Бош саҳифа / Жамият / Малала Юсуфзой — таълим учун курашга чиққан қиз

Малала Юсуфзой — таълим учун курашга чиққан қиз

Покистонлик Малала Юсуфзой исмли қиз ҳақида у Нобель мукофотига номзод сифатида кўрсатилганида илк бор эшитган эдим. Википедиадан таржимаи ҳолини ўқиб, бир кун шу қиз ҳақида блогимда мақола ёзишни ният қилиб қўйгандим. Лекин, баҳона, аниқроғи бунинг учун сабаб топилмай турган эди.

“Коммерсантъ”нинг The Daily Mail нашрига таяниб ёзишича, Малала Юсуфзойнинг “Мен Малала: таълим учун курашга чиққан ва Толибон томонидан яраланган қиз” (I Am Malala: The Girl Who Stood Up For Education and Was Shot By The Taliban) мемуар китоби Покистон хусусий мактаблари уюшмаси томонидан мамлакатнинг 40 мингга яқин хусусий мактабларида ўқувчилар учун таъқиқланган адабиётлар рўйхатига киритилган. Guardian Express эса, гап 152 минг мактаб ҳақида кетаётгани ҳақида хабар бермоқда. Давлат тасарруфидаги мактабларда ҳам китобни дарс дастурига киритиш мумкин эмас, лекин, мактаб кутубхонасида сақлашга руҳсат берилади.

КМ.RU сайтининг Покистон хусусий мактаблари уюшмаси бошлиғи Мирза Кошиф сўзларига иқтибосан ёзишича, бу китоб Ислом динидаги болаларга ёмон таъсир қилиши мумкин экан. Шунингдек, уюшма бошлиғи Малаланинг таржимаи ҳоли туширилган бу китобни “Ғарбнинг қуроли” сифатида баҳолаб, унинг Покистонга умуман алоқаси йўқлигини таъкидлаган.

Шу ўринда Малала Юсуфзойнинг ҳаётига ва унинг хуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолиятига батафсилроқ тўхталиб ўтсак.

Малала Юсуфзой 1997 йилнинг 12 июлида Покистоннинг Свот водийсидаги Мингора шаҳрида туғилган. 2009 йили 11 ёшли Малала журналист Абдулҳай Қарор тавсиясига биноан BBC (Би-Би-Си) сайтида блог юрита бошлаган. Ўз мақолаларида Юсуфзой Толибон томонидан босиб олинган ватанидаги ҳаёт ҳақида ёзган. Шунингдек у New York Times томонидан суратга олинган хужжатли фильмда ҳам иштирок этиб, толиблар томонидан аёллар ва қизларнинг камситилиши ҳақида сўзлаган.

2012 йилнинг 9 октябрида у Толибон жангариси томонидан бошидан яраланади. Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳридаги Қиролича Елизавета шифохонасида ўтказилган икки мураккаб жарроҳлик амалиёти ёрдамида унинг ҳаёти сақлаб қолинади.

2013 йилнинг 12 июлида Малала Юсуфзой Бирлашган Миллатлар Ташкилотида қизларнинг билим олишининг муҳимлиги мавзуида нутқ сўзлаган.

Шу кунгача 16 ёшли бу қиз бир қатор мукофотларга лойиқ кўрилган. 2011 йили Покистон ҳукумати уни “Миллий тинчлик мукофоти” билан тақдирлаган бўлса, ўша йилнинг ўзида у “Халқаро болалар тинчлик мукофоти”ни қўлга киритган. 2013 йилнинг 17 сентябрь куни Малала Amnesty International ташкилоти томонидан тақдирланган. Шу йилнинг 5 октябрида Лондонда Анна Политковская номидаги мукофот билан тақдирланган Юсуфзойга 8 октябрь куни машхур футболчи Дэвид Бэкхем “Британия ифтихори” унвонини топширган. Малала Юсуфзой 2013 йили тинчлик йўналишидаги Нобель мукофотига номзодлар рўйхатига киритилди.

Шу йилнинг октябрь ойида Буюк Британияда Малала Юсуфзойнинг британиялик журналист Кристина Лэмб кўмагида ёзган Мен Малала: таълим учун курашга чиққан ва Толибон томонидан яраланган қиз” (I Am Malala: The Girl Who Stood Up For Education and Was Shot By The Taliban) автобиографик китоби нашрдан чиқди.

Айни дамда Малала Юсуфзой оиласи билан Буюк Британияда истиқомат қилади. Ёш хуқуқ ҳимоячиси Покистонга қайтиш ва қизлар учун реабилитация маркази очиш орзуси ила яшамоқда.

P.S. 2014 йили Малала Юсуфзой Нобель мукофотини қўлга киритди.

Тавсия этамиз

Эллардайс, журналистика ва ватанпарварлик ҳақида

Кеча Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайс коррупцион можаролар ортидан истеъфога чиқарилди. Бу воқеа …

Добавить комментарий