Бош саҳифа / Блогинг / Шахсий сайт нархи қанча?

Шахсий сайт нархи қанча?

Янги йилнинг илк кунида ёзган блогпостимда бир қатор ўзбек блогерларининг блоглари шахсий сайтга айлангани ҳақида ёзган эдим. Бу, албатта, яхши. Лекин, шу ўринда бу нарсанинг ўзига яраша чиқимлари борлигини ҳам айтиб ўтиш керак.

Аслида бугунги блогпостни ёзишимга блогер Шерзод Ғайбуллаевнинг мана бу твити сабаб бўлди.

Қиш бошида ўзим ҳам шунга ўхшаш муаммога дуч келганим сабаб, шу ҳақида блогпост ёзиб, блогини алохида домен ва хостингга ўтказмоқчи бўлган блогерларга уларни қандай чиқимлар кутаётгани ҳақида бохабар қилиш истаги туғилди. Қулайроқ бўлиши учун ўзимни мисол келтириб ёзаман. Яна бир муҳим жиҳат – бу блогпост фақат WordPress’да сайт очмоқчи бўлганлар учун.

Домен

Аввало блог учун шахсий домен сотиб олишингиз керак. Қуйидаги жадвалда энг оммабоп доменлар қанча муддатга неча пул туриши кўрсатилган.

domain

Мисол учун “.com” домени учун, агар 1 йилга олсангиз, биринчи йил 2,99 АҚШ доллари миқдорида пул тўлайсиз. Бир йил ўтганидан сўнг домен муддатини узайтириш 14,99 АҚШ долларига тушади. Яъни, биринчи йилни ҳисобга олмаса, falonchi.com домени ижараси учун йилига 15 АҚШ доллар сарфлашингиз керак.

Хостинг

Хостинг нималигини билмайдиган одамга уни нима деб тушунтириш мумкин, тўғриси, билмайман. Хостинг, агар шундай ўхшатиш тўғри келса, уй қуриш учун сотиб олинадиган бўш майдон. Хуллас, шахсий сайтингиз учун хостинг керак. Қуйидаги суратда GoDaddy компанияси таклиф қилаётган тариф режалар нархини кўришингиз мумкин.

hosting

Бундан ташқари GoDaddy махсус “Managed WordPress” таснифидаги тариф режаларини ҳам таклиф қилади.

wp managed

Айни кунларда менинг блогим “Starter” тарифида ишламоқда. Тариф 1 та вебсайт ва 100 Гб таклиф қилади. “Starter” тарифининг илк харид чоғидаги бугунги нархи ойига 3,99 АҚШ долларни ташкил этади (минимал муддат – 3 ой). Хостинг муддати тугаб, уни узайтирмоқчи бўлсангиз, ойига 6,99 АҚШ доллари миқдорида пул тўлашингиз зарур. Хуллас, GoDaddy хостингида ишламоқчи бўлсангиз, энг арзон нарх билан ҳисоблаганда йилига 47,88 АҚШ доллари харажат қиласиз.

GoDaddy’нинг барча хостинглари бир йилга бепул домен олиш имконини беради. Шундай экан, сайт очишдаги илк қадам домен сотиб олиш эмас, хостинг сотиб олиш бўлиши ҳам мумкин.

“Тема”

Блогингиз/сайтингиз ташқи кўриниши чиройли бўлиши учун чиройли “тема/шаблон” зарур. WordPress бир қатор кўриниши анча чиройли бепул “тема”лар таклиф қилади. Лекин, сизга ёқиб қолган “тема” пуллик бўлиши эҳтимоли ҳам анча юқори. Бу ҳолда икки йўл бор: ёки бепул “тема”га қаноат қиласиз, ёки яна пластик карточкани чўнтакдан чиқарасиз.

Менинг блогимда мисрлик дизайнерларнинг Tielabs гуруҳи томонидан яратилган Sahifa “тема”си ўрнатилган. Ушбу “тема”ни themeforest.net сайти орқали 58 АҚШ долларига сотиб олиш мумкин. Бу сайтда жуда кўп WordPress “тема”лар мавжуд. Ўз дидингизга ва эҳтиёжларингизга қараб танлаб олишингиз мумкин.

theme

Албатта, кўплаб пуллик “тема”ларнинг эскироқ версияларини интернетдан бепул ҳам топиш мумкин. Лекин, агар сиз ўз блогингизга узоқ муддатли, жиддий лойиҳа сифатида қарасангиз “тема”ни пулга сотиб олишни маслаҳат берган бўлардим. Биринчидан, сиз “тема” ижодкорлари билан боғланиб, улардан ёрдам олишингиз, эътирозларингизни билдиришингиз мумкин. Қолаверса, маълум вақт ўтиб “тема”ни бепул “update” қилиш имкони ҳам бўлади.

Хулоса

Хуллас, мен келтирган нархлар бўйича ҳисобласак, бепул «тема» ўрнатилган сайт учун биринчи йил 50,87, иккинчи йилдан бошлаб эса 98,87 АҚШ доллари сарфлашингиз керак бўлади.

Бепул платформалардан воз кечишдан аввал юқорида мен санаб ўтган харажатларни ҳисоблаб кўринг. Блогингиз шу харажатларга арзийди, деб ҳисобласангиз ҳам, менга шунисиям етади, десангиз ҳам ихтиёр ўзингизда. Шуни унутмангки, блогнинг бепул платформада ёки пуллик хостингда экани унинг машҳурлашишига катта ҳисса қўшмайди. Чунки, блогпост ўқиётган одам энг аввало блогпостнинг мазмуни, унда ёритилган мавзуга эътибор беради.

Ушбу блогпост фақатгина шахсий тажрибадан келиб чиқиб ёзилди. Домен ва хостингни мен кўрсатгандан кўра арзонроқ нархларда таклиф қилувчи сайтлар мавжудлигини унутманг!

Тавсия этамиз

Блогерлар барибир мавжуд!

“Кашин” сайти ўтказган “Йилнинг энг яхши журналисти” танловида ғолиб бўлгач “Варламов – блогер, нега энди …

Добавить комментарий