Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Шам ёнар эди…

Шам ёнар эди…

Қўнғироқ Андрей Петрович бутунлай умидсизликка тушган бир маҳалда жиринглади.

— Салом, мен эълон бўйича қўнғироқ қиляпман. Сиз адабиётдан дарс берасизми?

Андрей Петрович видеофон экранига разм солди. Чамаси ўттиз ёшлардаги эркак. Жиддий кийинган — костьюм, галстук. Ўзи кулиб турса ҳам, кўзлари жиддий. Андрей Петровичнинг юраги ҳапқириб кетди. У интернетга эълонни, шунчаки, доимий одатига кўра қўйганди, холос. Ўн йил ичида олти марта қўнғироқ қилишди. Учтаси рақамни адаштирганлар, иккитаси эски усулда ишловчи суғурта агентлари, яна биттаси адабиёт сўзини бошқа сўз билан адаштирган бўлиб чиқди.

— Ҳ-ҳа, дарс бераман, — ҳаяжондан бироз довдираб жавоб берди Андрей Петрович. – Уйда. Сиз адабиётга қизиқасизми?
— Қизиқаман, — бош ирғади суҳбатдош. – Менинг исмим Максим. Шартлари қандай?

“Текинга!” – Андрей Петровичнинг оғзидан чиқиб кетишига оз қолди.

— Тўлов соатбай, — ўзини гапиришга мажбур қилиб деди у – Келишув бўйича. Қачон бошламоқчисиз?
— Мен, умуман…
— Биринчи дарс бепул, — шошилиб қўшиб қўйди Андрей Петрович. – Агар сизга ёқмаса, унда…
— Эртага, — қатъият билан деди Максим. – Соат ўнда, сизга маъқулми? Тўққизда болаларни мактабга элтиб қўйгач, иккигача бўшман.
— Маъқул, — деди Андрей Петрович хурсанд бўлиб. – Манзилни ёзиб олинг.
— Айтаверинг, эслаб қоламан.

Ўша тун Андрей Петрович ухлай олмади. Ҳаяжондан қалтираётган қўлларини қаёққа қўйишини билмай, туни билан кичкинагина хонасида у ёқдан бу ёққа босиб юрди. Мана ўн икки йилдирки, уни ишдан бўшатишганидан бери, у фақирона нафақага яшар эди.

— Сиз жуда тор доирадаги мутаҳасиссиз, — деганди ўшанда лицей директори кўзларини олиб қочганича. – Биз сизни тажрибали ўқитувчи сифатида қадрлаймиз, лекин сизнинг фанингиз, афсуски… Айтингчи, сиз қайта ўқишни хоҳламайсизми? Ҳаражатнинг бир қисмини лицей тўлашга тайёр. Виртуал этика, виртуал ҳуқуқ асослари, робототехника тарихи… Сиз бемалол шу фанлардан дарс берган бўлардингиз. Ҳатто кинематографга қизиқувчилар ҳамон анча топилади. Тўғри, унинг замони ҳам тугашига оз қолди… Хўш, нима дейсиз?

Андрей Петрович таклифни рад этган эди. Кейин афсусланди ҳам. Янги иш топишнинг имкони бўлмади. Адабиёт саноқли ўқув юртларидагина қолди, сўнгги кутубхоналар ёпилди, тилшунослар бирин-кетин бозори чаққон фанларга қайта ўқишди. У икки йилча гимназия, лицей ва махсус мактабларидан иш қидирди. Бўлмагач, охири тўхтатишга мажбур бўлди. Ярим йилча қайта ўқитиш курсларига қатнади. Хотини вафотидан сўнг ўқишни ҳам ташлади.

Жамғарманинг кўп ўтмай таги кўриниб қолди. Андрей Петрович камтарона ҳаёт кечиришга ўтишга мажбур бўлди. Кейироқ эски, лекин ишончли аэромобилини сотди. Кейин онасидан қолган антиквар сервиз, унинг кетидан турли буюмлар. Кейин эса… Андрей Петрович ҳар сафар шу ҳақида ўйлаганда юраги орқага тортиб кетарди – гал китобларга келган эди. Қадимий, қалин жилдли, қоғоз китоблар. Улар ҳам онасидан мерос. Раритетлар учун коллекционерлар яхшигина тўлашарди. Шу тариқа Граф Толстой Андрей Петровични бир ой боқди. Достоевский – икки ҳафта. Бунин – бир ярим ҳафта.

Шундай қилиб Андрей Петровичнинг энг яхши кўрган, ўн марталаб қайта ўқилган юзтача китоби қолди, холос. Ремарк, Хемингуэй, Маркес, Булгаков, Бродский, Пастернак… Китоблар токчада, тўрт қаторни эгаллаб турар эди. Андрей Петрович ҳар куни китобларнинг жилдидаги чангларни артишни канда қилмас эди.

Агар бу йигит, Максим, — девордан деворга асабий юрганича тартибсиз ўйлай бошлади Андрей Петрович – агар у… Балки унда Бальмонтни қайта сотиб олишга имкон бўлар. Ёки Муракамини. Ёки Амадани.

Бўлмағур гап, бирдан тўхтади Андрей Петрович. Китобларни қайта сотиб олишнинг аҳамияти йўқ. У ўзи билган нарсаларни бошқаларга ўргатиши мумкин. Энг муҳими шу!

Максим роппа-роса ўнда эшик қўнғироғини босди.

— Кираверинг – бироз ҳовлиқиб деди Андрей Петрович. – Ўтиринг. Хўш… Шундай қилиб… Нимадан бошламоқчисиз?
— Сиз нимадан бошлашни маъқул топсангиз, ўшандан. Мени умуман ҳеч нарсага ўқитишган эмас.
— Ҳа, бу табиий, — бош чайқади Андрей Петрович, — ҳамма қатори. Умумтаълим мактабларида адабиёт ўқитилмай қўйганига юз йиллар бўлди. Ҳозир махсус мактабларда ҳам ўқитилмайди.
— Ҳеч қаерда ўқитилмайдими?
— Шундай деб қўрқаман. Тушуняпсизми, йигирманчи аср охирида инқироз юзага келди. Одамларнинг китоб ўқишга вақти қолмади. Аввалига болаларга китоб ўқиб беришмай қўйишди. Кейин бу болалар улғайишди. Улар ҳам болаларига китоб ўқишга вақт топишмади. Бошқа кўнгилхушлик чиқди – асосан виртуал. Ўйинлар. Турли тестлар, квестлар… – Андрей Петрович қўл силтади – Ва, албатта, техника. Техник фанлар гуманитар фанларни сиқиб чиқарди. Кибернетика, квант механикаси, электродинамика, юқори энергия физикаси. Адабиёт, география, тарих иккинчи даражали фанга айланди. Айниқса адабиёт. Максим, эшитяпсизми?
— Ҳа, илтимос, давом этинг.
— Йигирма биринчи асрга келиб китоб босишни тўхтатишди. Қоғоз ўрнини электроника эгаллади. Лекин, электрон ҳолида ҳам адабиётга талаб тушиб бораверди. Ҳар авлод алмашганида бир неча каррага. Оқибатда адабиётчилар ҳам озайди. Кейин эса умуман қолмади. Ёзмай қўйишди.

Андрей Петрович жим бўлиб қолди. Терлаб кетган пешонасини артди.

— Менга бу ҳақида гапириш осон эмас, — деди ниҳоят. – Тушунаман, тараққиёт қонуни бу. Адабиёт замонга мослашолмади. Лекин, тушуняпсизми, болалар… Болалар! Адабиёт уларнинг онгини шакллантирар эди. Айниқса шеърият. Унинг ички дунёсини бойитади. Ҳозирги болаларнинг ички дунёси бўм-бўш, қалби қуп-қурқ. Мана шу қўрқинчли, Максим!
— Мен ўзим ҳам шу фикрдаман. Шунинг учун ҳам сизга мурожаат қилдим.
— Болаларингиз борми?
— Ҳа, — Максим мижғовланди. – Иккита. Павлик ва Анечка. Андрей Петрович, менга асосий нарсаларни ўргатсангиз бас, адабиётни интернетдан топиб ўқийман. Менга асосий эътибор нимага қаратилиши кераклигини ўргатинг. Ўргатасизми?
— Ҳа, қатъий жавоб берди Андрей Петрович. – Ўргатаман.

У ўрнидан туриб, қўлларини қовуштириб, фикрини бир жойга жамлади.

— Пастернак, деди тантанавор оҳангда. — Қор ёғарди рўйи заминда, Қор ёғар эди. Шам ёнарди столимда, Шам ёнар эди.
— Эртага келасизми, Максим? – овозидаги қалтироқни сездирмасликка уриниб сўради Андрей Петрович.
— Албатта. Лекин… Гап шундаки, мен ўзига тўқ оиланинг қўлида ишлайман. Ойлигим унча кўп эмас. Лекин мен, — Максим хонага разм ташлаганча давом этди – ул-бул олиб келишим мумкин. Озиқ овқат, хўжалик техникаси, эҳтимол… Пулнинг ўрнига шуларни олиб келсам, рози бўласизми?

Андрей Петрович беихтиёр қизариб кетди. Аслида у текинга ўқитишга ҳам тайёр эди.

— Албатта, Максим, — деди у. – Раҳмат! Эртага кутаман.

— Адабиёт — бу фақат нима ҳақида ёзилгани эмас, — дерди Андрей Петрович хонада юрганича. Бу қандай усулда ёзилгани ҳамдир. Тил, Максим, буюк ошир ва ёзувчилар ишлатган асбоб. Мана, эшитинг.

Максим диққат билан эшитар эди. У ҳудди устозининг оғзидан чиқаётган гапларини битта қўймай ёдлаб олишга ҳаракат қилаётгандек кўринар эди.

— Пушкин, — бошларди Андрей Петрович.

“Таврида”, “Анчар”, “Евгений Онегин”.

Лермонтов “Мцири”

Баратынский, Есенин, Маяковский, Блок, Бальмонт, Ахматова, Гумилѐв, Мандельштам, Высоцкий…

Максим эса тингларди.

— Чарчамадингизми? – сўрарди Андрей Петрович.
— Йўқ-йўқ. Давом этинг, илтимос.

Бир кун иккинчиси билан алмашаверди. Андрес Петровичнинг кутилмаганда маъно пайдо бўлган ҳаётига қизиқиши ортди. Шеърият ўрнини наср эгаллади. Бунга вақт кўпроқ кетди. Лекин, Максим тиришқоқ ўқувчи чиқиб қолди. Андрей Петрович аввал бошда сўзнинг қадрига етмайдиган, уни ҳис қилмайдиган Максимнинг кундан кунга ўзгариб бораётганидан, адабиётни янаҳам чуқурроқ тушуниб бораётганидан ҳайратда эди.

Бальзак, Гюго, Мопассан, Достоевский, Тургенев, Бунин, Куприн. Булгаков, Хемингуэй, Бабель, Ремарк, Маркес, Набоков. ўн саккизинчи аср, ўн тўққизинчи, йигирманчи. Классика, беллетристика, фантастика, детектив. Стивенсон, Твен, Конан Дойль, Шекли, Стругацкие, Вайнерлар, Жапризо.

Бир куни, чоршанбада, Максим келмади. Балки касал бўлиб қолгандир, деб ўйлади Андрей Петрович. Йўқ, синчков, тартибли Максим касал бўлиши мумкин эмас, дерди ички овоз. Шу ўтган бир ярим йил давомида Максим бир дақиқа ҳам кечикмаганди. Мана энди қўнғироқ ҳам қилмади. Андрей Петрович кун бўйи ўзини қўярга жой топа олмади. Кечаси эса мижжа қоқмади. Эртаси куни Максим яна келмаслигига ишонч ҳосил қилгач видеофонини олиб қўнғироқ қилди.

— Сиз терган рақамга хизмат кўрсатиш тўхтилган, — жавоб берди механик овоз.

Кейинги уч-тўрт кун худди қўрқинчли тушдай ўтиб кетди. Ҳатто севимли китоблар ҳам Андрей Петровичнинг кўнглига таскин бера олишмади. Бир ярим йил давомида безовта қилмаган кераксизлик ҳисси яна уни чулғаб олган эди. Касалхоналарга, ўликхоналарга қўнғироқ қилса-чи? Хўш, кимни ёки нимани сўрайди? Ўттиз ёшлар атрофидаги йигит, исми Максим, фамилиясини билмайман, дейдими?
Тўрт девор ичида ўтиришнинг иложи қолмагач, Андрей Петрович ташқарига чиқди.

— А! Петрович! – бир қават пастда яшовчи қўшниси Нефодеев салом берди. – Кўринмайсан? Ташқаригаям чиқмайсан? Ёки уяляпсанми? Сенинг бунда айбинг йўқ!
— Уяламан? Нимадан уялишим керак?
— Анави, сенинг ҳалиги… – Нефодеев бармоғини ўйнатганича – олдингга келиб юрган. Петрович қариганда нега буларга илакишиб қолди, деб ўйлагандим ўзим ҳам.
— Нима ҳақида гапиряпсан? Анавиларинг ким?
— Кимлиги маълум. Мен буларни бир қарашдаёқ биламан. Ўттиз йил булар билан ишлаганман.
— Ким улар? Нима ҳақида гапиряпсан?
— Ие, ростдан ҳам хабаринг йўқми? Янгиликларни ўқи. Ҳамма ёқда шу ҳақида ёзишяпти.

Андрей Петрович қандай қилиб лифтга етиб олганини ўзи ҳам билмади. Ўн тўртинчи қаватга кўтарилиб қалтираган қўллари билан калитни топиб, бешинчи уринишдан сўнг эшикни очиб ичкарига кирди. Компьютерни ёқиб, янгиликларни ўқий бошлади. Юраги оғриқдан санчишни бошлади. Экранда Максимнинг сурати ва унинг остида курсив билан ёзилган хабарга кўзи тушди.

“Эгалари томонидан, — қийинчилик билан диққатини жамлаб ўқишни бошлади Андрей Петрович – озиқ-овқат, кийим-бош ва хўжалик жиҳозлари ўғирлаши чоғида ушлаган. ДРГ-439К серияли робот-энага. Бошқарув программасидаги носозлик. Мустақил равишда болалар маънавий қолоқ деган хулоса келганини ва унга қарши курашганини маълум қилган. Ўзбошимчалик билан болаларни мактаб дастурига киритилмаган фанларга ўқитган. Ишларини ўз эгаларида яширган. Муомаладан чиқарилди… Утилизация қилинди… Жамоатчилик ташвишда… Ишлаб чиқарувчи фирма зарарни қоплашга… Махсус комиссия қарори…”

Андрей Петрович ўрнидан турди. Ошхонага кириб буфетни очди. Пастки токчада Максим олиб келган коньякнинг қопқоғини очди. Стакан тополмай, шишаси билан кўтариб ичди. Шишани қўлидан тушиб, деворга суяниб ўтириб қолди.

Ҳаммаси бекор кетди, хулосага келди. Ҳаммаси. Шунча вақт роботни ўқитган бўлиб чиқди.
Жонсиз, ишдан чиққан темир. Унга бор меҳрини берган эди. Нима учун яшаган бўлса, борини берган, ўргатган эди.

Андрей Петрович юрагидаги оғриқдан инқиллаганича ўрнидан турди. Дераза ойнасини жипслаб ёпди. Энди газ плитани ёқади. Ярим соат ва ҳаммаси тугайди.

Эшик қўнғироғи уни ярим йўлда ортга қайтишга мажбур қилди. Остонада иккита ёш бола турар эди. Ўн ёшли бола ва ундан бир ёш кичик қизча.

— Сиз адабиётдан дарс берасизми? – сочлари билан тўсилиб турган кўзларининг нигоҳи билан сўради қизча.
— Нима? Сизлар кимсизлар? – жавоб берди Андрей Петрович.
— Мен Павликман. – бир қадам олдинга ташлади бола. – Бу эса Анечка. Менинг синглим. Бизни Макс юборди.
— Ким… Ким юборди?
— Макс, — такрорлади бола. – У… уни… ҳалиги қилишларидан олдин сизга бир гап айтиб қўйишимизни тайинлади.
Қор ёғарди рўйи заминда, Қор ёғар эди. – жарангдор овози ила деди қизча.
Андрей Петрович юрагини чангаллади.
— Ҳазиллашмаяпсанми? – базўр эшитилар деди у.
Шам ёнарди столимда, шам ёнар эди, — деди бола баланд овозда. – У шуни етказишимизни тайинлади. Бизни ўқитасизми?

Андрей Петрович эшикка суяниб ўрнидан туриб, ичкарига кирди.

— Э, Худо – деди у. — Киринглар, болалар. Киринглар.

Шеър таржимаси Хуршид Даврон кутубхонаси сайтидан олинди.

Майкл Гелприннинг ушбу ҳикоясини илк марта ўқиганимдаёқ уни ўзбек тилига таржима қилиш истаги туғилган эди. Балки, аллақачон кимдир таржима қилган бўлса керак, деган ўй билан ишни орқага суриб келаётган эдим. Бугун ниҳоят шу иш амалга ошди. Таржимада йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун олдиндан узр сўрайман.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

2 комментария

  1. Sardor Akhunjonov

    Ajoyib hikoya va yaxshi tarjima!

  2. Ajoyib hikoya! Tarjimonga kata rahmat!

Добавить комментарий