва ҳоказолар кўпчиликни “Адолат ва тараққиёт”га овоз бермасликка қарор қилишга мажбур қилган бўлса, ажаб эмас. Эрдоған ва унинг партияси таклиф қилган конституцион ислоҳотлар ҳам на Эрдоған ва на партия фойдасига хизмат қилди. Чунки, конституция киритилажак ўзгартиришлар Туркия манфаати учун эмас, Эрдоған ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун амалга оширилаётганини ҳамма тушунди. Умуман олганда, буни тушуниш учун сиёсий таҳлилчи бўлиш шарт эмас.

Кечаги сайловлар эса, менимча, Туркия ҳали ҳамон Марказий Осиё учун намуна бўла олиши мумкинлигини исботлади. Биз учун ўрганадиган энг катта жиҳат, менимча, фуқароларнинг давлат сиёсатини белгилашдаги ўрнидир. Туркия фуқаролари мамлакат қайси йўналишда ривожланиши, бошқарув тизими қандай бўлиши кераклигини Эрдоған ёки Довуд ўғли эмас, айнан турк халқи сайловлар орқали белгилашини намойиш этди. Яна бир муҳим жиҳат шуки, турклар келажакни Эрдоғаннинг ўтмишдаши хизматлари ёки бугунги барқарорликка алмашишмади. Бизга таниш ҳолат бу, тўғрими?

Хуллас, Туркияда фаол фуқаролик жамияти шаклланиб улгургани ва бу жамият Эрдоғанга Путин, “Адолат ва тараққиёт”га “Единая Россия” бўлиш имконини бермаслиги ойдинлашди. Туркияликларни бу улкан ғалаба билан табрикласак арзийди.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий