Бош саҳифа / Жамият / Оталар ва болалар

Оталар ва болалар

Хотин ака уй ишлари уммонига шўнғиб кетган пайтларда, ёрдам тариқасида, болаларни аравачага солиб кўчаларни айлантириб келадиган одатим бор. Аввал катта ўғлим билан сайр қилардик. Унинг ёши улғайиб, ўзи босишни ўрганиб, аравача иккаласи бир-бирига ярашмай қолгач, атайин сайрга чиқмайдиган бўлдик. Бу йил кунлар исиши билан энди кичик ўғлим билан аравачада сайр қиладиган бўлдик.

Бу сайрлар ҳақида ёзишимга сабаб, аслида, баъзиларнинг “Эркак киши кўчада аравачада бола судраб юргани уялмайсанми?” деган гапи бўлди. Одам ўз боласи билан кўчада юришдан нима сабабдан уялиши керак, ҳеч тушунмайман. Ҳамма нарсани биладиган танишларимнинг айтишича, бола боқиш фақат (исключительно) аёлларга хос иш экан. Кулгум қистайди…

Энг қизиғи, уялмайсанми, деган гапни эшитганимдан кейин сайрга чиққанимизда, ўзимни бироз ноқулай ҳис қилаётганимни сезиб қолдим. Шундан хулоса қилдимки, мана шундай гап-сўзлар сабаб ҳам кўпчилик эркаклар, ўзи хоҳласа ҳам, ёш болалари билан кўчага чиқмайди.

Маслаҳатим, ёш болангиз билан кўчада сайр қилишдан асло уялманг. Уйда аёлингизнинг болалардан озгина дам олишини ҳисобга олмаганимизда ҳам, бу сайрлар сизга фақат фойда келтиради. Мисол учун, мен ўзим ҳам шу сайрлар давомида аравачада ўзича маза қилиб кетаётган ўғлимдан кам ҳузурланмайман. Тоза ҳаводан тўйиб нафас оламан, кун бўйи асосан компьютер экранидан бошқа нарсани кўрмайдиган кўзларимни дам олдираман. Қолаверса, пиёда юриш ҳам соғлиқ учун кони фойда. Билишимча, тоза ҳавода сайр қилишнинг ёш болалар организмига фойдаси катталарникидан ҳам кўп экан. Қолаверса, кўчадаги турли нарсаларга қараш ёш болаларнинг кўриш тизимига катта фойда келтирар экан.

Бу фойдалар ўз йўлига. Энг муҳими – фарзандингиз ва сизнинг ўртангизда кўзга кўримас ришталар пайдо бўлади. Фарзандингизнинг турли саволларига жавоб бериш учун ён-атрофга назар ташлаб, кундалик ташвишлар билан эътиборингиздан четда қолган табиат гўзаллигидан ҳам баҳра оласиз, дунёни фарзандингиз кўзи билан қайта кашф этасиз. Ҳа, яна бир гап, маҳалладаги келинлар орасида “намунали ота” сифатида рейтингингиз ошиши ҳам кафолатланган. 😉

Сайрдан уйга қайтиб келсангиз, идиш-товоқ ювилиб, уйлар саришталаниб, аёлингиз озроқ дам олишга ҳам улгурган бўлади. Энди бир чойнак аччиққина чой дамлаб олиб, ёнбошлаб футбол кўрса ҳам бўлаверади. 🙂

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий