Бош саҳифа / Жамият / «Савицки» атрофидаги вазият нега ташвишли?

«Савицки» атрофидаги вазият нега ташвишли?

2010 йилда БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистонга борган эди. Ўшанда БМТ самолёти аввал Нукусга қўнди. Пан Ги Мун Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ва бошқа юқори мартабали расмийлар билан Орол денгизи устида вертолётларда учиб, Мўйноқда маҳаллий аҳоли билан гаплашди.

Делегациядаги мартабаси сал пастроқ бўлган расмийлар учун эса Савицкий музейига экскурсия ташкил этилди.

Хорижликлар орасида рассом Игорь Савицкий, у асос солган музей ва у ерда сақланаётган дурдоналар ҳақида эшитмаган одам йўқ эди. Мен ҳам делегация аъзолари билан бир залдан бошқасига ўтар эканман, авангард йўналишига мансуб суратларни завқланиб томоша қилдим. Экскурсияни музей раҳбари Мариника Бабаназарованинг ўзи олиб борди.

Бино янги ва чиройли эди. Аммо кўргазмадаги расмлар учун бироз кичик кўринди менга. Бу ҳақдаги изоҳимга Бабаназарова Ўзбекистон ҳукумати музейни доим дастлаклаб келгани ва бинони янада кенгайтириш режаси борлигини айтди.

Заллардаги энг машҳур жавоҳирлар билан танишиб бўлган меҳмонларга сўнгра қорақалпоқ маданияти тақдим этилди, мусиқа ва қўшиқлар янгради, анъаналар ҳақида гапирилди, дастурхонга маҳаллий ширинликлар тортилди. (Дарвоқе, музей нафақат сурат ва скулптуралар, балки қорақалпоқ миллий либослари, гиламлар, заргарлик ва бошқа буюмларга бой).

Афсус, делегация билан овора бўлиб мен музейда истаганимча қололмадим. Лекин ўшанда бу ерга ўзим, иш билан эмас, шу музейдаги асарларни кўриш учун яна келаман, деган эдим.

Санъатни бироз тушунганим сабабли у ердаги асарлар менда жиддий қизиқиш уйғотди, завқ берди. Париждаги Лувр, Лондондаги Британия галереяси, Мадриддаги Прадо, Амстердамдаги Ван Гог музейи ва Санкт-Петербургдаги Эрмитажни кўрганман. Нью-Йорк ва Вашингтондаги музейларни айтмаса ҳам бўлади. График рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, музей асосчиси Игорь Савицкий олис Нукусда тўплаган коллекция ҳам ўша машҳур даргоҳларникидан қолишмайди. Франциянинг бир журналисти музейни “саҳродаги Лувр” деб атаган эди.

Ҳозир Бабаназарова атрофида юзага келган вазият барчани, айниқса музейни, унинг тарихини, Савитский асарларни қандай машаққатлар билан тўплаганини билган одамларни ташвишга солди.

У ерда нима бўлгани аниқ эмас. Баъзилар 1984 йилдан бери музейга бош-қош бўлган, коллекцияни ўз фарзандидек асраб-авайлаган Бабаназарова ишдан бўшашга мажбур қилинди деса, расмийлар у ўз ихтиёри билан пенсияга чиқди, демоқда.

Муаммо шундаки, Ўзбекистон ниҳоятда ёпиқ жамият. У ерда нима бўлаётганини аниқлаш қийин. Масалани ўрганадиган мустақил журналистлар йўқ. Музейларни бошқарадиган вазирлик ҳақида янграётган иддаоларни кўриб чиқадиган фуқаровий жамият ҳам мавжуд эмас. Шаффофлик ва ошкоралик бўлмаган жойда миш-мишлар кўпаяверади.

Энг муҳими, Ўзбекистон – коррупциялашган жамият (Масалани ўрганадиган “Transparency International” халқаро ташкилоти рейтингида 175 давлатдан 166-ўринда). Савицкий музейи коллекцияси 2 миллиард долларга баҳоланган деган маълумот ўқидим. Бу дурдоналарни қўлга киритмоқчи бўлганлар кам эмас. Ими-жимида асл нусхаларни сохталари билан алмаштириш амалиёти ҳақида эшитганмиз. Ўзбекистоннинг айрим музейларидан ўғирланган қатор асарлар Швейцарияда, Гулнора Каримовага тегишли деб айтилган виллада топилгани ҳақидаги иш ҳам ҳамманинг эсида бўлса керак. Қолаверса, хорижда ҳам дурдоналар учун катта пул тўлашга тайёр одамлар борлиги аниқ.

Мен Нукусга бир неча марта борганман. Камбағал ўлка. Сувни ҳам, у сувда дамланган чойни ҳам ичиб бўлмайди. Очиғи, Қорақалпоғистонга қайтиб бориш учун ишдан бошқа сабаб топиш қийин. Бой маданиятга эга ўта самимий халқ ҳамда шу музей сабаб бўлиши мумкин.

Бабаназарова атрофидаги вазият ҳали ҳал бўлганича йўқ. У лавозимида тикланадими? Агар тикланмаса, унинг ўрнига ким тайинланади? Музейда анчадан бери ишлаган, асарлар учун жонини фидо қилишга тайёр одамми ёки санъатни тушунмайдиган мансабдорлар буйруқларини бажарадиган қўғирчоқми?

Вазият қандай ривожланмасин, мен бир нарсага умиқ қиламан: адолат қарор топсин. Нукус эса хорижий ва маҳаллий меҳмонларни ўз музейидаги санъат асарлари билан қувонтираверсин.

“Америка Овози” сайти таркибидаги “Inter-GAP” блогидан олинди. Оригинал мақолага ҳавола — http://blogs.voanews.com/uzbek/inter-gap/

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий