Бош саҳифа / Жамият / Райҳонга раҳмим келди

Райҳонга раҳмим келди

Бугун тасодифан Фейсбукда қўшиқчи Райҳоннинг ўзбекча ўрганишга қарилиқ қилиши ҳақидаги постга кўзим тушиб қолди. Комментлардан баъзилар ундан хафа бўлгани, баъзиларнинг жаҳли чиққани кўриниб турибди. Райҳоннинг тарафини олганлар ҳам бор.

Райҳоннинг гапларидан шахсан мен хафа бўлганим йўқ. Бу гаплар мени ажаблантиргани ҳам йўқ. Шу боис уни ёмонлаш ниятим ҳам йўқ. Зеро, бир одам ёши ўтиб қолгани ёки соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб бирор ишга қодир бўлмаса, ундан хафа бўлиш ноўрин.

Қолаверса, 3-4 йилдан бери интернетнинг ўзбекча қисмида фаолият олиб борувчи блогерларнинг шарофати ила Ўзбекистондаги ўзбек тилига муносабат билан озми-кўпми танишман. Масалан, Хушнуднинг ўзи бир қанча давлат идоралари ва банкларнинг пештахта-ю тошлавҳаларидаги бир қатор хатоларни топиб, анча-мунчасини тўғрилатишгаям эришди. Давлат идоралари ва банклар каби “серьезный” ишхоналарда аҳвол шу бўлгач, битта отарчидан хафа бўлиш ҳам ноўрин бўлса керак.

Биласизми, тўғриси, Райҳонга раҳмим келди. Шунча йил саҳнада айтгаётган қўшиғидаги сўзларнинг маъносини билмай, тўтиқушга ўхшаб ёдлаб олган сўзларини мусиқага солиб айтиб юришнинг ўзи бўладими? Айтган қўшиғининг матнини ўзи тушунмаяптими, демак, ундан ўзи ҳам завқ олмайди. Демакки, қўшиқда на эҳтирос, на ҳиссиёт, ва на дард бор. Қўшиқчи ўзи тушунмаган сўзларни, ўзи ҳис этмаётган ҳислару дардни тингловчига қаёқдан ҳам етказиб бера оларди? Бу дегани Райҳон санъаткор эмас. Ҳар қалай мен учун. Нима учун Райҳоннинг қўшиқлари мени ўзига жалб қилмаганининг ҳам сабабини бугун тушундим.  Севара Назархоннинг борига шукр.

Айтганча, ёш ҳақида. Ҳамкасбимнинг ёши саксонга етай деб қолган бувиси бор. Болалиги урушдан кейинги қийинчилик йилларига тўғри келгани боис ёлчитиб мактабда ҳам ўқиган эмас. Бундан ўн йилча аввал ўша онахон ҳаж зиёратига бориб келди. Қайтгач араб тили ўрганишга аҳд қилганини айтибди. Ҳамкасбимнинг оиласи бу гапга жиддий эътибор қаратмаганди. Қари кампирнинг навбатдаги инжиқлиги сифатида кўрилган эди. Ҳозир ўша онахон араб тилида бемалол китоб мутолаа қилади. Айтмоқчиманки, гап ёшда эмас, хоҳиш ва истакда холос.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий