Бош саҳифа / Сиёсат / Навбаҳор Имамова АҚШ ва Марказий Осиё алоқалари ҳақида

Навбаҳор Имамова АҚШ ва Марказий Осиё алоқалари ҳақида

Навбаҳор Имамова — «Америка Овози»нинг Марказий Осиёни ёритувчи журналисти. 10 йилдан зиёд вақт мобайнида «Америка Овози»да мухбир, муҳаррир ва продюсер сифатида фаолият олиб бормоқда. 2003 йилдан бери ҳафталик «Америка Манзаралари» дастури орқали АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсати, Американинг минтақа билан алоқалари, қолаверса, АҚШ сиёсати ва ҳаётини ёритиб келмоқда. Яқинда «Central Asian Analytical Network» интернет нашри Навбаҳор Имамова билан АҚШ ва Марказий Осиё алоқалари ҳақида суҳбат қурди. Қуйида ушбу интервью билан танишишингиз мумкин.

Навбаҳор, Сиз кўп йиллардан бери АҚШда журналистсиз. Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳаёти билан боғлиқ тадбирларда қатнашиб келасиз. АҚШнинг Марказий Осиёдаги сиёсати ортидаги ва унга масъул одамларни биласиз. Афғонистондаги ҳарбий миссия якунига етаётган пайтда қандай ўзгаришлар кузатилмоқда? АҚШнинг минтақага нисбатан қизиқиши сўниб бораяпти, деган фикрга қўшиласизми? АҚШнинг минтақадаги роли янгича куриниш оладими?

АҚШнинг “янги” стратегияси Марказий Осиёда аллақачон татбиқ этилa бошлаган. Лекин, журналист нуқтаи назаридан унда бирор янгилик кўрмайман. Аввалгидек, стратегия уч муҳим йўналишга эга: хавфсизлик бўйича ҳамкорлик, иқтисодий тараққиётда кўмаклашиш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва демократияни қўллаб-қувватлаш. Мен Американинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатини 2002 йилдан буён ёритиб келаман. Вашингтон стратегияси ва мақсадлар, умуман олганда, ўзгармай келади. Tактика янгиланиб туради холос.

Мен гаплашган сиёсатчи ёки дипломатлар дейдики, АҚШ Марказий Осиёда ривожланган, барқарор ва демократик жамиятлар кўришни истайди. Лекин энг қийин – америкачасига айтгандa, “миллион долларлик” жумбоқ: бундай натижага эришиш учун АҚШ нима қилиши керак?

Америка юқоридаги йўналишлар асосида минтақага нисбатан тўғри ёндaшув излашда давом этмоқдa. Марказий Осиёга нисбатан самарали сиёсат билан чиқишга уринишаётганига гувоҳман. Бу жуда қийин кечмоқда. Aниқ саволларга мужмал жавоб олаётганимизнинг сабаби ҳам шу.

Жумладан, Вашингтон 2009 йилдан буён минтақанинг давлатлари билан алоҳида ўтказиб келаётган маслаҳатлашувлар нима натижа берди?

Яна бир масала — Вашингтоннинг Марказий Осиёда минтақавий интеграция, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва Жанубий Осиё билан алоқани ривожлантиришни кўзда тутувчи “Янги ипак йўли” лойиҳаси. Бу ғоя аслида узоқ йиллардан бери муҳoкамада. Қизиғи шундаки, “Янги ипак йўли” бўйича қизғин баҳс-мунозаралар минтақада эмас, Вашингтонда кечмоқда. Ипак йўлига ишқи тушган фақат Амрика эмас. Хитой раҳбари Си Цзиньпинь ҳам “Янги ипак йўли” ҳақида кўп гапиради. Фарқ шундаки, Хитой минтақага миллиардлаб доллар сармоя киритмоқда, АҚШ эса йўқ.

2011 йили ўша пайтдаги давлат котиби Ҳиллари Клинтон “Янги ипак йўли” лойиҳасини илк бор тилга олганида, минтақа давлатлари бу ғояни қўллаб-қувватлаган. Улар АҚШ бу ғояни амалга ошириш учун катта сармоя киритишини кутишган эди. Лекин, тез орада ҳукуматлар Клинтоннинг гаплари идеал ҳолатни тасвирловчи чақириқдан бўлак нарса эмаслигини тушуниб етишди. Бу ташаббус амалга ошиши учун давлатлар реал ислоҳотлар бошлаши, чегара ва бож тизимларини тубдан янгилаши керак. Бу масалада якуний қарорни АҚШ эмас, Марказий Осиё давлатларининг ўзлари қабул қилиши керак. Америка дипломатлари ва сиёсатчилари минтақага сармояни ҳукумат эмас, хусусий сектор киритишига кўп урғу беришади. АҚШ xусусий сектори сармоя киритиши учун эса асосий талаблар — адекват банк тизими, шаффофлик, валюта конвертацияси, коррупцияга қарши кураш… Бу масалалар бўйича АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари анчадан бери гаплашиб келади.

Америка расмийлари Марказий Осиё аҳамияти хусусида мужмал баёнотлар бериб туради. Мисол учун, АҚШ давлат котиби муовини Энтони Блинкен 2015 йилнинг апрель ойида сўзлаган нутқида Марказий Осиёдаги мақсадлар хусусида гапираркан, минтақaни “кўприк” деб атади. Қаёққа олиб борувчи кўприк? Марказий Осиё АҚШ учун, шунчаки, бошқа бир манзил йўлидаги кўприкми? Жуда мавҳум тавсиф бу.

Сармоя ва ҳарбий ёрдам кўп нарсадан далолат беради. АҚШнинг минтақага қизиқишининг асосий индикатори – маблағ, вақт ва эътибор. Шу боис “Янги ипак йўли” концепцияси танқид остида. АҚШ қуруқ ташаббусни олға сурмоқда, реал қадамлар ташлаш минтақа зиммасида дейишдан нарига ўтмаяпти.

Ўз билганларимга асосланиб шуни айтишим мумкинки, АҚШ ва минтақа ўртасидаги ҳамкорлик Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар якунига етгач ҳам асосан хавфсизлик бобида бўлади.

Аслида Америка Марказий Осиё давлатлари билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйишни истайди. Лекин, амалда буни томонлар бирдек исташи керак. Mинтақа давлатлари АҚШ билан асосан ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни манфаатли деб билишади. Америка демократияси ва инсон ҳуқуқлари тарғиботи Марказий Осиё ҳукуматларига керак эмас. АҚШдан катта миқдорда иқтисодий ёрдам кутиш ноўрин эканини ҳам минтақа раҳбарлари яхши тушунишади.

Сўнгги пайтларда Вашингтонда Марказий Осиё аҳолиси нимага қодир экани, инсон капитали, ҳақида кўп гапиришаяпти. Лекин, Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари, Кремлнинг постсовет ўлкаларидаги таъсир кучи ортиши, терроризм ва ИШИД сабаб АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида асосий эътибор ҳарбий ҳамкорликка қаратилишини кутишимиз мумкин.

Фикрингизча, оддий америкаликлар минтақага қандай қарайди? Уларнинг Марказий Осиё ҳақидаги билими кенгайганми? Минтақа улар учун саёҳат ёки сармоя учун қизиқ/маъқул жойми?

Бугунга келиб жуда кўп америкаликлар минтақа ҳақида маълумотга эга. Баъзилар терроризмга қарши кураш хусусидаги ахборот орқали билса, бошқалар минтақа тарихи ва маданиятига қизиқади. Интернет ва ижтимоий медиа минтақани америкаликлар учун очиб берди. Қолаверса, йилдан йилга Марказий Осиёдан Америкага талаба, сайёҳ ёки бутунлай яшашга келаётганлар сони ортиб бормоқда. Нью-Йоркнинг Бруклин туманида бугун «Кичик Ўзбекистон» бор. Чикагода тобора кенгайиб бораётган қирғиз жамоаси мавжуд. Техас — кўплаб қозоғистонликларга янги ватан. Турли жойларда тожик ва туркман жамоалари ҳам пайдо бўлмоқда. Эҳтимол, айрим америкаликлар Марказий Осиё ёки у ердаги давлатлар ҳақида билмас, лекин Самарқанд, Бухоро, Хива каби Буюк Ипак йўлида жойлашган шаҳарлар ҳақида эшитишган ва у ерларга боришни исташади.

Лекин, ҳозирча сайёҳлар оқимини кўрмаяпмиз. Чунки, виза олиш қийин, авиачипталар анча қиммат, туристик инфратузилма яхши ривожланган эмас. Америкаликлар, чекланган муддатга бўлса ҳам Қирғизистон ва Қозоғистонга визасиз келишлари мумкин. Лекин, бу давлатларга келган сайёҳларнинг қўшни давлатларга, айниқса, Ўзбекистон ва Туркманистонга ўтиши амри маҳoл. Мисол учун, Туркманистонга бориш учун қиммат турпакет сотиб олиш зарур. Турпакет ҳукумат томонидан белгиланган меҳмонхонада яшаш ва бутун саёҳат давомида ҳар жойда ҳамроҳ бўлувчи гид-экскурсовод олиш мажбуриятини юклайди. Минтақада сўнгги бир неча йил давомида юз берган нохуш воқеалар сабаб Марказий Осиёни саёҳат қилиш учун хавфли ҳудуд деб билувчи америкаликлар ҳам йўқ эмас. Кўпроқ туристларни жалб қилиш учун ҳукуматлар ҳали кўп ишларни амалга оширишлари керак.

Марказий Осиёда бизнес қилиш масаласига келсак, Америка компанияларини чуқур илдиз отган коррупция минтақа давлатларида пул тикиш фикридан қайтаради. Минтақага қaнчалик қизиқишмасин, таваккал қилгилари йўқ. Мен Марказий Осиёда бизнес қилиш иштиёқи жуда баланд компанияларни биламан. Улар минтақага бориб, бизнеснинг ҳақиқий аҳволидан хабар топгач, иштиёқ жуда тез сўнган. АҚШ сармояларининг асосий улуши ҳозирги кунда Қозоғистонга тўғри келади. Бу бир тарафдан мамлакатдаги катта нефть ва газ захираларига, бошқа томондан эса Қозоғистон ҳукуматининг сармоядорлар манфаатини ҳам ҳисобга олган ёндашувига боғлиқ.

АҚШ ҳукумати кўпинча Ўзбекистондаги қўшма корхона — General Motors компаниясини самарадор шериклик, Америка бизнеси намунаси сифатида кўрсатади. Амалда вазият анча оғирлигини биламиз.

Lockheed Martin ва Boeing ҳам минтақада ишлайди. Лекин, бу узоқ муддатли сармоялар эмас, балки қисқа муддатли, маҳсулот сотишга мўлжалланган фаолиятдир. Марказий Осиёда ишлаётган халқaro компания раҳбарлари билан суҳбатлардан тушунганим шуки, мувафаққиятли бизнес калити – ҳукуматнинг юқори поғоналарида шериклар керак, шунингдек, кутилмаган, бизнес юритишнинг халқаро меъёрларига мос келмайдиган ўзгаришларга тайёр туриш лозим.

АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги талабалар, профессионаллар ва ёш лидерлар иштирокидаги алмашинув дастурлари ҳақида фикрингиз қандай? Бундай дастурлар амалга оширилаётганига 20 йилдан зиёд вақт ўтди. Натижалар қандай? Бу дастурлар Марказий Осиёда АҚШ тажрибасидан илҳомланган янги ёш лидерлар авлодини шакллантирди, дейиш мумкинми?

Ҳозир таълим бўйича алмашинув дастурлари учун молия анча қисқарган ва ортга назар ташлаб, уларни сарҳисоб қилиш мантиқан тўғри. Мен АҚШнинг Марказий Осиёда таълим сохасига киритган сармоялари мева берганига ишонаман. АҚШда таълим олган ва минтақада ҳукумат ва хусусий секторда фаолият олиб бораётган минглаб ёш мутахассислар бор. Бу дастурлар минтақага катта таъсир ўтказди. Бир қарашда минтақада сиёсий йўналиш умуман олганда ўзгармагандек, давлат бошқарув сифати яхшиланмагандек. Лекин, бу давлатларда АҚШда илм олган сиёсатчилар, дипломатлар ва мутахассислар ишлайди. Уларнинг Ғарбда орттирган билим ва кўникмалари, қарашлари ижобий таъсир ўтказган ҳолатлар кўп. Танқидий фикрлаб, муаммони ҳал этиш иштиёқида юрганлар бор. Эҳтимол бу одамлар бугунги сиёсий ва иқтисодий шароитда ўз билим ва кўникмаларидан тўлиқ фойдаланиш имконига эмасдирлар, лекин, улар ўзгача фикрлайди, ўзгача услуб ва йўллар ҳақида билишади.

АҚШда таълим олганларнинг аксари ҳозир 30-40 ёш атрофида ва яқин йилларда ҳукумат ва иқтисодиётдаги ўрни ва таъсири кенгаяди. Лавозими юқорилаши баробарида бу одамлар ўз билимларидан тўлиқроқ фойдаланишларига умид қиламан. Токи, бу одамлар тизимларни замонавий нормаларга мослаштирсин, тузумлар халққa хизмат қилсин.

Алмашинув дастурларининг ҳозир Марказий Осиёда яшамаётган қатнашчилари ҳам ўз фаолиятлари доирасида минтақа ривожига ҳисса қўшиб келмоқда. Хорижда яшаётган битирувчиларнинг кўпидан бир гапни кўп эшитаман: “Қанийди ҳозир қилаётган ишимни ўз ватанимда қилa олсам”.

Мен ўзим ҳам Эдмунд Маски дастури битирувчисиман. Айни дамда Вашингтонда яшаб, “Америка Овози”да ишласам ҳам, фаолиятим тўлиқ минтақага қаратилган. Мен бу ерда турли долзарб масалалар ҳақида ўзбек тилида радио ва теледастурлар тайёрлайман. Дунёда содир бўлаётган янгиликлар ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумот етказишни ўз бурчим деб биламан. Агар инсон капиталига сармоя киритиш устувор йўналиш сифатида қаралса, Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари АҚШда таълим олган фуқароларининг қайтиши учун зарур шароит яратиши керак. Бу одамлар янгича ёндaшув, янги ғоялар ва инновациялар олиб келади.

АҚШда туриб Марказий Осиёда юз бераётган қандай ўзгаришларни кузатяпсиз? Маҳаллий олим ва таҳлилчилар ишларини кузатиб борасизми? Улар ҳақида нима дея оласиз? Сизнингча, улар энг аввало қайси мавзуларга эътибор беришлари зарур?

АҚШда яшаганим билан ишим юзасидан Марказий Осиё давлатларидаги воқеаларни мунтазам кузатиб бораман. Минтақага оид ҳар қандай маълумотни ўқиш, тинглаш ёки томоша қилишга ҳаракат қиламан. Бу осон эмас, албатта, лекин, менга ёқади. Ўтган йили Қирғизистон ва Қозоғистонга бўлган сафарим мобайнида кўплаб ёшлар ўз мамлакатларида турли инновацион ташаббусларни татбиқ этишаётганининг гувоҳи бўлдим.
Марказий Осиёда олим ва таҳлилчиларнинг янги авлоди майдонга чиқмоқда. Улар ғарблик ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишни истайди. Минтақада инглиз тилида сўзлайдиган ёшлар кўпаймоқда. Қизиғи шуки, бир томондан бу ёшлар Америка минтақадан дадилроқ ҳаракат қилмаяпти деб нолийди, иккинчи томондан эса уларда бу давлатга нисбатан қаршилик ҳам кучли.

Ўз ишларини инглиз тилида чоп этаётган мутахассислар ҳам кўпаймоқда. Бу авлод ўз ишларини глобал аудитория ўқишини, уларнинг сўзларига қулоқ тутишини истайди. Лекин, улар ўз ғояларини бу аудиторияга олиб чиқишлари учун ёрдамга муҳтож. Шу сабабдан ҳам “Марказий Осиё минтақавий таҳлилий тармоғи” (Central Asia Analytical Network) каби дастурлар жуда муҳим рол ўйнайди.

Кўпинча ёш олимлар менга ўз ишларини нуфузли илмий журналларда чоп этиш нияти борлигини айтишади. Уларга жавобан, гарчи ингиз тилидаги ишлар керак бўлса ҳам, уларнинг ишларини энг аввало ўзлари яшайдиган ердаги одамлар ўқиши ва муҳокама қилиши кераклигини айтаман. Яъни, улар ўша ердаги одамлар тушунадиган тилда ёзишлари керак. Яна бир муҳим жиҳат шуки, ёш олимлар маҳаллий жамиятлар учун муҳим аҳамият касб этадиган мавзулар устида ишлашлари керак. Агар улар Марказий Осиёни дунёга яхшироқ тушунтиришни исташса, бор камчилигу-нуқсонларни яширмай, реал вазиятни очиб беришлари керак.

Марказий Осиё oлимлари хорижда ўз мамлакати ҳақида ижобий қараш шаклланишига кўмаклашишни ўз вазифаси деб билади. Бу илмий ва профессионал нуқтаи-назардан қараганда тўғри иш эмас. Ҳақиқий таҳлил йўқ, асосан президентларнинг маърузаларидан келтирилган иқтибослар билан тўлдирилган “илмий ишлар” ҳафсалани пир қилади. Албатта, бундай ишларнинг дунёга келиши – кучли цензура, таҳлилий билим ва кўникмаларнинг етишмаслиги натижасидир. Шу минтақадан эканим учун таълим-тарбиядаги муаммоларни яхши биламан. Бизнинг жамиятда очиқ ва танқидий фикрлаш қўллаб-қувватланмайди. Айнан шу боис ҳам Ғарбда олинган билим ёш олимларга ўз фикр ва ғояларини аниқ ва лўнда етказиб беришда беқёс аҳaмиятга эга.

Марказий Осиёда минтақaвий ҳамкорлик истиқболи қандай? Бунга ҳали ҳам ишониш мумкинми?

Мен минтақа иқтисодий интеграциялашган, турли соҳаларда бирдам ва боғланган ҳудуд сифатида шаклланишини истамайдиган одамни билмайман. Минг афсуски, баъзилар учун интеграция суверенитет бой берилиши демакдир. Марказий Осиёдаги ҳар бир давлат ўзини уникал деб кўрсатишга уринар экан, минтақада том маънодаги интеграцияни кутиш қийин. Мен давлат раҳбарларига шундай дегим келади: дунёда давлат борки, ўзини уникал деб билади, лекин, уларнинг кўпчилиги атрофидаги давлатлар билан бир ёқaдан бош чиқaра олади. Европа Иттифоқи давлатлари нақaдар зиддиятли тарихга эга. Шунга қарамай уларга бирга ишлай олди. Сиз нимадан бунча қўрқасиз? Ҳозирги кунда Марказий Осиёдаги ҳамкорлик икки томонлама алоқаларга асосланган. Баъзи давлатлар ўртасида ишончсизлик ва ғанимлик кучли экани сир эмас. Бунинг натижасида улкан иқтисодий имкониятлар бой берилиб, азобини эса миллионлаб инсонлар тортмоқда.

Минтақа учун энг катта хавф нимада?

Марказий Осиё айни дамда фавқулодда таҳдид остида демаган бўлар эдим. Минтақа учун энг катта хавф – ҳар томонлама деградация ва тирикчиликка айланиб кетган коррупция. Камбағалликнинг ўсиши ва таълим тизимининг орқага кетиши. Буларнинг бари минтақада турмуш даражасини пасайтиради. Бундан ташқари сиёсий эркинлик чекланган, мустақил ОАВлар йўқ ва қонун устувор эмас. Уюшган жиноятчиликнинг кучли таъсири ҳам Марказий Осиёни орқага тортмоқда. Бу муаммоларни эркин муҳокама қилиш имкони йўқ. Мана шунинг ўзи энг катта муаммо. Қирғизистон балки бироз эркиндир, лекин, у ерда ҳам миллатчилик сабаб муаммолар очиқ муҳокамада эмас. Минтақа бўйлаб фуқаролик жамияти ва журналистика кескин босим остида. Фуқаролар ўз ҳукуматларидан қўрқади, ҳукуматлар эса ўз фуқароларидан. Давлат фуқарога шубҳа билан қaрайди. Ривожланиш йўлидаги асосий тўсиқлар ички муаммоларга боғлиқ, аммо ҳукуматлар асосий хавф ташқаридан деб ишонтиришга уринади. Кўпчилик ҳақиқатни билади, лекин, буни очиқ айтишдан қўрқади.

Оригинал мақолага ҳавола: Навбахор Имамова об американской политике в Центральной Азии, новых лидерах и коррупции.

Эслатма! Ушбу мақолада Навбаҳор Имамова томонидан билдирилган фикрлар шахсий ва улар «Америка Овози» кўз қарашини акс эттирмайди.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий