Бош саҳифа / Сиёсат / Нью Йоркда ўзбек йигитлар терроризмда айбланмоқда

Нью Йоркда ўзбек йигитлар терроризмда айбланмоқда

Қўшма Штатларда уч ўзбек йигити “Исломий давлат” экстремистик ташкилотини қўллаб-қувватлаганликда айбланиб, ҳибсга олинган. Иккиси Ўзбекистондан, бири Қозоғистондан.

Учовлон “Исломий давлат” сафига қўшила олмаса, Америкада қонли хуружлар қилиш ниятида бўлган ва буни исботловчи далиллар етарли, дея билдирмоқда федерал расмийлар.

Ўзбекистонлик Абдурасул Жўрабоев ва қозоғистонлик Аҳрор Саидаҳметов Нью Йорк шаҳрининг Бруклин туманида федерал судга олиб келинди. Аброр Ҳабибов эса Флоридада сўроққа тутилди. Нью Йорк полиция комиссари Вилям Браттон:

“Иккиси Сурияга жўнаб кетиш ниятида бўлган. Аҳрор Саидаҳметовни Нью Йоркнинг Кеннеди халқаро аэропортида ҳибсга олдик. Абдурасул Жўрабоевнинг ҳам келаси ой жўнаб кетиш учун билети бўлган. Уни Бруклинда ўз уйида ушладик. Сафарни ташкиллаштирган ва молиялаган учинчи шахс Аброр Ҳабибов Флоридада ҳибсга олинди”.

Бу шахслардан иккиси АҚШда доимий яшаш учун ҳужжатга эга бўлган. Бирининг визаси ўтиб кетган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини тортган нарса — улар ижтимоий тармоқларда қолдирган ёзув-хатлар.

“Айбланувчилар нималарни режалагани ҳақида ўзлари ёзиб қолдирган. Агар “Исломий давлат”га қўшила олишмаса, АҚШнинг ўзида тўппонча, автомарик қуроллар сотиб олиб, полициячиларни ўлдиришга ҳаракат қилишини айтган”, — дейди Браттон.

Улардан бири, агар Сурияга бора олмаса, президент Барак Обамани ўлдиришга сўз берган, дейди агентлар. Бу каби таҳдид жуда жиддий қабул қилинади. Федерал қидирув бюросига кўра, радикал тўдалар маълумот алмашиши учун асосий восита — интернет.

“Федерал қидирув бюроси жиҳодчиларга доир разведка маълумотларини йиғиб боради ва шу асосда тезкор чоралар кўради. Айниқса бирор ҳол рўй бериши мумкин деб хулоса қилсак”, — дейди бюро ходими Диэго Родригез.

Ўзбеклар ҳибсга олингани ҳақидаги хабар катта жамоа яшайдиган Бруклинда шов-шув уйғотди. Оёққа тураётган бир жамият учун бу шумхабар, дейди фаоллар. Бу иш билан шуғулланаётган адвокат дейдики, радикал гуруҳларни аниқлаш учун қўлланадиган методларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмас.

“Агар даъволар рост бўлса, АҚШ ҳукумати радикализмга мойил муслмонларни аниқлаш усулларини ўзгартириши лозим”, — дейди адвокат Адам Перлмуттер.

Йигитлар кеча суд ҳузурига олиб борилган. Айбланувчилардан бирининг адвокати «мижозим бегуноҳ» дейди. Суд бу ишни март ойида яна бир кўришини билдирган. Маҳкама қачон бошланиши номаълум.

“Америка Овози” Нью-Йоркнинг Бруклин туманида жойлашган «Ватандош» Ўзбек-Америка Федерацияси раҳбари Фарҳод Султонга телефон қилиб, қатор саволлар берди. Суҳбатдошимиз юқорида номи тилга олинган шахслардан бирини танийди. Энг катта муаммо, дейди Фарҳод Султон, ислом ҳақида илмсизлик. Тингланг.

«Америка Овози» ўзбек хизмати материаллари асосида тайёрланди.

Тавсия этамиз

Трампистон

АҚШда президент сайловлари якунланди. Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонишини хоҳлаган эдим (доим демократ номзодларга “болеть” қилганман) …

Добавить комментарий