Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Монголия сафари ҳақида

Монголия сафари ҳақида

«Турк ҳаво йўллари»нинг Истамбулдан Улан-Баторга учаётган эскигина учоғи Бишкекда бир оз дам олгач, йўл-йўлакай силкиниб-силкиниб манзилга етиб келди. Чингизхон халқаро аэропорти унча катта эмас. Чегара назоратидан ўтиш учун анча кутишга тўғри келди. Ўтиш жойи фақат учта, ўтувчилар эса бир самолёт одам. Қолаверса, назоратчи монгол қизлари ҳеч қаёқга шошилаётгани йўқ.

Монголияни қолоқ, замондан орқада қолган, чўлдаги бир давлат, деб ўйловчилар бўлса, қаттиқ адашишади. Улан-Баторнинг топ-тоза, ёруғ ва равон кўчалари бўйлаб сайр қилсангиз, Монголия пойтахти Марказий Осиё давлатлари пойтахтларидан ҳеч бир жабҳада ортда қолмаслигига амин бўласиз. Таъбир жоиз бўлса, бугунги Улан-Батордан Европа ҳиди келиб турибди. Кечки сайр давомида ўзим гувоҳ бўлган қизиқ бир ҳолат: Хоҳ катта, хоҳ кичкина дўконга кирмайлик, қайси таксига минмайлик, сотувчи ва ҳайдовчилар озми-кўпми инглиз тилида сўзлаша олади. Ҳар қалай, нарх-навони айтиб, тортишишга ярайди. Умуман, ёшларнинг кўпи инглиз тилини билар экан. Катта авлод вакиллари, Россияда таҳсил олган ёшлар каби рус тилида сўзлаша оладиганлар ҳам анчагина.

Шаҳар тротуарлари бўйлаб сайр қилсангиз, баъзи жойларда тўп-тўп бўлиб турган итларга кўзингиз тушади. Афтидан уйсиз, эгасиз итлар. Одамлар бу итларга, итлар одамларга умуман эътибор бермайди. Фақат чет элликлар эътибор берса керак. Улан-Баторнинг менга ёқмаган ягона тарафи — мана шу дайди итлар бўлди.

Замонавий шаҳар деганим билан Улан-Баторда муаммолар ҳам етарли. Айтишларича, шарар ташқарисида ичимлик суви анча долзарб муаммо экан. Франция ва АҚШ маблағи эвазига қурилган иссиқхоналарга ташрифимиз давомида монголлар шу муаммо ҳақида қайта-қайта гапиришди. Ичимлик суви чиқиши учун 120 метр бурғулаш керак экан. Иқлим совуқлиги сабаб сабзавот, полиз экинларини ўстириш осон эмас. Маҳаллий халқнинг деҳқончиликдан унча хабари ҳам йўқ, менимча.

Кетишдан аввал, табиийки, дўконга бордик. Йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бутун бошли бир қават туристлар боп моллар билан тўлдирилган. Пул тўлаш ҳам қулай. Кассир қизлар миллий валютада савдо қиламиз, пластик карта олмаймиз, деб ўтирмайди. Хоҳласангиз монгол тугригида, хоҳласангиз евро, хоҳласангиз долларда тўлашингиз мумкин. Шахсан мен харидимнинг бир қисмига тугрик, бир қисмига евро, яна бир қисмига АҚШ долларида тўладим. Курсдан бироз зарар кўрасиз, лекин, валюта айирбошлайдиган жой қидиргандан кўра яхши.

Бозор кезиш бобида тожикистонлик ҳамкасабаларимиз ҳаммани ортда қолдиришди. Аввал шаҳар дўконлари, кейинроқ аэропортдаги «Duty free»лар уларнинг эътиборидан четда қолмади.

Монголиядан учиб кетиш осон бўлмади. «Турк ҳаво йўллари»нинг самолёти номаълум сабабга кўра Бишкекга кетадиганларсиз учиб кетди. Бир кун авиакомпания берган меҳмонхонада яшадик. Эртаси куни кечқурун «Air China» билан Пекин аэропортига учиб келдик. Аэропорт жуда катта экан. Бир терминалдан иккинчисига бориш учун аввал ўн дақиқача метрода, кейин йигирма дақиқа автобусда йўл юрдик. Хитой аэропортида ўн икки соатдан зиёд ўтиргач, «Air Astana» компанияси учоғида Алматига келдик.

Айтиш жоизки, ушбу сафар давомида биз хизматларидан фойдаланган компаниялар ичида энг зўри — «Air Astana». Бу компания ҳар тарафлама офиси пештоқига «Европанинг энг яхши авиакомпанияси» деб ёзиб олган «Турк ҳаво йўллари»дан устун.

Хуллас, имкон бўлса яна Улан-Баторга боришни дилга тугиб, Бишкек томон шошилдим.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий