Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Тикан сим ортидаги қўшни давлат

Тикан сим ортидаги қўшни давлат

Бир орзуим бор. Қани энди таксига ўтирсангда, тўғри Андижонга бориб, янги қурилган поезд йўли орқали Тошкентга борсанг, қўшни давлат пойтахтини айланиб, кейин Самарқандни кўриш учун “Афросиёб”да йўлни давом эттирсанг…

Бу гапни дадам ёки амаким тенги одам эшитса, бу орзу эмас, ўтмиш дейди. Тошкентда ўтган студентлик йилларини, Сузоқдан Хонободга шунчаки тушлик қилиш учун бориш мумкин замонларни эслайди. Эндиликда 8 чақирим нариёқдаги дўсти тўй қилса боролмаслиги эсига тушиб юраги сиқилади.

Бу гапни ҳозир етти синфда ўқийдиган жияним эшитса, бу орзу эмас бўлмаган гап дейди. Чунки у эсини танибдики, Ўзбекистон – тикан сим билан тўсилган, олти метрли чоҳ ортидаги қўшни юрт. У бундан 10-15 йил аввал, мен мактабда ўқиб юрган кезларда, Хонобод ёки Андижондаги истироҳат боғига бориш ёзги таътилнинг ажралмас қисми бўлганлигини тасаввур қила олмайди. У бундан 10-15 йил аввал ўзбекистонликлар Арслонбобнинг шаршарасини, Жалолободнинг шифобахш булоқларини, Сулаймонтоғнинг виқорини кўриш учун махсус телеграммасиз кела олганини хаёлига сиғдиролмайди. Бундан 10-15 йил аввал Юлдуз Усмонова, Обид Асомов, “Болалар” ёки “Сетора” Ўш ёки Жалолобод тугул, шу Сузоқда ҳам концерт берганига ишонмайди. Унинг учун Ўзбекистон – тикан сим ортидаги қўшни давлат.

Қирғизистоннинг жанубида яшайдиган қирғиз ҳам, ўзбек ҳам, тожик ҳам, умуман ҳамма чегарадан бемалол ўтиш мумкин замон яна келишини истайди. Боиси, кимдир у ёқдан келин олган, кимдир қизини берган… Кимдир у ёқдан Қирғизистонга келиб, кимдир бу ёқдан Ўзбекистонга бориб рўзғор тебратган…

Шу йилнинг июнь ойида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент шаҳрида ўтган саммитида Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев протоколда белгиланганидан ҳам узоқроқ гаплашиб, алоқаларни яхшилашга келишиб олишгани кўпчиликда деярли сўниб бўлган умидни яна қайта учқунлантирди. Кейин эса Унгартепадаги воқеалар бошланди. Бу масала ечимини топиб улгурмай Ислом Каримов бу дунёни тарк етди.

Энди Ўзбекистонга ким раҳбар бўлади-ю, икки қўшни давлат алоқалари қандай бўлади, деган савол пайдо бўлди. Ўзбекистон парламенти давлат раҳбари вазифасини Шавкат Мирзиёев зиммасига юклади. Ва…

1 октябрь куни Қирғизистондан 130 кишилик делегация Андижон вилоятига дўстлик сафарига борди. Сўнгги йиллардаги алоқаларнинг қай аҳволда бўлгани ҳисобга олинса, буни оламшумул воқеа деб аташ мумкин. Октябрь ойи охирида энди Ўзбекистон делегацияси Ўшда меҳмон бўлди. Чегара атрофидаги бахсли масалалари ҳам аста-секин ўз ечимини топа бошлади. Алоқалар яхшиланмоқда, хуллас, кўз тегмасин.

Алоқалар ривожи кўп жиҳатдан 4 декабрь куни Ўзбекистонда ўтадиган президент сайлови натижаларига боғлиқ. Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонса, алоқалар яхшиланишда давом этиши, балки яна аввалги даражага чиқишига умид бор. Қирғизистон алоқаларни ривожлантиришга тайёр. Бунга президент Алмазбек Атамбаевнинг 26 октябрь куни айтган гаплари яққол далил. “Умид қиламанки, Ўзбекистон халқи Шавкат Мирзиёевни президентликка сайлайди. Шавкат Миромонович билан бизни ўн йиллик танишлик, танишликдан ҳам яқин алоқалар боғлаб туради. Баъзи сабабларга кўра тўхтаб қолган лойиҳаларни амалга ошириш вақти келди.”

Кимни президентликка сайлаш Ўзбекистон халқига ҳавола. Истардимки, ким президент бўлса ҳам, ўғлим эсини таниганда Ўзбекистонни тикан сим ортидаги қўшни давлат сифатида эмас, Ватанининг энг яхши ва яқин кўшниси, хоҳлаган пайти меҳмонга бориш мумкин юрт сифатида танисин.

Тавсия этамиз

Шам ёнар эди…

Қўнғироқ Андрей Петрович бутунлай умидсизликка тушган бир маҳалда жиринглади. — Салом, мен эълон бўйича қўнғироқ …

Добавить комментарий