Навбат

Ҳилола опа бугун вақтли турди. Ҳомиладор қизи Лобарни шаҳардаги касалхонага олиб бормоқчи эди. “Лобар, тезроқ кийин, эртароқ бормасак, касалхонада навбат кўпайиб кетади” – деб қизини шоштирган бўлди. Она-бола касалхонага кириб келишганида соат 10 дан ошган эди. Касалхона коридори навбат кутиб ўтирган аёллар билан тўла эди. Ҳилола опанинг ҳаёлидан, бу кетишда пешингача ҳам навбат келмайди, деган гап ўтди. Қизига – “Сен ўтириб тур” – деб касалхона ҳовлисига чиқди. Сумкасидан телефонини чиқариб таниши Жаҳонгирга қўнғироқ қилди.

— Жаҳонгир, касалхонага келгандик, жуда навбат кўп экан, ҳалиги таниш докторингизга телефон қилиб тайинлаб қўйинг, бизни навбатсиз чақириб олсин.

— Опа, ахир неча марта ёрдам бераман? Ўтган гал ҳам шундай қилган эдингиз. Биласиз, бунақа ишларни ёмон кўраман. Ахир, навбат кутиб соатлаб ўтирганлар бор. Уларга нисбатан ҳурматсизлик-ку бу?!

Ҳилола опа ялинавергач, Жаҳонгир бу сўнгги марта эканлигини таъкидлаб, рози бўлишга мажбур бўлди. Таниш докторга телефон қилиб Ҳилола опанинг фамилиясини берди. Ичида доктор унинг илтимосини рад этишидан умидвор эди.

Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас касалхона коридорида Ҳилола опанинг фамилияси янгради ва у қизини етаклаб доктор қабулига кириб кетди. Одамларнинг норози нигоҳларига жавобан: “Қўлингдан келса, сен ҳам шундай қил” дегандай кўзларини сузиб қўйди.

Кейинги ҳафта Ҳилола опа иш билан банкга кирди. Қараса, яна навбат. Одатдагидек Жаҳонгирга телефон қилди. Лекин, минг уринса ҳам, у билан боғлана олмади. Наилож навбат кутиб ўтирди. Бир соат деганда навбат келиб, энди киришга шайланган эди, ичкаридаги одам кимнингдир фамилиясини айтиб чақирди. Фамилиясини эшитган одам эшик томон кела бошлади. Ҳилола опа йиғи аралаш: “Ахир, мен бир соатдан бери навбатда турибман” – деди. Ҳалиги одам эса эшикни ёпар экан, унга бир қараб қўйди. Нотаниш одамнинг нигоҳларидан опага таниш бир гапни ўқиш мумкин эди: “Қўлингдан келса, сен ҳам шундай қил! ”.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий