Бош саҳифа / Сиёсат / Трампистон

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди.

Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) ва сўнгги дақиқаларгача умид қилдим. Бахтга қарши Дональд Трамп ғалаба қозонди. Начора.

Кўпчилик Трамп ғалабасини Брекзитга қиёсламоқда. Дарҳақиқат, иккала ҳолатда ҳам барча сўров ва прогнозлар “remain” ва Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини кўрсатаётган эди. Ҳўш, нега тахминлар ўзини оқламади? “Медуза”да Григорий Юдин шу ҳақида ўз фикрларини билдирган. Унга кўра, биринчидан, Трамп тарафдорлари мавжуд ҳукмрон элитадан норози ва турли сўровларда ҳам қатнашишни хоҳламаган одамлар. Иккинчидан, кўпчилик, негатив информацион фон сабаб, Трампга овоз бермоқчи эканини очиқ айтишга уялган. Қолаверса, ОАВ одамларни Клинтоннинг ишончли ғалабасига шу даражада ишонтириб қўйдики, Клинтонга овоз бермоқчи бўлганларни жуда ҳотиржам қилиб қўйди. Мен бормасам ҳам барибир Ҳиллари ютади, деган ишонч билан сайловга бормаганлар ҳам Трамп ғалабасига ўзлари билмаган ҳолда ҳисса қўшиб қўйишди.

Албатта, Трампнинг ғалабасида АҚШ элитасининг ҳам айби бор. Мавжуд муаммоларга ечим топиш тугул, кўп муаммоларнинг борлигини ҳам тан олишни истамади. Охир-оқибат сайловчилар радикал ғояларни илгари сураётган циник Дональд Трампга овоз бериб, элитани жазолашга қарор қилди. Яна бир айтиб ўтиш лозим жиҳат, АҚШ сайлов тизими яна бир бор панд берди. Чунки, сайловчиларнинг умумий сони бўйича ҳисоблаганда, Ҳиллари Клинтон кўпроқ овоз тўплади, лекин, сайловчилар коллегиясида етарлича овоз тўплай олмади.

Энди буёғига нима бўлади?

Биринчи тахминга кўра, АҚШ сиёсатида деярли ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Элита қўллаб-қувватлаган номзод мағлуб бўлган бўлса ҳам, ҳалиям Вашингтонда унинг таъсири кучли. “Новая газета”да Юлия Латинина бу ҳақида фикр билдириб, элита Трампни икки йил мобайнида ёки ўз йўриғига солиб олади, ёки импичмент орқали ҳокимиятдан четлатади, деган фикрни олға сурибди. Интернетдаги кўп манбалар Трамп фақат бир муддат, яъни тўрт йил президентлик қилишини башорат қилмоқда. Қизиғи шуки, интернетдаги ҳудди шу манбалар 3-4 кун аввал Ҳиллари Клинтон ишончли ғалаба қилишини ҳам башорат қилаётган эди.

Иккинчи тахминга кўра, бу фақат бошланиши, бутун сайловолди кампанияси мобайнида Ҳиллари Клинтонни ўз қоидалари бўйича ўйнашга мажбур қила олган Дональд Трамп тўрт йил билан чекланмайди. Трампнинг сайланиши дунё циник қадриятлар циклига кираётганидан дарак ва бу тенденция ҳали давом этади. АҚШ сайловчилари, амалдаги сиёсий тизим, мавжуд элита Трампга Путин ёки Эрдоған бўлиш имконини бермайди, дейишмоқда. Лекин, эътибор берсангиз, йигирма биринчи аср аввалида рус олигархияси Путинга диктатура ўрнатишига йўқ қўймаслиги, ёки нари борса 3-4 йил аввал турклар Эрдоғанга “усмонийча” сиёсат юргизишга йўл қўймаслиги ҳақида ҳам шундай ишонч билан гапирилган. Натижани эса кўриб турибсиз.

Дональд Трампни сайловчилар танлади, нима эътироз дерсиз? Трамп ғалабаси Адольф Ҳитлернинг ҳокимиятга келишига қиёсланаётгани бежиз эмас. Ўшанда фашистларни ҳам сайловчилар ҳокимиятга олиб келган эди. Ўшанда ҳам бугунгидек радикал қатлам сайловда жуда фаол, интеллигенция ва ўрта синф эса бефарқ бўлган эди. Ёмон тарафи шуки, интеллигенция ва ўрта синф ўзи истаса ҳам реванш олиш имкониятига эга эмас. Чунки ҳокимият келганлар аниқлайди энди ким интеллигенция ва ким ўрта синф эканини. Фақатгина жаҳон уруши каби фавқулодда глобал фожеа одамларнинг ақлини киритиб, шартли Трампларга қарши фильтрни пайдо қила олади.

Биринчи вариант тўғри чиқишидан умид қиляпману, афсуски, воқеалар ривожи иккинчи вариант ҳақиқатга яқинроқ эканидан далолат бераётгандек… Шуниси аниқки, 2016 йилнинг 9 ноябр куни АҚШ эркинлик, демократия, инсон ҳуқуқлари деган тушунчалар бўйича лидерлик қилиш ҳуқуқини, русча айтганда «моральное право»ни бой берди.

Тавсия этамиз

Нега Россия АҚШга мағлуб бўлади?

Кеча ўқиганим Илья Варламовнинг навбатдаги блогпости менга ёқиб қолди ва уни таржима қилишга қарор қилдим. …

Добавить комментарий