Бош саҳифа / Жамият / Кучли давлат

Кучли давлат

Мазам қочиб қолди. Докторга боришга эриниб, икки кун уйда ётдим. Бўлмади. Охири, хушимдан кетишимга оз қолганда, онам докторга боришга мажбур қилди. Доктор дардимни эшитгач, иккита осма укол ва бир дунё дори ёзиб берди. Физиотерапия бўлимидаги ҳамшираларга айтсангиз, уколларингиз қилиб қўйишади, деб хайрлашди.

Физиотерапия, халқ тили билан айтганда “светга тушадиган жой”га бориб, ҳамширага учрадим. Укол тайёр бўлгунича мана бу ерда ётиб туринг, деб бир ҳалта дори-дармонни шарақ-шуруқ қилиб олиб чиқиб кетди. Икки-уч дақиқада қайтиб келиб, осма укол қилиб, яна чиқиб кетди. Қанча ётаман, деган саволимга, қирқ дақиқача, деган жавоб олдим.

Қирқ дақиқа қачон ўтди энди… Шу пайт ораси юпқа тахта материал билан тўсилган қўшни хонада ётган икки чол суҳбат бошлаб қолишди.

– Ўриснинг замонида қурилган, шекилли…
– Ҳа, ўрис кўп нарса қурган эди. Ҳаммасини бузиб тугатдик.
– Э, нимасини айтасиз. ШР заводнинг ўзида қанча одам ишларди а? Хладокомбинат ва мясокомбинатда-чи?
– ШР завод ҳозир бозор бўлган. Пахта заводниям бузиб, ўрнига бозор қуришди.
– Пилла-ку, ҳеч ким қурт боқмай қўйди. Пахта эктириб, ҳеч бўлмаса, шу пахта заводни сақлаб қолса бўларди…

Одатда, совет даврида яшаган одамларнинг шунга ўхшаш суҳбатини эшитиб қолсак, бу ҳолатни совет даврини қўмсаш, деб атаймиз ва суҳбат қаҳрамонларини мустақилликни қардига етмасликда, мустабид тузумни улуғлашда айблаймиз.

Мен ҳам аввалига шундай деб ўйладим. Ҳа энди, бу чоллар ўша тузумда тарбия топган, ўша замонни мақтайди-да, деб қўйдим. Лекин, бу суҳбат уйда яна эсимга тушиб, қайта таҳлил қилгач, бу икки отахон совет даврини қўмсамаяпти, деган хулоса келдим. Юқоридаги суҳбатни сиз ҳам яна бир бор ўқиб кўринг!

Энди эса қуйидаги суҳбатни ўқинг.

– Эсингиздами, бизнинг замон қанақа зўр замон эди? Ленинча шиорлар, коммунизм қуриш орзуси… Булар, капитализм қурамиз, деб ҳаммасини барбод қилишди.
– Нимасини айтасиз… Қизил галстукли пионерлар кўчаларимизга қандоқ ярашар эди. Ленин бобомлар, деган шеър ҳалиям эсимда…

Тахминан шундай суҳбат бўлганида, эҳтимол, иккала чол совет даврини қўмсаяпти, деган хулоса қилиш учун озми-кўпми асосим бўлар эди. Улар эса асосан бузилиб кетган заводлар, яна қанақадир ишхоналар ва у ерда яратилган шароитлар ҳақида гапиришмоқда эди…

Менимча, бу икки қария, шунчаки, ишлаб чиқариш ва саноат ривожланган, фуқаролар иш билан таъминланган ва ижтимоий мухофаза қилинган кучли давлатда яшагилари келяпти. Ўзлари яшаган сўнгги мана шундай давлат ҳақида суҳбат қурмоқда. Шу, холос. Совет Иттифоқи ростдан ҳам шундай давлат бўлганми ёки йўқми, бу энди бошқа мавзу.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий