Бош саҳифа / Дилдаги гаплар / Адабиёт яшаса — миллат яшар

Адабиёт яшаса — миллат яшар

Шанба (12 декабрь) куни Сузоқдаги Ҳамид Олимжон номли мактабда ўтказилган бир тадбирда қатнашдим. Ўш Давлат Университети домлалари мустақиллик йилларида Қирғизистон жанубида ижод қилган ва қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг асарларини тўплаб, китоб чиқаришибди. “Адабиёт гулшани” номли бу адабий альманахда 50 дан зиёд ижодкорларнинг асарлари берилган. Чингиз Айтматов ва Ҳамид Олимжон таваллуд куни баҳонасида ана шу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Очиғи, Қирғизистонда шунча ўзбек шоир ва ёзувчилари борлигидан бехабар эканман. Нафақат мен, китоб яратилиши ҳақидаги ҳикоядан маълум бўлдики, китоб тузувчилари ҳам ўзбекзабон ижодкорлар сони бунча кўп бўлишини кутишмаган. Лекин, китобнинг дунёга келиши осон бўлмаган. Ҳомий излаб, анча сарсон бўлишган. Нима мақсадда тузилгани ва нима иш билан машғул экани номаълум “Ўзбек миллий-маданий маркази”дан садо чиқмагач, бир амаллаб 400 та китоб чоп этишга етарли маблағ топишган.

Қирғизистон жанубидан ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга бир қатор ижодкорлар етишиб чиққан. Шавкат Раҳмон, Мирзакалон Исмоилий ва Турсунбой Адашбоев ана шулар жумласидан. Бугунги кунда ҳам шу анъана тўхтаб қолмагани ва Қирғизистондаги ўзбек адабиёти яшаётгани, ривожланаётгани, албатта, қувонарли ҳолат. Айниқса, 2010 йилги воқеалар ортидан ўзбек тили ўзбеклар орасида ҳам анча “мода”дан қолиб, ҳамма боласини рус мактабига беришга ошиқиб юрган бир замонда.

Бу китоб нафақат шоир ва ёзувчиларни ўқувчига, балки уларнинг ўзини бир-бирига танитишда ҳам ўрни катта. Бу ўз навбатида уларга илоҳом бағишлаб, янада яхши асарлар яратилишига сабаб бўлса, ажаб эмас. Умуман, юқорида айтиб ўтганимдек, Қирғизистонда ўзбек адабиёти яшашда ва ривожланишда давом этаётгани қувонарли ва жуда муҳимдир. Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса – миллат яшар.

Табдирда жуда кўп яхши гаплар айтилди. Менга энг ёққан гап Сузоқдаги кутубхона мудираси тегишлидир. Ўзининг Навоий ва Қодирий асарларини ўқиб катта бўлганини айтган “эже” кутубхонага мустақиллик йилларида ўзбекча бадиий китоб олиб келиш имконсиз бўлиб қолганидан нолиди. Ваҳолангки, кутубхонага келадиганларнинг 90 фоизи ўзбек миллатига мансуб китобхонлар. “Янги китоб сўраб келганларга Совет даврида олиб келиган эски китоб таклиф қилишдан бошқа иложимиз йўқ. Бу ерда Тошкентдан келган меҳмон (ҳозирда Тошкентда истиқомат қилувчи, асли сузоқлик публицист Ёқубжон Хўжамбердиев ҳам тадбирда қатнашди) борлигидан фойдаланиб, шу масалани кўтаришни маъқул топдим” – деди кутубхона мудираси.

Ўш ва Ўзгандан келган ҳофизларнинг куй ва қўшиқлари кайфиятни янада кўтарди. Бир ўқитувчи таъкидлаганидек, торда айтилган жонли қўшиқ, барибир, бошқача таъсир қилар экан одамга.

Хуллас, шу куни уйга “Адабиёт гулшани” китобидан битта қўлтиқлаб, яхши кайфиятда қайтиб келдим. Фақат фотоаппаратимни ўзим билан олмаганим бироз кўнгилни хира қилди.

Тавсия этамиз

Ёпишмаган гажаклар ва тўл(дирил)маган абзацлар

Жинпинг. Цзиньпинь. Хуллас шу одамнинг исми-шарифининг ўзбекчада қандай ёзилиши борасида “асосан дунё кўрган, чет тилидаги …

Добавить комментарий