Reflection

Карьерамнинг дастлабки йиллари тасодиф туфайли давлат тасарруфидаги бир идорага ишга кириб қолдим. Тан оламан, аввалига роса хурсанд бўлдим. Ўзимча ҳар хил режалар ҳам туздим. Ишга жуда тез киришдим, тез ўргандим. Нокамтарлик бўлса ҳам айтиш жоиз, тез орада бўлимдаги масъулиятли вазифалар менга топшириладиган бўлди. Хурсанд бўлдим, албатта. Ундан ҳам яхшироқ ишлашга ҳаракат қилдим. Тан оламан, бўлимдаги бошқа ҳамкасбларимга сал пастроқ назар билан ҳам қарай бошладим.

Орадан бир муддат вақт ўтди. Ишимдан ҳам, ўзимдан ҳам ҳафсалам совуди. Чунки, одамларни алдашдан чарчадим. Шу жойдан бир иш чиқармикан, деб умид билан мурожаат қилган одамлар қўлига одатий шаблон жавоб хатларини кўп топширдиму, лекин, бирор марта кўзига дадил боқа олмадим. Уялардим, тўғриси. Аввалига шу одамларга ёрдам қилишга оз-моз ҳаракат қилиб кўрдим. Кейинроқ ҳаракат ҳам қилмай қўйдим. Хатга жавоб бериш муддати келганида, эл қатори «дежурный» жавоб ёзиб, «Общий отдел»нинг оғзини ёпиб тушадиган бўлдим.

Бир йилдан сўнг, ўзимга бошқа давлат идораларига ишга кирмасликга ваъда бериб, ариза ёздим. Бошлиғимга: «Билет олдим, 15 июнь куни Москвага учиб кетяпман» — деганимда, мендан анча хафа бўлди. Россияда ярим йилча ишладим. Молиявий инқироз авжига чиққани, бунинг устига совуқ тушгани сабаб, декабрда уйга қайтдим.

Бир йилча ҳар хил лойиҳаларда бир нарсалар қилиб ишлаб юрдим. 2010 йилдан доимий иш жойим бор. Ойлик ёмон эмас. Энг муҳими — кимгадир ёлғон гапиришим шарт эмас. Бу ёғидан кўнгил тўқ.

Унда шунча гапни нимага ёздим? Бугун, нимагадир, ҳаёлимга яна одамларни алдаш билан шуғулланаяпман, деган фикр ўрнашиб олди. Блог очаётганимда ёзишни ният қилган мавзулар қолиб, бугун ўқиганим бир блогпостдаги гап билан айтганда «булбулнинг қариганию, тўтининг концерт бергани, капалакнинг севгисию, қўнғизвойнинг иккинчи хотини, товуснинг уйидаги жанжалидан тортиб, товуқнинг қандай овқат тайёрлаши» ҳақида ёзяпман. Баъзан, дарҳақиқат, «духим» етмайди. Баъзан, бу ҳақида фикр билдиришга билимим етмайди, деб ўзимни юпатаман. Баъзан кимнидир хафа қилгим келмайди. Хуллас, ёлғонлигини билиб турган нарсаларни ҳам, бу ёлғон, дейишга ҳам ярамай қолдим. Ҳақиқат ҳақида гапирмасам ҳам бўлар…

Менинг яна ўзимдан ҳафсалам пир бўлди. Қўшни юртда эса, муқобиллик асосида ўтган демократик сайловларда, амалдаги раҳбар яна беш йилга қайта сайланди.

Шунақа гаплар…

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий