Бош саҳифа / Сиёсат / Масъулият

Масъулият

Туркия бош вазири Ражаб Тойип Эрдоған 1915-16 йиллари Биринчи Жаҳон уруши пайтида Усмонийлар Империясида ҳалок бўлган арманлар авлодларига ҳамдардлик билдиргани ҳақида хабар берилди. Арманларнинг Шарқий Онадўлидан (Анатолия) мажбурий кўчирилишига 99 йил тўлиши муносабати билан тарқатилган баёнотда Эрдўған 1915 йил воқеаларини “ноинсонийлик” деб атаган ва бу воқеалар икки давлатнинг “умумий қайғуси” экани таъкидлаган.

Қайд этиш жоизки, Туркия ҳукумати арманлар қатлиоми юзасидан илк бор бундай оҳангдаги баёнот бермоқда. Боиси, Туркия ҳукумати Арманистоннинг 1915 йилги воқеаларни геноцид сифатида тан олиниши борасидаги талабини қатъий рад этиб келади ва ўша воқеаларни геноцид сифатида тан олган давлатлар билан ҳам алоқалари совуқлашган.

Эрдоғаннинг бу баёноти кўпчилик томонидан яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари арафасида сиёсий балл тўплаш учун қилган ҳаракат сифатида баҳоланмоқда. Менимча ҳам сўнгги йил мобайнида юз берган оммавий намойишлар, коррупцион можаролар ва улар кетидан “YouTube” ва “Твиттер”нинг тақиқланиши натижасида халқаро майдондаги обрўсига путур етган Эрдоған, шу йўл билан озми-кўпми шу зарар ўрнини қоплашга уринмоқда.

Кеча ўзбек твиттерчилари орасида бўлган муҳокамада билдирилган қуйидаги икки фикр эътиборимни тортди.

masuliyat

Менимча ҳам Туркиянинг Усмонийлар Империясининг расмий вориси сифатида шу давлат томонидан содир этилган жиноят учун узр сўраши (шу ўринда Эрдоған кечирим сўрамаганини, шунчаки, ҳамдардлик изхор этганини ҳам таъкидлаш жоиз) нормал ҳолат, лекин, бу турк халқининг арман халқи олдида узр сўраши сифатида қабул қилинмаслиги керак. Менимча, Эрдоғаннинг кечаги баёноти бошқа тарафдан муҳим. Яъни, ўтмишда шундай воқеа бўлганини тан олиш, шу орқали келажак авлодларни бундай хатони такрорламасликка ундаш.

Германия мактабларида Икки Жаҳон Уруши даврида фашистлар Германияси томонидан содир этилган жиноятларда Гитлерга сайловда унга овоз бериб, унинг ҳокимиятга келишига замин яратгани учун олмон (немис сўзини ёмон кўраман) халқи ҳам жавобгар, деб ўргатилар экан. Менимча, бундан мақсад ёш олмонларда ўз халқидан уялиш, аждодлари учун айбдорлик туйғусини уйғотиш эмас, балки, уларни кейинги сафар сайловларда халқ келажагини кимга топшириш борасида хушёрроқ бўлишга ўргатиш бўлса керак. Биз аждодлар хатолари учун жавоб бермасак ҳам, уларни такрорламасликка масъулмиз!

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий