Бош саҳифа / Жамият / Жинсий тарбия дарслари ҳақида

Жинсий тарбия дарслари ҳақида

Бугун кечки пайт интернетга, аниқроғи “Твиттер”га кирсам Қаҳрамон ака секс ҳақида твит ёзаётган экан. Яхшироқ титкиласам, Ўзтвитнинг севимли мавзуларидан бўлмиш секс мавзуси яна муҳокама марказига чиқибди. Балки, одамларни “Георгий тасмаси”дан чалғитиш учун Отабек Бакиров ва мушуги уюштирган махсус аксиядир?! Албатта, бу хазил. : )

Бир неча йилдан бери репродуктив соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юргизадиган ташкилотда ишлаётган одам сифатида шу мавзуда икки-уч оғиз сўз айтсам.

Тўрт йилдан зиёд вақт мобайнида ўзим кўплаб семинар ва тренингларда қатнашдим, ўзим бир қатор тренинглар ташкиллаштирилишида иштирок этдим. Шу кўрганларим асосида бемалол айтишим мумкин-ки, ўсмирларнинг ўз репродуктив соғлиғини сақлаш борасидаги билими анча паст даражада. Айниқса йигитларнинг.

Ўсмирлик йиллари бошланиб, йигит ва қизлар организмда кескин ўзгаришлар жараёни бошлангач, жинсий ҳаёт мавзуси ҳақидаги тўлиқ ва сифатли маълумот, билим ва кўникмаларга муҳтожлик сезилади. Ўз вақтида шу талаб сифатли ахборот манбаи орқали қондирилмас экан, бўшлиқ ўз-ўзидан сифатсиз манбадан олинган маълумот билан тўлдирилади. Маълумотнинг сифати, ишончлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Муаммонинг сабабини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрсак. Ўзбек оилаларининг неча фоизида ота-она ўз фарзандига жинсий ҳаёт сабоқларини бера олади? Жуда кам бўлса керак. Кимдир уялади, кимдир кўп нарсани, шунчаки, ўзи ҳам билмайди. Мактабда бу мавзу ўтиладими? Бизнинг мактабда ўтилмаган, масалан. Қизларни тўплаб бир нарсаларни ўтишган, лекин, ўғил болалар четда қолган. Кимдир мактабда эркак ва аёл ўртасидаги жинсий алоқалар мавзуси ёритилган дарсда қатнашган бўлса, шу блогпост остига коммент сифатида нима ўтилгани, қандай саволлар муҳокама этилгани ҳақида ёзиб ўтса, хурсанд бўлардим. Кўриб турибмиз-ки, ўсмирлар мактабда ҳам, оилада ҳам бу борада билим олмайди. Кўча кўйда, газета-журнал, телевизор ва интернетда ўзи билганича маълумот тўплайди. Шулар асосида бу мавзу бўйича муайян қарашлар шаклланса, ажаб эмас.

Фикримча, жинсий тарбия масаласига давлат миқёсида эътибор қаратиб, мактаб дастурига “Жинсий тарбия” дарсларини киритиш керак. Дарслар 5-6 синфлардан бошлаб ўтилиши мақсадга мувофиқ. Йўқ, эрта эмас. Дарс 5-6-синфдан ўтилади дегани, 5-синф ўқувчисига 1-сентябрь куниёқ жинсий алоқалар, яъни секс ҳақида бафуржа гапирилади дегани эмас. Жинсий аъзолар гигиенаси, балоғатга етиш даврида организмда бўлажак ўзгаришлар ва шунга ўхшаш нарсалардан бошлаш мумкин. Энг муҳими, болалар юқорида айтилган ўзгаришлар ҳақида, улар бошланмай туриб билиши шарт. Оддий мисол: йигитлардаги поллюция, қизлардаги менструация ҳақида.

Ўғил болалар ва қизлар бу дарсларда бирга ўтириши маъқул эмас, деб топилса, алоҳида-алоҳида бўлса ҳам бўлаверади. Лекин, бу дегани дастур бошқача бўлиши керак дегани эмас. Ўғил болалар қизларнинг, қизлар йигитлар организмидаги ўзгачаликлар ҳақида билиши шарт. Мисол келтираман.

Бу воқеани яқинда Иссиқкўллик нонвойхона (бўлка нон чиқарадиган) бошлиғи айтиб берди. Унинг айтишича, репродуктив соғлиқ борасида авваллари билими унча яхши бўлмаган, бунга эътибор ҳам бермаган. Яқин танишига шерик бўлиб бориб-келиш учун Бишкекка тренингга келиб қатнашган ва бир дунё янги маълумотлар билан қайтган. Қайтгач, қўли остида ишлайдиган 8 нафар аёлни олдига чақириб, менструация кунлари 3 кундан дам олиш бериши, бунинг учун ойликдан қиқрмаслиги ҳақида маълум қилган. Яъни, аёллар ҳайзли кунлари 3 кун ишга келмаслиги мумкин бўлган. Айтишича, шундан кейин аёлларнинг бошлиққа ҳам, ишга ҳам муносабати ўзгарган. Самарадорлик ошган, ғалва-жанжаллар анча озайган.

Ишончим комилки, агар ёшларга аввал бошдан шундай дарслар бериб борилса, тартибсиз жинсий алоқалар сони ҳам, бунинг натижасидаги турли жинсий йўл билан юқувчи касалликлар сони ҳам анча камайган бўларди. Сабаби, ёшларда ўз организмига нисбатан ҳурмат, жавобгарлик ҳисси тарбиялаб борилади. Қолаверса, бахтли оилалар сони ҳам анча ортади. Жинсий ҳаёт оила мустаҳкамлигининг энг асосий устунларидан биридир.

Сўнгги тренингда Асанкожо деган тренеримиз секс мавзусига Ислом динидаги муносабат ҳақида алоҳида презентация қилди. Ислом динида жинсий ҳаёт мавзуси анча кенг ёритилган. Қолаверса, жинсий алоқалар фақат зурриёд қолдириш эмас, хузурланиш воситаси сифатида ҳам тан олинган. Эр аёлининг, аёл эрининг жинсий эҳтиёжларини қондиришга масъул этилган. Исломдаги ягона шарт – никоҳ.

Хуллас, репродуктив соғлиқ, жинсий тарбия долзарб мавзулардан бўлиши, унга жиддий ёндошиш керак. Соғлом ишчи кучи, соғлом авлод учун бу жуда муҳим. Секс мавзусининг очиқ муҳокама қилиниши, никоҳсиз жинсий алоқалар, умуман жинсий ва репродуктив хуқуқлар ҳақида ҳам мавриди келса, бафуржа гаплашармиз. Ҳозирча шу.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий