Бош саҳифа / Сиёсат / Эдвард Сноуден қаҳрамон эмас

Эдвард Сноуден қаҳрамон эмас

Бугунги кунда Эдвард Сноуден ҳақида ортиқча тўхталиб, унинг ким экани ва нима ишлар қилгани ҳақида гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Мақола ёзишдан кўзланган мақсад ҳам Сноуден ҳақида маълумот бериш эмас. Мен шунчаки унинг қилмишларига ўзимнинг шахсий муносабатимни билдирмоқчиман, холос. Блогим менга бундай имкониятни беради, чунки бу менинг шахсий дафтарчамдек гап, калламга нима келса, шуни ёзаман.

Эдвард Сноуден АҚШнинг одамларнинг ижтимоий тармоқлардаги ҳатти-ҳаракатларини кузатиш имконини берувчи дастур устида ишлаётганини ошкор этганидан кейин, дастур борасида ҳам, Сноуден борасида ҳам бахс-мунозаралар авжига чиқди. Кимнингдир наздида у ўз жонини хавф остига қўйиш эвазига АҚШнинг одамларнинг шахсий ҳаёти устидан назорат ўрнатишга қилган уринишларига барҳам беришга интилган қаҳрамон, бошқалар наздида эса у сотқин.

Тўғриси, Эдвард Сноуденни қаҳрамон деб эълон қилишга шошилмаган бўлардим. У АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси ва АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлиги ходими эди. Бу ташкилотларга ишга қабул қилинишидан олдин у унга ишониб топширилган махфий маълумотларни сир сақлашга қасамёд қилган. Ўз қилмиши билан эса Сноуден ўз қасамёдига хиёнат қилди. Қандай эзгу ният билан қилинганидан қатъий назар, хиёнат барибир хиёнат. Яъни у қонунни бузди, шунга яраша жавоб бериши ҳам керак.

Уни қаҳрамон деб аташимга ҳалал берувчи яна бир муҳим жиҳат, бу у бошпана излаётган давлатлардир. Хитой, Россия, Куба, Венесуела, Никарагуа ва ҳоказо… Бу давлатларнинг бирортасини инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бобида намуна қилиб кўрсатиш амри маҳол. Яна билмадим, балки, сиз бу борада бошқача фикрдадирсиз.

Яна бир, менинг фикримча таъкидлаш жоиз жиҳат, агар Сноуден қилган ишни Россия ёки Хитой махфий хизмати вакиллари амалга оширганида, бу давлатлар ҳукуматларининг реакцияси АҚШ ҳукуматиникидан фарқи бўлмасди. Бугун улар томонидан Сноуденга кўрсатилаётган “ғамхўрлик” эса душманимнинг душмани менинг дўстим қабилидаги ишдир. Қолверса, бу “ғамхўрлик” замирида АҚШ разведкасининг собиқ вакилидан қимматли маълумотлар манбаи сифатида фойдаланиш истаги ҳам йўқ эмаслигини тахмин қилиш қийин эмас.

Адолат юзасидан, агар рус разведкачиси сотқинликда айбланса, АҚШ унга бошпана бериши эҳтимоли юқори эканини айтиб ўтишим, ортиқча бўлмаса керак.

Бугунги кунга келиб, Эдвард Сноуден ўз иши билан нимага эришмоқчи эди-ю, кўзлаган мақсадига эриша олдими, деган саволларга аниқ, узил-кесил жавоб бериш мушкул. Агар у машхурликка, ҳамманинг эътиборини ўзига қаратмоқчи бўлган бўлса, унга тўлиғи билан эришди. Агар мақсад АҚШ ва Россия муносабатларига совуқчилик тушириш бўлган бўлса, бу вазифа ҳам қисман бажарилди. Барак Обама “Катта йигирмалик” саммити доирасида Владимир Путин билан режалаштирилган учрашувини бекор қилди. Агар, ўзи айтганидек, инсон ҳуқуқларининг бузилишининг олдини олмоқчи бўлган бўлса, буни, афсуски, аниқлашнинг иложи йўқ. Агар унинг мақсади шугина бўлганида, буни АҚШда туриб ҳам амалга оширишга ҳаракат қилиши мумкин эди. Агар унинг мақсади шугина бўлганида, унга АҚШда қамоқда ўтириш, Хитой ёки Россияда эркинликда юришдан афзал бўлган бўларди. Агар у ҳеч қаерга қочмаганида ва бугун АҚШ қамоқхонасида ўтирганида, эҳтимол, мен уни бугун қаҳрамон сифатида таърифлаётган бўлардим.

Бу ҳаммаси менинг камтарона фикрларим эди ва улар сизга умуман ёқмаслиги, мумкин. Мени америпарастликда ҳам айблашингиз мумкин. Бунга тўла ҳақлисиз, зеро, менинг фикрим ҳаммага маъқул келиши имконсиз нарса. Конструктив фикр ва мулоҳазалар учун ҳамиша очиқман. Омон бўлинг!

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий