Бош саҳифа / Жамият / Партикуляризм ва универсализм ҳақида

Партикуляризм ва универсализм ҳақида

Ўткан йилими ёки ундан аввалги йилими, хуллас, Навальний ҳеч қачон ҳокимиятга келолмайди, деган гап эшитган эдим. Сабаби, Путин диктатураси ёки сайловлардаги қонунбузарликлар ҳам эмас, шунчаки, партикулярист рус жамияти учун Навальний олға сураётган универсалистик ғоялар ётлигидир.

Хўш, партикуляризм ёки универсализм нима ўзи?

Нидерландиялик олим Тромпенаарс жамиятнинг партикуляристик ёки универсалистик маданиятга мойиллигини аниқлашда қуйидаги тестдан фойдаланган.

Сиз дўстингизнинг машинасида кетяпсиз. Пиёдани уриб юбордингизлар. Бу вақтда машина тезлиги камида 60 км/соат бўлганини биласиз. Ходиса эса йўлнинг 40 км/соатдан юқори тезликда ҳаракатланиб бўлмайдиган қисмида содир бўлган. Сиздан бошқа гувоҳ йўқ. Дўстингизнинг адвокати, агар сиз судда воқеа содир бўлган пайтда машина тезлиги 40 км/соатдан юқори бўлмагани ҳақида гувоҳлик берсангиз, дўстингизни қутқариб қолишингизни айтди.

Агар сизга дўст сифатида судда гувоҳлик беришга тўғри келса, нима қилган бўлар эдингиз?
А) Мен судда дўстим 40 км/соат тезликда ҳаракатланганини айтаман;
Б) Мен судда дўстим 40 км/соат тезликда ҳаракатланганини айтмайман;

Сўров натижалари АҚШ, Швейцария, Канада, Ирландия каби давлатларда 100 кишидан 97 одам судда ҳақиқатни айтишини маълум қилган. Венесуэлада 68 киши ёлғон гувоҳлик беришга тайёр бўлса, Россияда 56 одам дўсти фойдасига гувоҳлик беришини айтган.

Мен ҳам Твиттерда шунга ўхшаш сўровнома ўтказиб кўрдим.

Гарчи “Ҳақиқатни айтаман” деган жавоб қолганларидан кўра кўпроқ овоз олган бўлса ҳам, умумий ҳисобда 66% одам маълум сабаб ёки вазиятда бошқача йўл тутиши мумкинлиги маълум бўлди.

Умуман, ўзбекларнинг партикулярист эканини айтиш учун қандайдир сўров ёки тадқиқот ўтказишга ҳам ҳожат йўқ. Масалан, яқинда бир дўстим айтиб берган воқеа.

Ўша дўстим бир таниши билан жарима тўлаш учун боради. Қараса одам кўп, навбат, беш дарчадан фақат биттаси ишлаяпти. Баъзилар қаёққадир қўнғироқ қилишяпти, дарча очиляпти, иши битириб кетишяпти. Ғазабланган дўстим дарров тегишли идора телефон рақамини теради. Шу заҳоти дарча очилиб дўстимнинг танишини фамилиясини айтиб чақиришади ва улар ҳам ишини битиришади. Ўша дўстимнинг айтишича, аслида у қўнғироқ қилиб мавжуд барча дарчалар ва қонун-қоидалар ишлашини талаб қилган. Лекин иши осонгина битгач, бу истагини кейинроққа қолдиришга қарор қилган.

Универсалистлар ҳамма учун умумий қоидалар жорий этишни яхши кўришади. Партикуляристлар эса алоқалар, шахсий муносабатлар, келишувларни кўпроқ қадрлашади.

Трампернаарс бошқача усулларни ҳам қўллаган. Масалан: сиз журналистсиз ва сизга унча маъқул келмаган, лекин дўстингизга тегишли ресторан ҳақида мақола ёзишингиз керак; ҳақиқатни ёзасизми ёки йўқ? Олим Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби давлатларда непотизмга (дўстона алоқаларнинг устуворлиги) мойиллик кучли деган хулосага келган. Англо-сакс давлатларда эса формал алоқаларга мойиллик кучли. Бошқача қилиб айтганда, Россияда одамлар учун шахсий алоқалар муҳим, АҚШда эса қонун.

Хўв бирда, эсингизда бўлса, Отабек Бакиров ва Хушнуд Худойбердиев “ишонч телефонлари” борасида тортишиб қолишган эди. Бири бу нарса одамларга ёрдам бераётганини айтса, иккинчиси ҳеч қандай “ишонч телефонлари”сиз ҳамма ишини бемалол битира оладиган система яратиш кераклигини айтганди.

Универсализм ва партикуляризм билан боғлиқ муаммоларга катта бизнес кўп дуч келади. Ғарбда иш вертикал тизимда ташкил этилган ва компаниянинг барча офис ва бўлимлари бир хил меъёр ва стандартлар асосида фаолият олиб боради. Бундай компания партикуляристик жамиятга киришга интилаётганида қаршиликка дуч келади: ходимлар ўрнатилган қонун-қоидаларни хўжакўрсинга бажаришади холос. Партикулярист учун контракт – бу оддий бир қоғоз ва формал алоқаларни ўзига нисбатан ишончсизлик ва ҳақорат сифатида қабул қилади. Аслида улар учун универсалистларнинг қоидалари эмас, ҳамкасблари билан узоқ ва қалин дўстона алоқалар муҳимроқдир.

Сиз билан биз яшаб турган ватанда “Қонун барча баробар” деган шиор амалдорлар учун ҳам, давлат ҳодимлари учун ҳам, жамиятнинг катта қисми учун ҳам қуруқ гапдан бўлак нарса эмас. Биз туғилганидан то ўлгунимизга қадар қариндошларимиз, таниш-билишларимиз ва дўстларимиз орқали яхши болалар боғчаси, махсус мактаб, университет ёки “ёғли” ишга ўрнашишга интилиб яшаймиз.

Блогпостда varlamov.ru сайти материалларидан фойдаланилди.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий