Бош саҳифа / Жамият / «Оскар» ва «Уилл Смит»

«Оскар» ва «Уилл Смит»

Ўтган йили “Блогерлар чемпионати”нинг қайсидир босқичи якунида баъзи ҳакамлар қорақалпоқ тилида ёзувчи бирорта блогерни тўплаган балларидан қатъи назар кейинги босқичга ўтказишни таклиф этиб чиқишган эди. Мен бу ғояга қарши чиқиб: “Агар Қирғизистон шундай танлов ташкил этилиб, мени яхши ёзганим учун эмас, шунчаки, кейинги босқичда бирорта ўзбек бўлиши кераклиги учун ўтказишса, буни ҳақорат сифатида қабул қилардим.” – деган эдим.

Ҳозир бу воқеани эслашимга шу кунларда “Оскар” атрофида юз бераётган ишлар сабаб бўлди. Мукофотга номзодлар орасида қора танли актёрлар йўқлиги сабаб ташкилотчилар ирқчиликда айбланмоқда. Уилл Смит ва яна бир қатор афроамерикаликлар “Оскар”га бойкот эълон қилишибди.

Албатта, озчилик ҳуқуқи ҳимояси муҳим масала. Албатта, қора танли ёки секс-озчилик вакили бўлган актёр ва актрисалар ҳам “Оскар” олишга тўлиқ ҳақли. Лекин, яна ўша саволни қайтармоқчиман. Уилл Смит ёки бошқа қора танли актёрлар “Оскар”ни ўз ролини қойиллатиб ижро этиб қўйгани учун олиши керакми ёки шунчаки танасининг ранги учунми?

Озчилик ҳуқуқи ҳақида гап кетганида, менимча, энг маъқул йўл – уларга қандайдир имтиёз бериш эмас, балки кўпчилик вакиллари билан бир хил шарт-шароит яратилишини таъминлаш. Ирқи ёки миллатидан қатъи назар барча билим олиш, ишга кириш, умуман, русча айтганда “самореализация” учун бир хил имкониятга эгами? Агар шундай имконият яратилса, барча — кўпчилик ҳам, озчилик ҳам — бир хил имкониятга эга эканига тўлиқ ишончи комил бўлса, бугун “Оскар” атрофида бўлаётган гаплар бўлмаган бўлар эди. Чунки ҳамма ўз меҳнати ва истеъдодига яраша тақдирлаганаётганига ҳеч кимда шубҳа бўлмайди.

Уилл Смит актёр сифатида эмас, қора танли актёр сифатида бир эмас ўнта “Оскар” олганда ҳам, бу ирқчиликни йўқотишига ҳеч қандай ҳисса қўшмайди. Умуман, сунъий, хўжакўрсин учун қилинадиган шоулардан бирор фойда чиқишига шубҳам бор. Бир тарафдан бу давлат учун ҳақиқий муаммолар билан курашмаслик учун баҳона. “Уилл Смит”ларнинг қатор-қатор “Оскар”ларини кўрсатиб дарров оғзингизни ёпишади. Бошқа тарафдан озчилик бирор хизмати учун эмас, озчилик бўлгани учун имтиёз олаверса, бу кўпчилик вакилларида озчиликка нисбатан адоватнинг янада кучайишига олиб келиши ҳам мумкин.

Эҳтимол, идеал жамият қуриш имконсиздир, лекин, у томон қилинаётган ҳар бир қадам бизни унга яқинлаштиради. Гарчи бугун озчилик ҳуқуқлари бўйича АҚШ мисолида гапирган бўлсак ҳам, бу муаммо бизнинг жамият учун ҳам долзарб. Демак, биз ҳам ҳаракатда давом этишимиз лозим.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий