Бош саҳифа / Сиёсат / Польшалик қизлар ва аборт ҳақида

Польшалик қизлар ва аборт ҳақида

Польша аёлларининг аборт ҳуқуқи учун кураши шу кунларда яна фаоллашди. Хусусан, кеча “қора душанба” акцияси бўлиб ўтди. Бу акцияни қўлловчи аёллар кеча ишга чиқмади, ўқишга бормади, уй ишларини бажармади ва ҳоказо…

Албатта, аборт яхши нарса эмас. Албатта, контрацепция ёрдамида ишни абортгача олиб бормаган маъқул. Лекин агар аёл киши аборт қилишга қарор қилган бўлса, унда шундай ҳуқуқ ва шу ҳуқуқни амалга ошириш учун шарт-шароит бўлиши керак. Абортни тақиқлаш эса ҳудди “сухой закон”га ўхшайди. Яъни, фойда бермагани етмаганидек, қайтанга зарар келтиради.

Биринчидан. Аёл киши ҳомиладан қутулишни мақсад қилган экан, барибир бу ишни қилади. Қонуний йўли топилмаса, ноқонуний йўл билан бўлса ҳам. Мисол учун Европада “аборт туризми” деган нарса бор. Аборт тақиқланган мамлакат аёллари аборт тақиқланмаган қўшни давлатларга бориб келишади. Ирландияликлар Англияга, польшаликлар Германия, Украина ёки Россияга. Иш шу даражага етганки, ҳатто Польша қирғоқларидаги нейтрал сувларда Нидерландия кемаларида махсус абортарийлар хизмат кўрсатиши йўлга қўйилган.

Иккинчидан. Абортни тақиқлаш ҳар доим “қора бозор” пайдо бўлишига олиб келади. Давлат кўрсатилаётган хизматлар сонини ҳам, сифатини ҳам, бу ноқонуний бизнесда айланаётган маблағларни ҳам назорат қилиш имкониятини қўлдан чиқаради. Натижа: Давлат ноқонуний ва сифатсиз хизматлардан фойдаланишга мажбур қилиши оқибатида саломатлигига жиддий путур етган ёки умуман ҳаёт билан видолашган аёллар.

Аборт ҳақидаги гап кетганида, доим бериладиган саволлар мавжуд. Шундан энг кўп бериладиган учта савол ёки эътирозга тўхталсак.

Биринчи савол ёки эътироз. Аёл киши аборт қилиш ёки қилмасликни нега ўзбошимчалик билан ёлғиз ўзи ҳал қилади? Жавоби оддий. Чунки, ҳомила дунёга келгунига қадар аёл организмининг бир қисми ҳисобланади ва аёл ўз организми борасида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга (бўлиши керак). Қолаверса, ҳомиладорлик жараёнида ўзгаришларга ва қийинчиликларга дучор бўладиган ҳам айнан аёл организми.

Иккинчиси. Аёл киши аборт қилишдан олдин ҳомиланинг отаси билан маслаҳатлашиши керак! Окей, лекин, тан олайлик, алоқалар севги-муҳаббат, ҳурмат ва ўзаро ишончга асосланган оилалар ва жуфтликларда аборт қилиш керакми ёки йўқми, деган савол келиб чиқиши эҳтимоли жуда паст. Шундай савол бўлган тақдирда ҳам, катта эҳтимол билан, жавоб умумий бўлади. Шуни тушуниш керакки, аёл киши учун аборт шунчаки, енгил-елпи ҳал қилинадиган нарса эмас ва деярли доим узоқ ўйланган ва жиддий асосга эга қарордир.

Ва ниҳоят учинчи иддао. Ҳомила, умуман, болани дунёга келтириш аёл кишининг зиммасидаги масъулият. Шундай бўлса бордир, лекин, бизга маълумки, инсон зиммасига юклатилган баъзи ишларни бажаришга ўзини тайёр деб билмаса, бу масъулиятдан воз кечиши мумкин.

Аборт борасида, менимча, давлат учун энг маъқул ва тўғри йўл иккита. Биринчиси, таълим жараёнига жинсий тарбия дарсларини киритиш, шу орқали келажакда исталмаган ҳомиладорликлар сонини қисқартиришга эришиш. Иккинчиси, абортни қонунийлаштириш баробарида тиббий муассаларда бу хизматни юқори сифатда кўрсатилишини таъминлаш ва назорат қилиш.

Польшага келсак, менимча, Польша инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган, дунёвий, XXI аср Европасидаги давлат бўлиш ёки аёлларга Ўрта асрлардагидек муомала қилинадиган, бир гуруҳ консерваторлар ва руҳонийлар раъйига қараб бошқариладиган давлат бўлиш борасида бир қарорга келиб олиши керак.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий