Бош саҳифа / Сиёсат / Марказий Осиё — Навальний: Муштарак мақсадлар

Марказий Осиё — Навальний: Муштарак мақсадлар

Ўткан ҳафта россиялик таниқли мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний 2018 йили бўлиб ўтадиган президент сайловларида қатнашиш нияти борлигини эълон қилди ва ўзининг сайловолди дастурини тақдим этди.

Навальнийнинг дастурида биз, яъни Марказий Осиёликларга таалуқли қисми ҳам бор. Алексей Навальний, агар у президентлик сайловида ғолиб чиқса, Марказий Осиё республикалари билан виза тартибини жорий этмоқчи. Бундан мақсад, Навальнийнинг айтишича, Европа билан визасиз режим ўрнатиш бўйича музокараларни олдинга силжитиш, қолаверса, ноқонуний миграция оқимини назоратга олиш ва тартибга солиш.

Турган гапки, Навальнийнинг бундай ташаббуси тирикчилиги бевосита ёки билвосита Россия билан боғланган кўплаб ватандошларимизга ёқмайди. Лекин, Навальний тақдим қилган дастурда менга энг ёққан қисми айнан шу бўлди.

Бир қарашда Марказий Осиё республикаларга қарши йўналтирилган сиёсатга ўхшаб кўринса ҳам, Россия Федерацияси билан виза тартибининг ўрнатилиши, умуман Россиянинг биздан узоқлашишнинг биз учун бир қанча ижобий тарафлари бор.

Биринчидан. Алексей Навальний каби империалистик қарашлардан ҳоли ва европапараст сиёсатчининг Россияда ҳокимият теппасига келиши, бунинг натижасида Россия эшикларининг биз учун ёпилиши, Марказий Осиё республикалари учун ҳақиқий мустақилликка эришиш учун яна бир яхши имконият. Бу ўз навбатида Россия билан алоқаларни қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий тенг ва ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш учун шароит яратиши мумкин. Тўғри, Марказий Осиё Россия билан ОДКБ, ШҲТ, Евросиё Иттифоқи каби геосиёсий лойиҳалари орқали Россияга боғланган. Лекин Россияда ҳокимият ўзгариши ортидан, катта эҳтимол билан, ташқи сиёсатдаги приоритетлар ҳам ўзгаради ва Путиннинг геосиёсий лойиҳаларидан четлашилади.

Мустақиллик деганда, шунингдек, ахборот мустақиллигини ҳам унутмаслик керак. Биринчи канал, РТР ва НТВ орқали қабул қилинаётган пропаганда дозасининг каррасига қисқариши оқибатида, ниҳоят, дунёга Россия эмас, ўзимизнинг кўзимиз билан қараш имкони яралса, ажаб эмас.

Иккинчидан. Гарчи виза режими кўплаб ватандошларимизни ишидан айириб, ватанга қайтишга мажбур этса ҳам, пировардида бу фақат ватандошларимиз фойдасига ишлайди. Виза тартиби жорий этилди дегани Россия ортиқ биздаги ишчи кучига эҳтиёж сезмайди дегани эмас. Шундай экан, кўпчиликда барибир Россияга бориб ишлаш имконияти сақлаб қолинади. Фарқи шуки, у ҳолда Россияга ишлаш учун борадиган одам кетишдан аввал иш жойини тайин қилиб, РФда ишлаш ҳуқуқини берувчи виза ва рухсатномаларни олиши керак бўлади. Бу эса ишлашга кетаётган одам ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя остида бўлади деганидир. Қолаверса, Россияга боришнинг қийинлашиши иш кучи нархининг ошишига олиб келади ва меҳнат мигрантлари аввалгидан кўра яхшироқ шарт-шароитда, кўпроқ маош олиб ишлаши мумкин бўлади.

Учинчидан. Виза режими ўрнатилгач, ўз-ўзидан Россияга бориб ишлайдиган одамлар сони, барибир, кескин қисқаради. Турган гапки, республикалар олдида шунча фуқарони иш билан таъминлаш масаласи пайдо бўлади. Миллионлаган ишсиз (айниқса яқиндагина яхшигина пул топган) фуқаро каттагина ижтимоий куч. Ижтимоий портлаш ҳавфининг ортиши республикалар раҳбарияти олдига аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликка кенгроқ йўл очиш, инвестицияларни жалб этиш бўйича ишларни фаоллаштиришга мажбур қилади. Оқибатда иқтисодиётда ҳам ўсиш юзага келади.

Тўртинчидан. Марказий Осиё республикаларининг ўзлари ҳам сўнгги йилларда ўз фуқароларини Россиядан қайтариб олиб келиш ҳақида бош қотиришмоқда. Марҳум Ислом Каримовнинг ўзбек халқини шарманда қилаётган дангасалар ҳақидаги гаплари эсингизда бўлса керак?! Шу йилнинг 14 декабрь куни “Комсомольская правда” нашрининг интернет саҳифасида берилган мақолада Ўзбекистон миллий кутубхонаси директорининг мухбирга “Қачон бизнинг мигрантларни ортига қайтариб юборасизлар?” деган гапидан ҳам кўриниб турибдики, Марказий Осиёда камида Ўзбекистон ўз фуқаролари чет элда ишлашидан унча ҳам хурсанд эмас ва РФ билан виза режими жорий этилишидан манфаатдор.

Кўриб турибсизки, аслида Навальний ва Марказий Осиёнинг муштарак мақсадлари ҳам йўқ эмас. Шундай экан, Навальнийнинг Марказий Осиё ҳақидаги гапларидан, хусусан, виза тартибини жорий этиш ташаббусидан хафа бўлмаслик ва умуман қўрқмаслик керак.

Тавсия этамиз

Нега Россия АҚШга мағлуб бўлади?

Кеча ўқиганим Илья Варламовнинг навбатдаги блогпости менга ёқиб қолди ва уни таржима қилишга қарор қилдим. …

Добавить комментарий