Панжара

Мана бу халқ маданиятли, мана буниси маданиятсиз, деб айтиш, албатта, тўғри эмасдир. Маданият даражасини ўлчайдиган қандайдир мезон, ўлчов бирлиги ҳам мавжуд эмас. Шундай бўлса ҳам, баъзи халқлар маданиятидаги у ёки бу нарсани намуна қилиб кўрсатиш мумкин бўлса керак. Масалан, бир неча йил аввал японлар фавқулодда вазиятларда ўзини тутиш маданияти билан дунёни лол қолдирганди. Ёки Хожибой Тожибоевнинг русларнинг болаларни докторга муносабати ҳақидаги гаплари ва ҳоказо…

Мақтайман, мақтанаман деса ўзимизда ҳам мақташга арзигулик нарсалар кўп. Лекин “душман овозлари”да ишлайдиган бир танишим айтганидек, мақташни бизсиз ҳам қойиллатадиганлар тиқилиб ётибди. Охирги кунлар шуни кўрсатдики, ким ва нимани мақташ айтилса у ёғини дўндирадиганлар керагидан ҳам кўп экан. Ҳай, майли…

Маданият ҳақида гап бошлашимнинг боиси, аслида, Жалолобод шаҳри марказига элтувчи йўлнинг бозорга яқин қисмида ўрнатилган қуйидаги фотосуратлардаги темир панжаралардир. Уларни “Маданият ўлчови” деб номлашга қарор қилдим.

Кўриб турганингиздек, йўлнинг автомобиллар ва пиёдалар учун ажратилган қисмлари темир панжара билан тўсилган. Ундан ташқари автомобиллар учун мўлжалланган қисмининг қарама-қарши йўналишлари ҳам темир панжара ёрдамида ажратиб қўйилган.

Бу панжаралар пайдо бўлганига кўп бўлмади. Адашмасам, йўлнинг бу қисми таъмирланиши бир йилча аввал бошланди. Йўл кенгайтирилди, тротуарлар таъмирланди, пиёдалар учун иккита кўприк қурилди ва шу панжаралар пайдо бўлди. Кўпчиликка панжаралар ёқмади. Бир гуруҳ фаоллар “Биз қамалда қолдик” деган шиор билан намойиш ҳам ўтказишди.

Ўша панжаралар йўқ жойдан пайдо бўлгани йўқ. Шаҳар мэрияси ва ички ишлар бошқармаси йўлдаги “пробка”ларни йўқ қилиш учун кўп ҳаракат қилишди. Светофорларнинг олдига одам қўйиб, пиёдаларни тартибга солишга уриниб кўришди, ҳар қадамга ГАИ қўйиб ҳайдовчиларни қўрқитмоқчи бўлишди. Фойда бермади. Пиёдаларни тартибга солиш осон иш эмас. Ҳайдовчиларнинг орасида ҳам ГАИ тўхтатолмайдиган, тўхтатса ҳам кучи етмайдиганлари кўп экан. Охири шу панжаралар ўрнатилди ва менимча энг тўғри қарор шу бўлди.

Мана энди қанчалик шошаётган бўлмасин, ҳамма пиёдалар йўлакчасидан ёки кўприкдан ўтишга мажбур. Машина ва унга илинган рақам қанчалик “крутой” бўлмасин, исталган жойда исталган йўналишда бурилиш имкони йўқ.

Энг қизиғи ва мени шу нарсаларни ёзишга мажбур қилган нарса яқинда бўлди. Йўлнинг қарама-қарши йўналишларни ажратиб турувчи панжаралар яна ҳам баландроқ панжараларга алмаштирилди. Сабаби оддий: Эски панжаралар пастлиги сабаб ундан сакраб ўтувчилар пайдо бўлди. Ҳатто ёши бир жойга бориб қолган одамлар ҳам панжарадан сакраб ўтишга уринаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Бу панжараларни маданият ўлчови деб номлашимнинг боиси ҳам шу – панжара қанча баланд бўлса, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданиятимиз шунча паст.

Баъзи жойларда пиёда йўлни кесиб ўтмаслиги учун сфетофорда қизил чироқ ёниб туриши ёки пиёдалар йўлакчаси йўқлигининг ўзи кифоя. Баъзи ўлкаларда ҳайдовчи қоидага амал қилиш учун йўлда чизилган чизиқларнинг ўзи кифоя. Маданиятимиз ўша даражага етганида, эҳтимол, йўлдаги мана бу панжаралар ҳам йўқ бўлар. Унгача эса маданиятимиз ўлчови бўлиб, шаҳримиз “кўркига кўрк қўшиб” тураверади.

Тавсия этамиз

Риочилар ва Санжар Саид ҳақида

Агар биз сизнинг ишончингизни оқламаган бўлсак – бу бизнинг муаммоимиз эмас – бу сизнинг муаммо. …

Добавить комментарий