Бош саҳифа / Сиёсат / Жаҳолатга қарши жаҳолатми?

Жаҳолатга қарши жаҳолатми?

Сўнгги кунлар ичида юз берган воқеалар, интернет ва оммавий ахборот воситалари кучини яна бир бор кўрсатди, назаримда.

YouTube’да пайдо бўлган ислом дини ва Муҳаммад пайғамбарни ҳақоратловчи видеодан нафратланган мусулмонлар Миср, Ливия, Яман ва ҳаттоки Австралияда намойишлар уюштиришди. Араб давлатларидаги намойишларнинг кўпчилигида бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилгани одамни ҳафа қилади, албатта.

Айниқса, Ливияда АҚШ элчисининг ўлдирилиши кўпчилик эътиборини тортди. АҚШ президенти Барак Обама ўз мамлакати элчисининг ўлдирилиши сиёсий алоқаларга путур етказмаслигини айтган бўлса ҳам, бу тўқнашувлар ғарб ва ислом дунёси алоқаларида совуқлик олиб келиши шубҳасиз.

Лекин гап бунда эмас. Мени қизиқтирган, тўғрироғи ўйлантирган нарса мусулмон аҳлининг шу савиясиз ва аҳмоқона 13 дақиқалик видеога бўлган муносабатидир. Ана шу видео шунча вайронгарчилик ва бу видеога умуман алоқаси йўқ одамларнинг ўлимига арзир эдими? Назаримда бу видео бундай, таъбир жоиз бўлса, юксак эътиборга нолойиқ эди. Аксинча, бу тўс-тўполон ва ур-йиқитлар баъзи одамларнинг, мусулмонлар мана шунақа агрессив одамлар, дейишига асос яратиши ҳам ҳеч гап эмас.

Ўша YouTube’ни яхшилаб “кавласангиз” мусулмонлар, ислом дини ва пайғамбарни ҳақоратловчи материалларнинг жуда кўпини топишингиз мумкин. Нега айнан шу видео ислом дунёсида бундай муносабат уйғотгани, бошқаларга билмадиму, шахсан менга қоронғулигича қолмоқда. Балки, кимлардир айнан шундай муносабат бўлишини, қонли намойишлар уюштирилиб, одамлар ҳаётига зомин бўлишини истагани ва охир оқибат яна мусулмонлар ёмон отлиқ бўлишини мақсад қилгани учун эмасмикан, деган таҳмин ҳам йўқ эмас. Агар шундай бўлса, улар ўз мақсадига 100% эришишди деб айтиш мумкин.

Жаҳолатга қарши маърифат ила курашмоқ лозим, деган машхур ва жуда доно ибора бор. Мана шу иборага риоя этиш, мана шундай видео муаллифаларининг ўзлари шарманда бўлишига олиб келади. Араб давлатларидаги намойишлар ва қотилликлар эса, одамнинг акиллаган итга тўрт оёқда акиллаб жавоб беришидан ўзга нарса эмас.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий