Бош саҳифа / Жамият / Риочилар ва Санжар Саид ҳақида

Риочилар ва Санжар Саид ҳақида

Агар биз сизнинг ишончингизни оқламаган бўлсак – бу бизнинг муаммоимиз эмас – бу сизнинг муаммо.

Андрей Аршавин, футболчи.

Бугун таниқли блогер Санжар Саид ўз блогида “Ўзингни бос, чемпион” мақоласини эълон қилди. Унда яқиндагина ўз ниҳоясига етган Риода ўткан Олимпиа ўйинлари совриндорлари Фазлиддин Ғойибназаров ва Бектемир Мелиқўзиевнинг ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган “қизлар даврасидаги” суратлари ҳақида фикр билдирилиб “Наҳотки мусобақалар, чемпионатлар, машғулотлар, навбатдаги ғолибликлар тугаб, спортчилар турли тор давраларнинг қаҳрамонига айланишни бошлаган бўлса? Ёки кўрмаганнинг кўргани қурсин, деган нақл ўз кучини кўрсатаяптими?” деган савол берилган.

Шу йилнинг ёзида Россия терма жамоаси футболчилари Александр Кокорин ва Павел Мамаевлар билан ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берган эди. Футболчиларни Монакодаги зиёфат учун роса “пўстагини қоқишган” эди.

Ўзбекистонлик спортчиларни ҳам, россиялик футболчиларни ҳам айблаш ёки уларни жазолаш фикридан йироқман. Йигитлар узоқ йиллик оғир машғулотлар, жароҳатлар ва қийинчиликлар ортидан ҳалол ишлаб топган пулларини ўзлари хоҳлаганича сарф қилишмоқда. Мусобақа олдидан, мусобақа давомида тўпланган чарчоқлардан дам олиб, ҳордиқ чиқаришмоқда. Бу ишни қаерда, ким билан ва қай тарзда амалга ошириш – бу ўша спортчиларнинг шахсий иши. Хусусан, Мелиқўзиев ва Ғойибназаровга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси уларга мана шундай ҳуқуқни бериб қўйган.

Энди спортчилар уларга ҳавас қилаётган ёшларга намуна бўлиши, эл-юрт олдидаги ҳурмат эътиборини сақлашига масаласига тўхталсак. Бу масала жуда баҳсли масала.

Биринчидан, ҳеч қайси спортчи карьерасини бошлаш олдидан “Мен Фалончи, спортчилик фаолиятимни бошлар эканман, ёшларга ўрнак бўлишга, эл-юрт олдидаги ҳурматимни муносиб сақлашга, Санжар Саиднинг ишончини оқлашга ваъда бераман” деб қасамёд қилган эмас. Улар аввалига Олимпиада йўлланмасини олиш, кейинроқ шу Олимпиадада юқори натижаларни қўлга киритишни мақсад қилишган, ваъда берса ҳам шу ҳақида ваъда беришган. Мақсадга эришилди, ваъда бажарилди, шунга яраша ҳақини олди. Яна сизга нима керак? (Спортчилик «умри» қисқа бўлиши, вақтида, имкон борида вазиятдан фойдаланиб қолиниши кераклиги ҳақида эса гапирмай қўя қолай) Эртага, сиз билан биз иссиққина ўрнимизда ётволиб ақллилик қилишда давом этаётган бир даврда, ўша спортчилар яна турли йиғинларда оғир юкламаларни бажараётган, навбатдаги мусобақага тайёрланаётган бўлади.

Иккинчидан, одамлар спортчиларни энг аввало кўрсатган натижаларига қараб бахо беради, яхши кўради, эслайди. Марадона, Майк Тайсон, Роналдо, Златан… Барчаси буюк спортчилар, барчасини халқ ҳалиям яхши кўради, барчаси ҳалиям ёш спортчилар учун намуна вазифасини бажаришмоқда. Ваҳоланки, уларнинг деярли ҳеч қайсиниси ўзининг яхши ҳулқ-атвори билан танилган эмас.

Юқоридаги гаплар билан ҳамма спортчилар тунги клубларда кайфу-сафо қилиб юриши шарт, демоқчи эмасман. Шунчаки, ҳар бир одам, шу жумладан спортчилар ҳам ўз бўш вақтини ва пулини ўзи истаганича сарфлаш ҳуқуқига эга. Ва буни қабул қилишга мажбурмиз. Қолаверса, баъзи одамлар зиммасига Конституция томонидан юкланган вазифани бажаришдан бош тортиб турган бир замонда нега айнан спортчилар баъзи бировлар томонидан ўйлаб топилган қанақадир мажбуриятларни бажариши керак?!

Омон бўлинг.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий