Бош саҳифа / Сиёсат / Америкача Майдан

Америкача Майдан

9 ноябрь куни Дональд Трамп АҚШ президентлигига сайлангач, Россия жамоатчилиги ҳиссиётларга берилиб кетди: ярми Американи “дафн” этаётган бўлса, ярми америкаликлар ҳам Путинга ўхшаш одамни сайлаб, бизга ўхшаб қолганидан хурсанд. Дума депутатлари шунчалик хурсанд бўлишдики, бу хабарни қарсаклар билан кутиб олишди. Менимча, улар ҳали ўйлаб кўришлари керак.

Биринчидан, Американи “дафн” этишга ҳали эрта. Ҳатто Дональд Трамп каби одам ҳам асрлар давомида шаклланган, энг асосий элементи президент ким бўлишидан ва қандай йўл билан келганидан қатъи назар вақти келиб алмашишидан иборат тизимни бузишга қодир эмас. АҚШ президенти сайловлари бу Ким Чен Ин сайловлари эмас ва АҚШни ҳақиқий демократик давлат қилиб турган, сайловолди кампаниясини бошидан охиригача диққат билан кузатишга мажбур қилган нарса айнан шу. Америка демократияси ҳокимиятни исталган одамга топшириб, кейин у ким бўлишидан қатъи назар яна ҳокимиятни қайтариб олишга қодир.

Иккинчидан, Трампнинг президентликка сайланиши АҚШнинг Россияга умуман ўхшамаслигини ва рус парламентарийлари хаёлидаги атниутопиядан нақадар олис эканини кўрсатди.

Сайловолди кампанияси давомида, Маргарита Симонян ва у бошқараётган Russia Today АҚШ оммавий ахборот воситаларининг Трампга қарши ишлаётганини кўрсатиб, АҚШда сўз эркинлиги йўқ деган хулосага келишди. Тўғриси, уларнинг гапида ҳам маълум даражада жон бор, шу пайтгача ҳеч қачон АҚШ матбуоти бу даражада “пропаганда” чегарасига яқин келмаган эди. Гарчи, америкалик журналистлар бу ишни ҳеч кимнинг буйруғисиз, Трампга қарши чин дилдан гапиришган бўлса ҳам, назаримда, сал ошириб юборишди.

Энг қизиғи, шунча ҳаракатнинг бари ҳавога учди, АҚШ сайловчиси пропагандага умуман учмади ва ўзи хоҳлаганидек овоз берди.

Ўткан асрнинг 70-йилларида, халқ оқ билан қоранинг фарқига анча етиб қолган замонда, СССРда тизимга қарши чиққан, тизимдан озор чеккан одам жамиятнинг маълум бир қисмида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлар эди. Ҳозирги Россияда эса ундай эмас. Масалан, Андрей Макаревич, Алла Пугачева билан бир қаторда мамлакат рамзларидан бири бўлишига қарамай, пропаганда томонидан ёмонотлиқ қилингач, машҳурлиги дарров тушиб кетди, концертларига одамлар тушмай қўйди. Бугунги Россияда агар ҳукумат сизга қарши бўлса, бутун мамлакат сизга қарши деганидир. 70-йилларда СССР жамиятида протест потенциали бор эди, бугунги Россияда эса йўқ.

Бундай протест потенциали бугунги Америкада бор ва АҚШ масс-медиаси томонидан ер билан яксон қилинган одам бу протестнинг рамзига айланди. Дональд Трампнинг ғалабаси – бу ўша протестнинг манифестидир.

Сайловларда Трампдан кўра, сайловларнинг норасмий слоганига айланган “Fuck the system” шиори ғалаба қозонди. Матбуот қанчалик сайловчилар фикрини бошқа томонга оғдиришга ҳаракат қилса, матбуот ва у ҳимоя қилаётган тизимга нисбатан норозилик тўлқини шунчалик ортиб бораверди. Америка жамияти керак пайтда ўз сўзини ўтказа олади – у россиялик депутатлар кўриб ўрганган жамиятга умуман ўхшамайди.

Америкалик кўп бой танишларим Трампга овоз беришди. Сабабини сўраганимда: “Ҳа, у бўлар-бўлмас ваъдалар беряпти, бироз аҳмоққа ҳам ўхшайди, лекин, солиқларни оширмаслиги аниқ. Америка Обама давридаги сўл ҳаракатдан тўхтайди. Европача трендлар ортидан эргашишни бас қилади.” – деб жавоб беришди.  Трамп ёрдамида Америка яна капитализмга қайтади ва бу, албатта, иқтисодиётни анча соғломлаштиради. Чунки фақатгина рақобат, паст солиқлар, ўз кучи ва ресурларига ишонч жамият тўғри ривожланишининг гаровидир. Албатта, оддий америкалик учун Европа газеталари унинг президенти ҳақида нима ёзиши қизиқ. Лекин, ой охирида келадиган ҳисобдаги рақамлар ундан кўра муҳимроқ. Чунки ўзи ва оиласининг фаровонлиги учун президент эмас, у жавоб беради.

АҚШ сайловлари натижалари одатда бир неча штатлардаги кимга овоз беришни билмай турган сайловчиларнинг кичик қисмига боғлиқ. Сайловларни ютиш учун ана шу сайловчиларни бир ғоя атрофида тўплаш зарур. Обама Янги Америка, эркинлик ва гуманизм ғоялари атрофида демократлар ва республикачиларнинг бир қисмини жипслаштира олган бўлса, Трамп Американинг энг бой ва энг қолоқ қатламларини бирлаштира олди. Пиво ичиб, бейсбол кўриб ўтирган бақалоқ америкалик Трампнинг мексикаликлар ва қизлар ҳақидаги гаплардан таъсирланган бўлса, пулдорлар яхши солиқ тизими учун овоз беришди.

АҚШда ўткан сайловлар яна бир бор америкаликлар россияликларга ўхшамаслигини исботлади. Трамп ғалабаси америкаликлар Путинга ўхшаган мачони хуш кўради дегани эмас. Трамп ғалабаси – бу ўзига хос Майдан. Трампга овоз бериб жамият мавжуд тизимга сигнал берди ва бу сигнал манзилга етиб борди. Тизим саросимада ва Трампнинг қайта сайланишидан ёки 4 йилдан кейин шарманда бўлиб Оқ уйни тарк этишидан қатъи назар ўзгаришни бошлайди. Натижада тизим янада кучлироқ ва мукаммал кўриниш олади.

АҚШда ўтган сайловлар Россиядаги бугунги режим учун фойда беришига шубҳам бор. Сайловолди кампанияси давомида Трампни Путиннинг қўғирчоғи сифатида кўрсатишга уринишди. Энди Трамп ундай эмаслигини исботлаши керак бўлади. Уч йил аввал, санкциялар авжига чиққан пайтда, АҚШга борганимда, чегарачи Обама заифлигидан, Путинга бас келолмаётганидан кўнгли қолганини айтиб Путинни мақтаган эди. Трамп унинг кўнглини қолдирмаса керак.

Ксения Собчакнинг “Сноб.ру” сайтида эълон қилинган “Американский Майдан” мақоласи асосида тайёрланди.

Тавсия этамиз

Нега Россия АҚШга мағлуб бўлади?

Кеча ўқиганим Илья Варламовнинг навбатдаги блогпости менга ёқиб қолди ва уни таржима қилишга қарор қилдим. …

Добавить комментарий