Бош саҳифа / Сиёсат / Ғоявий ва шахсий партиялар

Ғоявий ва шахсий партиялар

Украинада “Майдан”чиларнинг қўли баланд келиб президент Виктор Янукович пойтахт Киевни тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида маълумот пайдо бўлганидан кейин, шу кунгача ҳукмрон партия саналган “Регионлар партияси”нинг кўплаб вакиллари партиядан чиқишганларини эълон қилишди. Баъзилар, ҳатто, Януковични хиёнатда ҳам айблашди. Гарчи партиянинг “Юқори Рада”даги фракцияси мамкалатдаги сиёсий инқироз ва қон тўкилишлар учун жавобгарликни Виктор Янукович зиммасига юклаб, ўзини сақлаб қолишга интилаётган бўлса ҳам, партиянинг келажаги мавҳум бўлиб турибди.

Бу вазият менга 2005 ва 2010-йиллардаги Қирғизистонда бўлган ҳолатни ёдимга солди. 2005-йили Асқар Акаевнинг “Олға Қирғизистон”, 2010-йили эса Курманбек Бакиевнинг “Ак Жол” партиялари саноқли кунларда ўз аъзоларининг салмоқли қисмидан айирилган эди. Агар ўйлаб қарасак, бундай қисмат нафақат Қирғизистон, балки постсовет ўлкаларидаги бошқа партияларнинг ҳам бошига тушиши мумкинлигини тасаввур қилиш мумкин. Путиннинг “Единая Россия”, Жириновскийнинг “ЛДПР”, Назарбоевнинг “Нур Отан”, Атамбаевнинг Қирғизистон Социал-Демократик Партияси (ҚСДП) шулар жумласидандир.

Қирғизистондаги сўнгги парламент сайловлари арафасида ёш мустақил журналист ва блогер Евгений Погребняк парламентга интилаётган партияларнинг интернет саҳифаларини бирма-бир кўздан кечириб, ҳеч қайси партиянинг сайтидан “Идеология” деган саҳифани топа олмагани ҳақида ёзган эди. Бундан кўриниб турибди-ки, кўп партияларда аъзоларни қандайдир умумий ғоя эмас, балки партия лидери, аниқроғи партия лидери орқали етишиш мумкин бўлган маълум молиявий ёки бошқа манфаатлар бирлаштириб туради. Лидер ва партия бу манфаатларга жавоб бера олмай қолгач, бу одамлар партияни тарк этиб, ўз манфаатларига жавоб берувчи бошқа партияларни излашга киришишади ва энг қизиғи, топишади ҳам. Собиқ “Олға Қирғизистон”чи ва “Ак Жол”чиларнинг кўпини бугунги ҳукмрон партиялар сафида кўриш мумкинлиги ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.

Мен блогпост бошида тилга олганим “Регионлар партияси” сафидаги депутатларни қандайдир ғоя эмас, молиявий манфаатлар бирлашиб туриши ҳақида куни кеча россиялик блогер Алексей Навалний ҳам ёзиб, бунга бир қатор исбот ва далиллар ҳам келтирган.

Бу борада дунёнинг бошқа давлатларида, мисол учун Ғарбда, аҳвол қандай? АҚШ Республикачилар партияси 1854 йили, АҚШ Демократик партияси 1828 йили, Буюк Британиядаги Лейбористлар партияси эса 1900 йили ташкил топган экан. Яъни, ғарбдаги партиялар бизникилардан фарқли ўлароқ, партияга асос солган инсонлар бу дунёни тарк этганига анча вақт бўлган бўлса ҳам, ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

АҚШ ва Европа давлатларидаги сиёсий партияларнинг бундай узоқ умр кўришининг сабаби – партияларнинг маълум бир ғоя асосида ташкил этилгани, унинг маълум бирор шахснинг ўз сиёсий амбитсияларини қондириш воситасига айланиб қолишга йўл қўйилмаганида деб биламан. Агар шу кунларда АҚШ президенти Барак Обамага қарши жиноий иш очилиб, қамоққа олинган тақдирда ҳам, партия яшашда давом этади. Тўғри, партия обрўсига катта зарба бўлади, партия маълум вақт сайловчилар ишончини йўқотади, парламентда озчиликда бўлади, лекин, партия таназзулга юз тутмайди, янги лидер сайлаб йўлида давом этади, керакли ислоҳотларни амалга ошириб яна сиёсий саҳнага қайтади.

“Единая Россия”, “Нур Отан” ёки ҚСДП ҳақида ҳам шундай дейиш мумкинми? Бу партиялар партия аъзоларининг эмас, асосан партия асосчиси манфаатлари учунгина хизмат қилади. Шунинг учун партия етакчиси сиёсий саҳнани тарк этгач, партия ҳам ўз фаолиятини якунлашини тахмин қилиш осонроқ. Ғарбда сиёсий арбобларни саҳнага партиялар чиқарса, бизда сиёсий арбоблар партияларни саҳнага олиб чиқади.

Лекин, ғарбда ҳам лидери кетгач, келажаги мавҳумлашиши эҳтимоли юқори партиялар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, Туркиядаги “Адолат ва тараққиёт” партиясининг Ражаб Тойип Эрдоғандан кейинги тақдири мени жуда қизиқтиради.

Ўзбекистоннинг сиёсий партиялари билан яхши таниш эмасман. Бунинг сабаби, эҳтимол, сиёсий партияларнинг мамлакатдаги сиёсатни белгилаш муҳим ўрин тутмаслигидандир. Лекин, билганим ҳам бу партияларнинг ғоявий асосда шаклланмаганини тахмин қилишим учун етарли. Ўзбекистон Халқ Демократик Партиясига ўқитувчилар, ЎзЛиДеПга эса тадбиркор ва фермерлар ихтиёрий-мажбурий равишда аъзоликка қўшилгани ҳақида эшитганман. Балки, нотўғри эшитгандирман…

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий