Бош саҳифа / Жамият / Орландо фожиаси, ўзбеклар ва матбуот

Орландо фожиаси, ўзбеклар ва матбуот

Орландодаги гей-клубда даҳшатли ҳужумдан кўп ўтмай қотилнинг собиқ рафиқаси ўзбекистонлик экани маълум бўлди.

Ситора Юсуфий 12 июнь тонгида 49 кишини ўлдирган ва 53 нафарини жароҳатлаган Умар Матин билан турмуши ҳақида журналистларга гапириб берди. Эри уни калтаклагани ҳақида ҳикоя қилар экан, аёл Матиннинг руҳий касал бўлганини тахмин қилди ва собиқ турмуш ўртоғини кўрмаганига кўп йил бўлганини айтди.

Ўзбек ва рус тилларидаги интернет саҳифаларда эса аёлнинг миллатига урғу берганлар тобора кўпайиб бормоқда.

Россия матбуоти унинг ўзбеклигига эътибор қаратди. Фейсбукдаги гуруҳ эса унинг асл миллати ҳақида баҳс юритмоқда. Худди бунинг аҳамияти бордек.

Мен кузатган бир баҳс жуда хунук тус олди: бир ўзбек “Ситора Юсуфий – тожик, исми тожикча”, дея таъкидлади. Бунга жавобан тожиклар ўзбекларга тош ота бошлади. Зотан, АҚШ матбуотида аёлнинг миллати ва дини ҳақида ҳеч гап йўқ. Унинг Ўзбекистондан Америкага кўчиб келгани ва Матин билан танишгани – ҳикоянинг бир қисми. “Бизникилар” эса воқеанинг энг аҳамиятсиз жиҳатига эътибор қаратмоқда. Ва натижада миллатлараро адоват кучайиши мумкин.

Фожеа юз берганида уни матбуотда ёритишнинг қонун-қоидалари, ўз “алгоритм”и бор. Сиз ҳам буни пайқаган бўлсангиз керак. Аввал фожеа ҳақида қисқа маълумот пайдо бўлади. Сўнгра тафсилотлар маълум қилинади. Статистика берилади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Қурбонлар сони – 50 одам ўлгани ва 53 одам жароҳатлангани айтилди. Қотил ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўлдирилгани хабар берилди. Сўнгра расмийлар баёнотлари. Тергов иши бошлангани ҳақидаги билдирувлар. Муносабат…

Кейинги соатлар ичида журналистлар қурбонлар ҳақида маълумот бера бошлайди. Чунки бу газетани ўқийдиган ёки телевизорни кўрадиган одам учун қуруқ статистикани инсонларга “айлантиради”. “50 одам нобуд бўлди”, дейилса мавҳум эшитилиши мумкин. Лекин қурбоннинг ўлими олдидан “ойижон, мен сизни яхши кўраман”, деб онасига СМС йўллагани ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Ва шундай бўлиши керак.

Оммавий ахборот воситасининг (ОАВ) “сифати”га ва журналистнинг малакаси ҳамда маънавий қадриятларига қараб, у ёки бу газета ва журнал воқеани қандай ёритиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин. “Сариқ” ва “сариқ”қа яқин пресса инсонларнинг энг паст ҳиссиётларида “ўйнаш” ҳисобига рейтинги, демак савдосини оширишга ҳаракат қилади.

Афсуски, Россия ОАВ орасида айнан миллатга урғу бериш – одатий ҳол. Бундан бир неча ой олдин Москвада энага бўлиб ишлайдиган Гулчеҳра Бобоқулова ишини эсланг. Ўшанда аёлнинг ўз тарбияланувчиси, рус қизчанинг калласини кесгани руҳан носоғлом экани оқибати бўлганини тахмин қилиш қийин эмас эди. Ва шундай бўлиб чиқди. Лекин матбуот аёлнинг ўзбек эканини кўп “чайнади”. Оқибатда Россиядаги ўзбекларга муносабат ёмонлашди, энага бўлиб ишлаётган аёллар хатто ишини йўқотган ҳоллар ҳам кузатилди.

Россиядан фарқли ўлароқ, АҚШда ўзбеклар ҳақида аниқ бир стереотип шаклланганича йўқ. Чунки Америка учун ўзбеклар, тожиклар ва бошқа марказий осиёликлар – нисбатан янги аҳоли гуруҳлари. Бу америкалик ўзбеклар учун ижобий ҳол. Чунки АҚШда яшаётган ўзбекларда маҳаллий аҳоли орасида ўзи ҳақида ижобий фикр шакллаш имкони бор. Масалан, бизга қараганда, афғонлар аҳволи оғирроқ. Матиннинг миллати афғонлиги аниқлангач, унинг АҚШда туғилиб катта бўлганига қарамай, аҳолининг маълум қатлами унинг террорчи эканига дарҳол ишона бошлади.

Ситора Юсуфийга қайтадиган бўлсам, унинг терговчиларга ёрдам кўрсатаётгани, журналистларга маълумот бераётгани, албатта, ижобий ҳол. Оилавий зўравонлик қурбони учун ўз қийинчиликлари, ўзининг калтаклангани ва хўрлангани ҳақида очиқчасига гапириш осон эмас. Мен бу мавзуда ўтган гал гап юритган эдим.

Ҳозир эътиборни Юсуфий ёки Матин миллатига эмас, воқеага сабаб бўлган омилларга қаратиш лозим. АҚШда қурол назорати муаммосини кўтариш, радикал мафкурага берилаётган ёшлар ва уларни бунга етаклайдиган сабабларни ўрганиш керак. Қолаверса, оилавий зўравонлик, зўравонликка мойил одам руҳияти ҳамда оммавий қотилликлар ва терроризм орасидаги алоқалар ҳақида гапириш керак.

«Интер гап» блогидан олинди.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий