Бош саҳифа / Сиёсат / Ҳамкорлик ва қарамлик

Ҳамкорлик ва қарамлик

Кеча Зокирбек Ўринов ўз блогида “Россия таркибига кирамизми?” деб номланган блогпостини эълон қилди. Унда Россия либерал-демократик партияси лидери Владимир Жириновскийнинг Марказий Осиё давлатларини Ўрта Осиё федерал округи сифатида Россия таркибига қўшиб олиш керак, деган “таклифига” муносабат билдирилган.

Жириновскийнинг антиқа баёнотлари-ю, ғаройиб ташаббусларига одамар ўрганиб қолган. Шунинг учун унга кўпчилик эътибор бермайди. Шундай бўлса ҳам, унинг Марказий Осиё давлатлари шаънига айтган гаплари доим ҳам жавобсиз қолмайди. Мисол учун, жаноб Жириновский ўтган йили Қирғизистоннинг Россия олдидаги қарзлари ҳисобидан Иссиқкўлни олиб қўйиш таклифи билан чиққач, Қирғизистон парламенти уни “персона нон грата” деб эълон қилган эди. Гарчи, Жириновский уни хато тушунишганини айтиб, бу қарордан ҳайрон бўлган бўлса ҳам, қарор ўз кучида қолган ва Владимир Жириновский бугунги кунда Қирғизистонга келиши исталмаган шахслар қаторида.

Унинг кечаги баёноти ҳам Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлиги назаридан четда қолгани йўқ. Вазирлик бу бўйича махсус баёнот тайёрланаётганини маълум қилди. Ўз навбатида Қозоғизстон ҳам Россия Ташқи Ишлар Вазирлигига махсус нота йўллаб, Жириновскийнинг сўзларига сиёсий баҳо берилишини талаб қилган. Ўзбекистоннинг реакциясидан бехабарман.

Украинадаги сўнгги кунлардаги воқеалар, албатта, Россияни хурсанд қилди, дейиш қийин. Шу сабабдан Марказий Осийодаги таъсир кучини ҳам йўқотиб қўймаслиги учун ҳаракат қилиши табиий. Бу ҳаракатлар асосан иқтисодий ёрдам шаклида бўлади. Хабарингиз бор, Россия Қирғизистонга “Қамбар Ота” ГЭСини қуришда, армияни замонавий қурол-яроқ билан таъминлашда ёрдам беришини ваъда қилган. Қолаверса, “Қирғизгаз” акционерлик жамиятининг янги эгасига айланган “Газпром” орқали ҳам Қирғизистоннинг энергетика тармоғига сармоя киритилиши режаланган. Бу каби лойиҳалар, қолаверса, Қирғизистоннинг яқин орада Божхона Иттифоқига қўшилиш эҳтимоли, Россиянинг Қирғизистонда шундоқ ҳам анча кучли таъсирини янада кучайтириши табиий.

Бу кетишда Қирғизистон Россиянинг вассалига айланиб қолиши мумкин, деган тахмин ҳам бор. Лекин, шу ўринда Қирғизистон ҳукумати юқоридаги барча лойиҳалар амалга ошишида Россиядан кўра кўпроқ манфаатдор эканини таъкидлаш лозим. “Қамбар Ота”ни ташқи сармоясиз қуриш учун ҳам, армия учун қурол-яроқ сотиб олиш учун ҳам Қирғизистоннинг ўзида маблағ йўқ. Шундай экан, кимдандир ёрдам олишга муҳтож. “Қирғизгаз”нинг “Газпром” қўлига ўтишида эса, Қозоғизстон ва Ўзбекистоннинг ҳам ҳиссаси салмоқли. Юқори нархлар, газ таъминотининг узлуксиз эмаслиги Қирғизистон ҳукуматини мамлакатни газ билан узлуксиз таъминай оладиган ҳамкор излашга мажбур қилди.

Таъкидалш жоизки, Қирғизистоннинг Россия билан яқинлашишини аҳолининг кўпчилик қисми ёқлайди. Шу кўпчиликнинг маълум қисми Жириновскийнинг ташаббусини қўллаб-қувватласа ҳам керак. Сабаблар кўп, лекин, мен асосий деб билган уч сабабни келтириб ўтаман.

Биринчи сабаб. Қирғизистон аҳолисининг катта ёшдаги қисмининг аксари ҳали ҳамон Совет Иттифоқи парчаланганини ҳазм қила олмайди. Россияни ўз Ватани, Москвани ўз пойтахти, Путинни эса ўз президенти сифатида кўрадиган одамлар анчагина. Турли мусобақаларда қирғизистонликларнинг Россия жамоаларига муҳлислик қилишини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.

Иккинчи сабаб. Россияда турли ҳисоб-китобларга кўра ярим миллиондан бир миллионгача қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ишлайди. Бу беш миллиондан сал ортиқроқ аҳолига эга республика фуқароларининг салмоқли қисмидир. Улар Россия билан яқин ҳамкорлик натижасида меҳнат шароитларининг яхшилашишидан, давлат ва ҳуқуқ-тартибот органларининг муносабатини ўзгартиришидан манфаатдор.

Учинчи сабаб. Кўпчилик Қирғизистондаги икки инқилоб ва улар фонидаги зўравонликларда АҚШнинг қўли бор деб қаттиқ ишонади ва бу агрессиядан фақат Россия ҳимоя қила олади деган фикр мавжуд.

Сўнгги йилларда миллатчилик руҳидаги мустақил ривожланишни ёқлайдиган, қолаверса, Ғарб билан ҳамкорликни қўллаб-қувватловчилар сони ҳам анча ўсди, лекин, Россия тарафдорлари, фикримча, барибир кўпроқ.

Умуман олганда, Россия билан ҳамкорлик қилиш керак эмас, деган фикрдан йироқман. Мен ҳамма билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдориман. Гарчи, замонавий дунёда бу иложсиз нарса бўлса ҳам. Россия билан ҳамкорлик қилиш керак. Фақат бу ҳамкорликдан давлат суверенитети зарар кўрмаслиги, ҳукумат Кремлдан туриб бошқариладиган қўғирчоққа айланиб қолмаслиги керак. Бунинг учун нима қилиш керак?

Энг аввало одамларга Собиқ Иттифоқ ва Россия Федерацияси битта нарса эмаслигини тушунтириш керак. Қандай қилиб? Билмадим. Билганим, бу иш Совет давридаги ҳайкалларни бузиш, кўчалар номларини ўзгартириш ёки Совет Иттифоқини қоралаш билангина амалга оширилиши керак эмас. Шу билан бирга бу иш жамиятда миллатчилик каби иллатларнинг кучайишига ҳам олиб келмаслиги керак. Эҳтимол, Марказий Осиё давлатлари орасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали бирор натижага эришиш мумкиндир.

Россия каналларининг чекланишига қаршиман. Қайси манбадан ахборот олишни ҳар биро дам ўзи ҳал қилиши керак. Кимгадир “CNN”, кимгадир “Euronews” яна кимгадир “Первый канал” ёқади. Ҳаммага мажбурлаб бирор канални кўрсата олмайсиз. Одамлар истаса, айниқса ҳозирги замонда, муқобил ахборот манбаини барибир топади. Бундай чекловлар ўрнига рақобатбардош муқобил ахборот манбаларини яратиш устида бош қотириш керак. Давлат эплай олмаса, эплай оладиганларга шароит яратиш керак. Мисол тариқасида “Kun.Uz” сайтини келтиришим мумкин. Шу сайт фаол ишлашни бошлаганидан бери айрим хорижий сайтларга камроқ ташриф буюрадиган бўлдим.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий