Бош саҳифа / Сиёсат / Сайлов ва танлов

Сайлов ва танлов

Россия Давлат Думаси сайловлари яқинлашар экан, интернетда одамларни сайловга чиқиш ёки чиқмасликка даъват этиб ёзилаётган мақола ва блогпостлар кўпаймоқда. Биз ҳам яқин орада сайлов, референдум каби томошаларда қатнашишимизни ҳисобга олиб, шу ҳақида икки-уч оғиз фикрларимни оққа туширдим.

Асосий мақсадга ўтишдан аввал сайлов ва умумий сайлов ҳуқуқи, кучли фуқаролик жамияти шаклланиб улгурмаган, аҳолининг асосий қисми барқарор  ўрта синфдан иборат бўлмаган жамиятлар учун қуруқ гап ва томошадан бўлак нарса эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Масалан, КХДР ёки Туркманистон каби барча партия ва номзодлар бир одам томонидан назорат қилинадиган ва танланадиган давлатлар учун қуйида айтиладиган гаплар унчалик ҳам мос тушмаса керак. Бу ҳақида мана бу блогпостда ҳам батафсил ўқишингиз мумкин.

Сайлов ёшига етганимдан сўнг ўтказилган илк сайловни сабрсизлик билан кутганман. Қанақа сайловлиги ҳам, ким номзод экани ҳам, нима ваъдалар бергани ҳам мени унча қизиқтирмаган. Мен учун муҳими сайловда қатнашиш эди. Студент бўлиб Бишкекка бориб турли кайфият ва қарашларни акс эттирувчи газеталарни ўқишни бошлаганимдан сўнг сайловларга ҳам жиддийроқ қарашни бошлаганман. Кейинчалик сайловлардан буткул ҳафсалам совуган.

2009 йили Қурманбек Бакиев муддатидан аввал президентлик сайловлари ўтказган. Шу сайловда мен Сузоқдаги 2009-сайлов участкасида мустақил кузатувчи сифатида сайловларда қатнашганман. Сайлов бошланди. Сал ўтмай томоша ҳам бошланди. Бировнинг ўрнига сайлаётганлар, бирданига 5-6 тадан бюллетен олаётганлар, қайта-қайта кираётганлар… Участка сайлов комиссияси бошлиғига арз қилишга бўлган уринишларим фойда бермаган. Қонунбузарлик кўрсангиз, арз қилиш учун ўзингиздан ташқари яна икки гувоҳ кузатувчи билан акт тузиш керак экан. Ёнимда ўтирган кузатувчилар акт тузиш таклифимни рад этишгач, томошабин бўлиб ўтиришдан бошқа чорам қолмаган. Қаттиқ хафа бўлганман. Амалдаги президент тарафдори эдим ўшанда. Унинг қай йўл билан қайта сайланганига шахсан гувоҳ бўлгач, ундан ҳам хафсалам пир бўлган. Ўзимга ўзим бошқа сайловда қатнашмасликка сўз бериб, участкамдаги сайлов протоколини кўтариб йиғлагудай бўлиб уйга кетганман.

Орада яна бир-икки марта сайловлар бўлди. Ваъдамда туриб қатнашмадим. 2011 йили ёки 2012 йили яна сайлов бўлиши керак эди. Бишкекда бир тренингдаги кофе-брейк пайти бўлажак сайлов ҳақида гап чиқди. Мен сайловларда қатнашмаслигимни айтдим. Шунда бошлиғим: “Сайловда албатта қатнашиш керак. Гарчи улар тоза ўтмаслигига 100% ишонсанг ҳам. Қатнашмасанг ўша овоз соҳталаштираётганларга ёрдам берган бўласан.” – деди. Кулиб қўйдим.

Уйга қайтгач бошлиғимнинг гапларини ўйлаб кўрдим. Сайловга таъсир ўтказишнинг энг осон йўли, гарчи сайлов ҳалол бўлмаса ҳам, унда қатнашиш, деган фикрга келдим. Мен бормасам менга аталган бюллетен кимгадир қўшиб берилади ёки менинг номимдан ўзлари овоз ҳам бериб қўйишади. Сайлов участкасидагилар мендан айнан сайловда қатнашмаслигимни кутишига ақлим етгач, албатта сайловда қатнашаман, ҳеч бўлмаса битта бюллетенни йўқ қиламан, деган қарорга келдим.

Шундан бери ҳамма сайловда қатнашаман. Қолганларни ҳам доим шунга даъват этаман. Биз ўзимизга боғлиқ жойда ўз ишимизни тоза ва ҳалол бажариб қўяйлик. Сайловда қанча кўп одам қатнашса (Айнан қатнашса, онгли равишда овоз берса! Тўдаси билан қўйга ўхшаб ҳайдаб келинган “сайловчи”ларнинг бунга дахли йўқ.), сайлов натижаларини соҳталаштириш шунчалик қийинлашади. Сайлов тоза ўтмаслигини билиб туриб ҳам унда қатнашиш, менимча, режим легитимлигини тан олиш эмас, балки унга қарши тинч йўл билан курашиш усулларидан биридир. Ҳақиқий сайловчи кўпайса, ҳақиқий натижани талаб қилувчилар сони ҳам, ўз овозини ҳимоя қилувчилар сони ҳам кўпаяди. Ва якунда биз албатта ҳақиқий натижага эришамиз.

Юқорида ҳам айтдим, яна қайтараман: Сайлов натижасига таъсир ўтказишнинг энг осон йўли – сайловда қатнашиш.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий