Бош саҳифа / Жамият / «Крутой» рақамлар ва одамлар ҳақида

«Крутой» рақамлар ва одамлар ҳақида

Аслида, бугунги блогпостни ўткан сафарги Олимпиада чемпионларининг “ўзидан кетиб қолгани” ҳақидаги блогпостнинг давоми, десак ҳам бўлади. Фақат бу сафар гап спорт орқали эмас, балки тадбиркорлик орқали бойиган, умуман пули бор инсонлар ҳақида.

Гап шундаки, тугаётган ҳафтада Қирғизистон давлат регистрация (рўйхатга олиш) хизмати янги чиққан “крутой” давлат рақамларини интернет орқали аукционда сотувга қўйди. Исталган фуқаро сотувга қўйилган чиройли рақамлардан бирини бошқалардан кўпроқ нарх таклиф қилиб сотиб олиш имконига эга бўлди. 01 777 AAA рақами аукционда 1 миллион 716 минг қирғиз сомига сотилди. Бу тахминан 25000 АҚШ доллари деганидир.

Бу хабар чиққанидан кейин интернетда, хусусан ижтимоий тармоқларда ҳар хил гаплар пайдо бўла бошлади. Менинг эътиборимни шу ҳақида қайсидир сайтда эълон қилинган мақола тортди. Бугун, шунча қидирсам ҳам, ўша мақолани браузерим хотирасидан ҳам, Google’дан ҳам топа олмадим. Хуллас, ўша мақолада аукцион ғолибининг бу иши танқид қилинган. Мазмуни: Болалар касалхонасига ҳайрия пулига ҳеч кимда пул йўқ, лекин одамлар қандайдир темир бўлаги учун шунча пул тўллашга тайёр. Мақолада пулини қарияларга ёрдам беришга, касал болаларнинг операция ҳақини тўлаб беришга сарфлаётган одамлар мисол сифатида келтирилиб, ана шундай одамларни ростдан “крутой” деса бўлади, деб хулоса қилинган.

Келинг, аввало, аукциондан бошлайлик. Чиройли рақамларни очиқ аукционда сотиш фикрининг ўзи мақтовга лойиқ. Бир тарафдан ҳаммада аукционда қатнашиш имконияти яратилди. Иккинчи тарафдан Давлат регистрация хизмати бунинг орқасидан қанча пул ишлаб топгани маълум бўлди. Яъни, ўша салкам икки миллион сомнинг давлат бюджетига келиб тушиши кафолатланган. (Бугун бу пул банк орқали давлатга ўтказиб берилгани ҳақида хабар ҳам берилди). Демак, бу эндиликда бу пулларни нимага сарфланганини назорат қилиш, ё бўлмаса маълум қисми ўша касалхона учун сарфланишига эришиш мумкин.

Тан олайлик, ўша рақам таниш-билиш орқали 50-60 минг сомга сотилиши ва пулнинг асосий қисми кимнингдир чўнтагига тушиши ҳам мумкин эди. Ва яна буни ҳеч ким билмаган ҳам, ҳеч нарса қила олмаган ҳам бўлар эди.

Шунча пулни “оддий темир бўлаги” учун сарфлаган одамга келсак. Келинг, яна бир бор келишиб олайлик, ҳар ким ўзи ишлаб топган пулни ўзи истаганича сарфлаш ҳуқуқига эга. Хоҳласа машина олади, хоҳласа унга чиройли рақам, хоҳласа охирги тийинигача болалар уйига ўтказиб беради.

“Ижтимоий масъул бизнес” деган тушунча бор. Яъни, компаниялар ёки тадбиркорлар топган фойдасининг маълум қисмини ижтимоий муаммоларни бартараф этиш учун ҳайрия ишларига йўналтиришади. Ишончим комилки, бизда ҳам куни келиб бизнес ана шу масъулиятни ҳис қилишни бошлайди. Фақат бу ходиса, менимча, ўз-ўзидан, табиий равишда бўлиши керак. Давлат ёки жамият томонидан бизнеснинг бунга мажбурланиши фақат салбий натижага олиб келади. Давлат қилиши мумкин бўлган ягона тўғри иш – ижтимоий лойиҳаларга пул йўналтираётган бизнеслар учун солиқ имтиёзлари беришдир.

“Маслоу пирамида”сига кўра инсон энг аввало физиологик эҳтиёжларни қондиришни, яъни қорнини тўйдириш ҳақида ўйлайди, қорни тўймагунича ҳаттоки ўз ҳавфсизлиги ҳақида ҳам ортиқча бош қотириб ўтирмайди. Қорни тўйгач ҳавфсизлик ҳақида, ўзини ҳавфсиз сезгач яна бошқа, пирамиданинг кейинги босқичидаги нарсалар ҳақида ўйлайди. Жамиятдаги ўрни, ҳурмат-эътибори каби нарсалар ҳам пирамиданинг юқорироқ қисмида жойлашган. Бизнинг бизнеслар ва бизнесменлар ҳам бир кун келиб, албатта, ўша пирамиданинг юқори қисмларига чиқишади.

Тавсия этамиз

Риочилар ва Санжар Саид ҳақида

Агар биз сизнинг ишончингизни оқламаган бўлсак – бу бизнинг муаммоимиз эмас – бу сизнинг муаммо. …

Добавить комментарий