Бош саҳифа / Жамият / Меҳнат муҳожирлари ва рус миллатчилари

Меҳнат муҳожирлари ва рус миллатчилари

Ўтган ҳафтада россиялик сиёсатчи ва блоггер Алексей Навальнийнинг Қрим масаласидаги блогпости катта бахс-мунозараларга сабаб бўлди. Кўпчиликни Навальнийнинг Тожикистон ва Ўзбекистонда русларга нисбатан тазйиқ ўтказилгани ҳақидаги гаплари хафа қилди, аниқроғи, жаҳлини чиқарди, десам муболаға бўлмаса керак.

Албатта, жаноб Навальний ўз блогпостини тайёрлаш давомида русларнинг Марказий Осиё давлатларини тарк этиш сабабларини яхшироқ ўрганиб чиққанида, улар аслида Марказий Осиё эндиликда Рус Империясининг бир қисми эмаслигини англаб, асосан ўз хоҳишига кўра бу ерларни тарк этишганини аниқлаган бўларди. Лекин, унинг блогпост ёзишдан мақсади Марказий Осиёдаги русларнинг ҳаёти бўлмагани учун, бунга ортиқча эътибор беришнинг кераги йўқ.

Навальнийнинг блогпости сабаб бошланган мунозара, одатдагидек, Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари мавзусига айланиб кетди. Яъни, Путиннинг мигрантларга кўрсатган “ғамхўрликлари” ва Навальний ҳукумат теппасига келса, уларнинг бошига тушиши мумкин бўлган тахминий кулфатлар – аниқроғи, миллатчилик кучайиши ҳақида ҳақида гапирилди.

Мен 2009-йили Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб келганман. Миллатчиликка нисбатан нафратим жуда кучли эканини таъкидлаган ҳолда, шуни айтишим мумкин-ки, меҳнат муҳожирлари бошига тушиши мумкин кулфатлар ичида энг сўнггиси – рус миллатчиларидир. Асосий қийинчиликларнинг сабаби – айнан меҳнат муҳожирининг ўзларидир. Қонун-қоидалардан бехабар, асосий қисми рус тилини билмайди.

Рус тилини билмасликларини исботлаш учун битта мисол келтирай. Москва вилояти ҳудудида ишлардик. Хонада 12 та қирғизистонлик ва ўзбекистонлик йигитлар яшардик. Кечаларни асосан DVD кўриш билан ўтказар эдик. Шундай кечаларнинг бирида қайсидир шеригимиз хуфтон ўқимоқчи эканлигини айтиб, телевизор овозини сал пастлатишни илтимоқ қилди. Пультни олиб, “Pause” тугмасини босдим. Бир шеригим эътироз билдирди:

— Овозини ўчириб қўйиб, қўяверсангиз бўларди.
— Овози йўқ бўлса, қандай кўрасиз, нима дегани эшитилмайди-ю?!
— Овозини эшитган билан барибир ҳеч ким тушунмайди.

Атрофга қарасам, кўпчилик бу фикрни маъқуллагандек нигоҳ ташлаб турибди. Наилож, кинонинг давомини овозсиз кўришда давом этдик. “Вести” кўраётганимда кириб қолган шерикларимга уни таржима қилиб бериб, ўзимга ҳар куни таржимонлик қилиш қисматини сотиб олганимни гапирмасам ҳам бўлади.

Меҳнат мигрантлар кўп ҳам руслар билан алоқа қилавермайди. Уларни ишга жойлаштириш, назорат қилиш ва ҳақ тўлашнинг барчасини ўзимиз тарафдан борган ўртамчилар амалга оширадилар. Ўзбекистонликни ўзбекистонлик, қирғизистонликни қирғизистонлик ўртамчи иш билан таъминлайди. Ўз ватандошларига паст назар билан қарайдиган бу ўртамчиларнинг ҳаммасини ҳам инсофли дейиш қийин. Ўзбекистонлик дўстларим хафа бўлишмасину, лекин, мен кўрган ўртамчиларнинг энг ярамаслари айнан ўзбекистонликлар эди. Биз билан бирга ишлашар, лекин, биздан 200 доллар кам маош олишарди. У ҳам етмаганидек, икки Балиқчи тарафдан келган йигитни роса югуртиришган. Бир амаллаб оз-моз пул ундирган йигитлардан бири: “Ундан кўра Тошкентда нонвойлик қилганим тузук экан. Стройкада кўп пул топасан дейишса, ишониб келиб юрибман” – деб шеригини ҳам эргаштириб Ўзбекистонга қайтиб кетган. Шунинг учун, агар қайсидир танишингизни Россияда чув тушириб, меҳнатига ҳақ тўлашмаган бўлса, кўп эҳтимол билан у айнан ўзимиз тарафдан борган “тадбиркор”ларнинг қурбони бўлган, деган хулоса қилсангиз, адашмайсиз.

Мен доим “Россия нега меҳнат муҳожирлари учун яхши шароит яратмаяпти?” деган саволдан кўра “Нега шу одамлар ўз юртида иш билан таъминланмаяпти?” ёки “Нега фуқароларнинг чет элда хавфсиз меҳнат қилиши учун шароит яратилмаяпти?” деган саволни ўртага ташлашни яхши кўраман. Ҳар ҳолда, паспортимизнинг илк саҳифасида биз давлат ҳимоясида эканимиз ёзиб қўйилган. Россия эса бизнинг ҳар қандай шароитда, ҳар қандай ишни қилишга тайёр турганимизни кўрганидан кейин, албатта, шароитни яхшиламайди. Чунки, ҳақ-ҳуқуқ аввало бизга керак, Россия учун бу қўшимча мажбурият холос.

Россиядаги миллатчи русларга қайтсак. Сўнгги йилларда миллатчилик кучайганининг сабаби, менимча, оддий русларнинг ҳам ноқонуний муҳожирлардан тўйганидандир. Аниқроғи, миллатчилар бундан усталик билан фойдаланмоқда. Шу ўринда ўша биз ёмон кўрган Навальнийнинг таклифлари эътиборга молик. Ўтган йилги сайловолди кампанияси давомида у меҳнат муҳожирларининг ишга қабул қилинишини тартибга солиш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурган эди. Агар бу таклифлар ишга оширилганда, у ёққа борадиган ватандошларимиз тил синовидан, ишламоқчи бўлган ишига лойиқлиги бўйича бир қатор синовлардан ўтиши керак бўларди. Хуллас, меҳнат муҳожирлари қонун асосида ишлашга мажбур бўлар эди. Бу эса ноқонуний муҳожирлар ортидан миллионлаб фойда кўраётган амалдорларга ҳам, ўзимизнинг ўртамчиларга ҳам, “беғалва” ишлашни хуш кўрадиган кўпчилик ватандошларимизга ҳам керак эмас. Россия учун Марказий Осиё ҳали ҳамон собиқ империянинг қолоқ бир қисми, меҳнат муҳожирлари эса арзон ва ҳуқуқсиз ишчи кучи, холос.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий