Бош саҳифа / Блогинг / Санжар Саид. Кўча қоидалари. Бирдамлик.

Санжар Саид. Кўча қоидалари. Бирдамлик.

Блогер Санжар Саид Фейсбукда Ўзбекистондаги ёшлар сиёсати бўйича ўз фикрларини билдирибди. Хусусан, “Камолот”ни тарқатиб, унинг ўткан йиллар давомидаги фаолиятини текшириб, агар қонунбузарликлар, давлат маблағлари ва мол-мулки талон-тарож қилинган ҳолатлар аниқланса, айбдорларни қонуний жавобгарликка тортишни таклиф этган.

Ҳозир гап “Камолот” ҳақида эмас. Гап шундаки, Фейсбукдаги баъзи азаматлар Санжарнинг пости остида фикр билдириб, Санжарни хоинликда айблашибди. Ҳаттоки, унинг оиласига тил текказиб, “кўча қоидалари” бўйича гаплашиб қўйиш билан таҳдид ҳам қилишибди.

Санжар братишка , кўчани қоидаларига жавоб беромай қоласан. Журналистика қоидаларига ишонма.”

“Камолот” тарафдорларини бир блогернинг билдирган оддий таклифига нега бу қадар агрессив муносабат билдирилгани менга қоронғу, ким билади, балки, таклиф давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, ташкилот фаолияти таҳлил қилиниб қолса, ишсиз қолиши, уят бўлиши ёки умрнинг маълум қисмини жазони ўташ муассаларида ўтказишлари мумкинлигидан қўрқиб кетишгандир?! Билмадим. “Камолот” шунчалик яхши ташкилот бўлса, унинг яхшилигини исботловчи далилларни қалаштириб ташлашмайдими, Санжарнинг ўзи уялиб қолмайдими… Рамзаноидларга хос таҳдидларга қараганда кўрсатишга арзийдиган нарсанинг ўзи йўқ шекилли.

Бугун эрталаб доимий ўқийдиган блог ва сайтларимни варақлаб ўтириб Варламовнинг сайтида Райкиннинг нутқи ва Познернинг бу нутқини қўллаб ёзган гапларини ўқиб қолдим. Райкин ўз нутқида “цеховая солидарность” ҳақида гапирган. “Цеховая солидарность” – бир иш билан шуғулланувчи инсонларнинг ўзаро бирдамлигидир. “Цеховая солидарность” – бу ҳамкасбинга ҳужум қилишаётганида ўзаро ғоявий ва бошқа қарама-қаршиликларни унутиб, унинг тарафини ола билишдир. Бундай бирдамлик, менимча, ижодий иш билан шуғулланувчилар учун жуда зарур ва муҳимдир.

Мен ва Санжар Саиднинг дунёқараши турлича бўлиши мумкин. Мен Санжар Саид ўз блогпост ва мақолаларида билдираётган фикрларига умуман қўшилмаслигим мумкин. Лекин, кимдир Санжарнинг билдирган фикри учун унга таҳдид қилиб, “кўча қоидалари” бўйича гаплашиб қўймоқчи бўлса, мен Санжар Саиднинг ёнида бўламан. Унинг тарафидаман.

Мен сиз айтган фикрларингизнинг бирортасига ҳам қўшилмайман, лекин ўз фикрингизни айта олиш ҳуқуқингиз учун жонимни бераман. Вольтер.

Бошқа блогерларни ҳам Санжар Саидни қўллаб-қувватлашга чақираман. Шуни унутмангки, бугун Санжар Саидга таҳдид қилган кимсалар эртага менга ҳам, сизга ҳам “кўча қоидалари”ни ўтказишга ҳаракат қилади. Шундай экан, уларга Санжар ёлғиз эмас эканлигини кўрсатиб қўйишимиз ва бундай муштумзўрларни давлат қонун-қоидалари бўйича жавоб беришга мажбур қила оладиган органлар борлигини эслатиб қўйишимиз шарт! Ишонаман, Ўзбекистон қонун бўйича кафолатланган сўз эркинлигини ва шу ҳуқуқдан фойдаланиб ўз фикрини айтган журналистларни қонун доирасида ҳимоя қилишга кучи етади.

Тавсия этамиз

Наталя (Таля). Хотима

Таля билан боғлиқ батафсил интим тафсилотларни кутаётганларнинг ҳафсаласини пир қиламан. Бу томони энди ўта шахсий …

Добавить комментарий